Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Валюта ва экспортни тартибга солиш соҳасида ахборот айирбошлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қирғизистон Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталади,
валюта ва экспорт қонунчилиги соҳасидаги қонунбузишларга қарши кураш олиб бориш самарадорлигини ошириш мақсадида ҳаракат қилиб, шунингдек халқаро ҳамжамиятнинг ғайриқонуний олинган капиталларнинг легаллашувига қарши кураш бўйича саъй-ҳаракатларига катта аҳамият бериб,
Томонларнинг валюта ва экспортни тартибга солишни амалга оширувчи ваколатли органлари ўртасида ҳамкорлик зарурлигини тан олиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашдилар:
1-модда
Ваколатли органлар, Томонларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ, қуйидагиларни амалга оширадилар:
1) Ҳуқуқий тусдаги ахборотни айирбошлаш (валюта, экспорт-импорт ва бошқа ташқи иқтисодий операциялар соҳасидаги миллий қонунчилик).
2) Валюта ва экспортни тартибга солиш соҳасидаги тажрибани айирбошлаш.
2-модда
Ахборот айирбошлаш Томонларнинг ваколатли органлари томонидан йўлланадиган, зарур тартибда расмийлаштирилган сўровлар асосида амалга оширилади.
Мазкур Битим доирасида олинган ахборотни учинчи томонга бериш зарур бўлган тақдирда ушбу ахборотни берган Томоннинг ёзма розилиги талаб этилади.
3-модда
Амалий ёрдам кўрсатиш:
ҳуқуқий мақоми ва функцияси Томонларнинг ваколатли органлари томонидан белгиланадиган амалий ташрифларни ташкил этишга, вакилларни айирбошлашга кўмаклашиш;
семинарлар ўтказиш;
методик тавсияларни ишлаб чиқиш ва алмашиш;
ва бошқа шакллар орқали амалга оширилади.
4-модда
Мазкур Битимни амалга ошириш мақсадида ҳар иккала Томоннинг ваколатли органлари Томонларнинг ўзаро алоқаси тартибини белгилаб берувчи протоколларни имзолайдилар.
5-модда
Томонлар ҳамкорликни қонунийлик, ўзаролилик, оперативлик ва махфийлик принциплари асосида амалга оширадилар.
6-модда
Мазкур Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради ҳамда унга ҳар иккала Томоннинг розилиги билан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
7-модда
Битимнинг амал қилиши Томонлардан бири бошқа Томоннинг Битимнинг амал қилишини тўхтатиш нияти ҳақидаги ёзма билдиришномасини олган кундан бошлаб уч ой ўтгандан кейин тўхтатилади.
1996 йил 24 декабрда Тошкент шаҳрида ҳар бири ўзбек, қирғиз ва рус тилларида бўлган икки асл нусхада тузилди, бунда барча матнлар бир хил юридик кучга эгадир.
Битим матнини талқин қилишда англашилмовчиликлар келиб чиққан тақдирда рус тилидаги матн асос қилиб олинади.
(имзолар)