Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қирғизистон Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталади,
иқтисодий, савдо ва бошқа муносабатлардаги техникавий тўсиқларни бартараф этишда стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштиришнинг ўрнини ҳисобга олиб,
уларнинг инсон ҳаёти ва саломатлиги хавфсизлигини таъминлаш ишидаги, шунингдек атроф муҳитни муҳофаза қилишдаги аҳамиятини тушуниб,
чамбарчас техник ҳамкорликдан манфаатдор бўлган ҳолда, қуйидагилар тўғрисида аҳдлашдилар:
1-модда
Томонлар стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш миллий тизимларини шакллантириш ва уларнинг мавжуд бўлишида тўлиқ мустақилликка эга бўлган ҳолда:
стандартлаштиришнинг давлат тизимларини, ўлчов бирликларини таъминлаш тизимларини ва сертификатлаштириш миллий тизимларини ўзаро тан оладилар ҳамда уларни такомиллаштиришда энг кўп даражада уйғунликка интиладилар;
физик миқдорлар бирликлари миллий эталонларини тан оладилар, энг кўп қулайлик режимида улардан ўзаро фойдаланишга йўл қўядилар;
ўлчов бирликлари Давлат реестрларини, моддалар ва материаллар таркиби ва хоссаларининг стандарт намуналарини, синовлар ва турларини тасдиқлаш, метеорологик аттестациялар, ўлчов воситаларини текшириш ва калибрлаш натижаларини ўзаро тан оладилар;
давлатларда аккредитация қилинган синов, текшириш, калибрлаш ва ўлчаш лаборатория (марказ)ларини, сертификатлаштириш органларини, ўзаро етказиб бериладиган маҳсулот ва ўлчов воситаларининг сертификатларини ва мувофиқлик белгиларини тан оладилар.
2-модда
Томонлар, зарурат бўлганда, Ўзбекистон Республикаси давлат стандартларини Қирғизистон Республикаси ҳудудида ва тегишли равишда, Қирғизистон Республикаси давлат стандартларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллашлари мумкин.
3-модда
Томонлар ахборотни, норматив ҳужжатларни (кўрсаткичлар, стандартлар, техник шартлар ва стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш бўйича бошқа норматив ҳужжатларни) текин ўзаро тақдим этадилар.
4-модда
Мазкур Битимда назарда тутилган ишларни мувофиқлаштириш ва уларни амалга ошириш:
Ўзбекистон Республикасида — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон давлат стандартлаштириш, метрология ва сертификация марказига юкланади;
Қирғизистон Республикасида — Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ҳузуридаги стандартлаштириш ва метрология Давлат инспекциясига.
5-модда
Томонлар томонлардан бири аъзо ҳисобланган халқаро ташкилотларда қатнашишда ёки уларга киришда бир-бирларига ёрдам кўрсатадилар.
6-модда
Томонлар, агар ахборотни берувчи орган уларнинг махфий тусдалигини хабардор қилган бўлса, олинган ҳужжатнинг ва ушбу Битим доирасида амалга ошириладиган ишлар тўғрисидаги ахборотнинг ҳамда эришилган илмий-техникавий натижаларнинг махфийлигини таъминлайдилар.
7-модда
Ҳамкорлик давомида Томонлардан бири олган илмий-техникавий ахборотдан, агар бошқа Томон унинг махфийлиги тўғрисида огоҳлантирмаган бўлса, эркин фойдаланиши мумкин. Ушбу ахборот учинчи мамлакатга уни берган Томоннинг розилиги билан берилиши мумкин.
8-модда
Томонлар стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасида кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда, мутахассисларни айирбошлашда, норматив-техник ҳужжатлар, ўқув қўлланмалари, методик ҳужжатларни тайёрлаш, метрология ва сертификатлаштиришга доир ишларни ташкил этиш бўйича корхоналар, тадбиркорлар, жамоат ташкилотлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатишда ўзаро ҳамкорлик қиладилар ҳамда ҳамкорлик учун қулай шароитлар яратадилар.
9-модда
Мазкур Битим қоидалари, зарурат бўлганда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон давлат стандартлаштириш, метрология ва сертификация маркази билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ҳузуридаги стандартлаштириш ва метрология Давлат инспекцияси ўртасида тузиладиган қўшимча битимлар ва протоколлар билан аниқлаштирилади.
10-модда
Томонлар ўртасидаги мазкур Битимни талқин қилишга оид низолар ўзаро маслаҳатлашувлар ва турли даражалардаги музокаралар йўли билан ҳал этилади.
11-модда
Мазкур Битим илгари аҳдлашувчи Томонлар учинчи мамлакатлар билан стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасида тузган бошқа битимларнинг амал қилишига дахл қилмайди.
12-модда
Мазкур Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради. Мазкур Битим 10 йил муддатга тузилади ҳамда аҳдлашувчи Томонлардан бири тегишли давр тамом бўлишидан камида олти ой олдин унинг амал қилишини тўхтатиш ҳақидаги ўз ниятини бошқа аҳдлашувчи Томонга ёзма равишда хабар қилмагунича кейинги ўн йиллик даврларга ўз-ўзидан узайтирилади.
1996 йил 24 декабрда Тошкент шаҳрида ҳар бири ўзбек, қирғиз ва рус тилларида бўлган икки нусхада тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эгадир.
Мазкур Битимнинг қоидаларини талқин қилиш мақсадларида рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)