Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан оқилона фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қирғизистон Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталади,
атроф муҳитни муҳофаза қилишга ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга катта аҳамият бериб ҳамда ҳамкорликни амалга ошириш йўли билан ушбу соҳада амалий натижаларга эришишни истаб,
ҳозирги ва келажак авлодларнинг манфаатларини ҳисобга олиб иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришни амалга ошириш учун атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва унинг ҳолатини яхшилашнинг, табиат ресурсларидан эҳтиёткорлик ва тежамкорлик билан фойдаланишнинг аҳамиятини англаб,
инсоннинг атроф муҳитнинг ҳаёт учун қулай бўлишига бўлган ҳуқуқини амалга оширишни истаб,
мамлакатларнинг ҳар бирида атроф муҳитни муҳофаза қилишнинг умумий муаммоларини ҳал этиш ишида ҳамкорлик қилиш уларнинг ўзаро манфаатига мос келишига ишонч билдириб, мана шу ҳамкорлик йўли билан умумбашарий ва минтақавий даражаларда барқарор ривожланишнинг асоси сифатида атроф муҳитни муҳофаза қилиш, яхшилаш ва табиатдан оқилона фойдаланиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларга янада кўмаклашишни истаб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашдилар:
1-модда
Томонлар ҳар иккала давлатнинг миллий қонунчилиги ва ушбу мақсадларга ажратиладиган молиявий маблағлар доирасида тенг ҳуқуқлилик, ўзаро фойда кўриш асосида атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантирадилар.
2-модда
Томонлар қуйидаги соҳаларда ҳамкорликни амалга оширадилар:
а) атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланишни норматив-ҳуқуқий тартибга солиш;
б) атроф муҳит ифлосланишини назорат қилиш усуллари, воситалари ва асбоблари;
в) табиатдан фойдаланишнинг иқтисодий механизми;
г) қўриқхона иши ва биологик хилма-хилликни сақлаш, шу жумладан чегара зонасида; биоресурсларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш;
д) тупроқни муҳофаза қилиш ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш;
е) ер ости бойликларини муҳофаза қилиш ва минерал ресурслардан оқилона фойдаланиш;
ж) кон қазиш корхоналарининг чиқиндиларини йўқотиш ва зарарсизлантириш;
з) ҳаво ҳавзасини муҳофаза қилиш;
и) сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларнинг ифлосланишининг олдини олиш, сувдан пулли фойдаланиш механизмини белгилаш;
к) Фарғона водийсининг тоғли ва тоғ олди районларида жойлашган ҳамда маҳаллий аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига хавф солувчи заҳарли ва радиоактив чиқиндиларни нейтраллаштириш, зарарсизлантириш, хавфсиз йўқотиш ва кўмиш;
л) потенциал трансчегара таъсирига эга бўлган объектлар учун қўшма экологик экспертизалар ўтказиш;
м) экологик жиҳатдан соф, ресурсларни тежовчи технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш, ушбу соҳада танишишга рухсат бериш;
н) шаҳарларда атроф муҳитни яхшилаш;
о) иқлимнинг глобал исиб кетишининг олдини олиш;
п) ҳамкорликнинг бошқа соҳалари кейинчалик келишилиши мумкин.
3-модда
Томонларнинг ҳамкорлиги доимий асосда қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
а) атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатларни, шунингдек бошқа ахборотни айирбошлаш;
б) қўшма экологик экспертизалар, илмий тадқиқотлар ўтказиш, тажриба алмашиш мақсадида мутахассислар стажировкаларини ўтказиш;
в) табиатни муҳофаза қилиш фаолиятини фаоллаштириш юзасидан конференциялар, симпозиумлар ва бошқа тадбирларни биргаликда ўтказиш, экологик билимларни тарғиб қилиш ва шу йўналишларда аҳолини тарбиялаш;
г) трансчегара аҳамиятига эга бўлган лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш.
Кейинчалик ҳамкорликнинг бошқа шакллари келишилиши мумкин.
4-модда
Томонлар мазкур Битимни бажариш учун ҳар икки давлатнинг табиатни муҳофаза қилиш идораларига мазкур Битим доирасида чора-тадбирлар мажмуи бўйича таклифлар тайёрлаш ва уларни амалга ошириш ваколатини берадилар.
Томонлар мазкур Битим қандай амалга оширилаётганлиги тўғрисида бир-бирларига мунтазам равишда ахборот бериб турадилар.
5-модда
Томонлар атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳар иккала давлатнинг турли органлари, муассасалари ва алоҳида шахслари ўртасидаги ҳамкорликка кўмаклашадилар.
6-модда
Мазкур Битим қоидалари ушбу битим имзолангунгача ва ундан кейин тузилган икки давлат ҳамкорлигига тегишли бўлган бошқа аҳдлашувларга дахл қилмайди.
7-модда
Томонлар мазкур Битим доирасида самарали ҳамкорлик қилиш мақсадида мазкур Битимдан келиб чиқувчи масалалар бўйича маслаҳатлашадилар.
8-модда
Мазкур Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва беш йил давомида амал қилади ҳамда кейинчалик бир Томон иккинчи Томонни ўзининг мазкур Битимнинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида хабардор қилган кундан бошлаб олти ой ўтгунга қадар кучда бўлади.
1996 йил 24 декабрда Тошкент шаҳрида ҳар бири ўзбек, қирғиз ва рус тилларида бўлган икки нусхада тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эгадир. Англашилмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда рус тилидаги матн асос қилиб олинади.
(имзолар)