Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми
Қарори
Хўжалик судлари томонидан видеоконференцалоқа режимида суд мажлисларини ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси нормаларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида
Кейинги таҳрирга қаранг.
Хўжалик судларининг видеоконференцалоқа режимидаги мажлисини ўтказишда судлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси нормаларида белгиланган қоидаларнинг тўғри ва бир хилда қўлланилишини ҳамда ишда иштирок этувчи шахсларнинг ўз процессуал ҳуқуқларидан тўлақонли фойдаланишларини таъминлаш мақсадида «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 47-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми қарор қилади:
Кейинги таҳрирга қаранг.
1. Судларга тушунтирилсинки, хўжалик судлари томонидан видеоконференцалоқа режимида суд мажлисларини ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси (бундан буён матнда — ХПК деб юритилади) нормаларига, бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 2014 йил 21 августдаги 83-сон қарори билан тасдиқланган «Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Вақтинчанлик низомга (бундан буён матнда — Низом деб юритилади) амал қилишлари лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Судлар назарда тутишлари лозимки, видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлиси деганда, реал вақт режимида телекоммуникация технологиялари ёрдамида аудио- ва видео- ахборотлар алмашинуви имкониятларидан фойдаланган ҳолда ишни кўраётган суд ва суд мажлисини ўтказишга кўмаклашаётган суд ўртасидаги интерактив ўзаро таъсир қилиш йўли билан масофадан суд мажлисини ўтказиш тушунилади.
Ишни кўраётган хўжалик суди деганда, хўжалик иши иш юритувида бўлган хўжалик суди тушунилади. Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган хўжалик суди деганда, видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказиш учун техник ва бошқа шароитларни таъминлаётган ва ишни кўраётган хўжалик суди ҳудудидан ташқарида жойлашган Ўзбекистон Республикаси хўжалик суд(лар)и тушунилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этиш ҳуқуқи биринчи инстанция судидаги каби, апелляция ва кассация инстанциялари суд мажлисларида ҳам амалга оширилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Судларга тушунтирилсинки, видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлиси ХПКнинг 10-моддасига асосан ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда олиб борилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Суд ишлари олиб борилаётган тилни билмайдиган суд иштирокчиларининг таржимон ёрдамида суд ишларида иштирок этиш ҳамда ўз она тилида сўзлаш ҳуқуқи таъминланади.
Бунда, таржимон билан таъминлаш видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашувчи хўжалик суди томонидан амалга оширилади. Ушбу суд таржимонга ХПКнинг 48-моддасида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятларни тушунтирганлиги ҳақида тилхат олади ва ишни кўраётган судга юборади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. ХПК 1261-моддасига мувофиқ, ишда иштирок этувчи шахслар ва хўжалик судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишлари мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Судлар эътиборга олишлари керакки, ишда иштирок этувчи шахслар ва хўжалик судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларининг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишлари уларнинг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқи ҳисобланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6.1. Мазкур ҳуқуқни амалга оширишнинг зарурий шарти ишда иштирок этувчи шахслардан лоақал биттаси бошқа маъмурий-ҳудудий бирлик (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) ҳудудида, яъни ишни кўраётган хўжалик суди жойлашган ҳудуддан ташқарида жойлашган бўлиши лозимлиги ҳисобланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6.2. ХПК 1261-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларнинг видеоконференцалоқа режимида хўжалик суди мажлисида иштирок этиш ҳуқуқи ишни судда кўришга тайёрлаш ёки ишни кўришни бошқа кунга қолдириш ҳақидаги ажримда кўрсатилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6.3. Ишни судда кўришга тайёрлаш ёки ишни кўришни бошқа кунга қолдириш тўғрисидаги ажримда ишни кўраётган суд жойлашган ҳудуддан ташқарида бўлган ишда иштирок этувчи шахсларга ишни кўраётган судга ҳозир бўлиш йўли билан суд мажлисида бевосита иштирок этиш ҳуқуқи ҳамда улар жойлашган ҳудуддаги хўжалик судига ҳозир бўлиш йўли билан видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этиш ҳуқуқи тушунтирилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6.4. Ишни судда кўришга тайёрлаш ёки ишни кўришни бошқа кунга қолдириш ҳақидаги ажрим нусхаси ишда иштирок этувчи шахслардан ташқари видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган тегишли хўжалик суд(лар)га юборилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6.5. Ишда иштирок этувчи шахслар ишни судда кўришга тайёрлаш ёки ишни кўришни бошқа кунга қолдириш ҳақидаги ажримни олгандан сўнг, ишни кўраётган ёки видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган суд(лар)га видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишга хоҳиши ҳақида оғзаки ёки ёзма шаклда маълум қилишга ҳақли. Бироқ, ишда иштирок этувчи шахслар томонидан бундай маълумотнинг тақдим этилмаслиги уларни видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.
6.6. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг бири томонидан видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга эътироз билдирилиши ишда иштирок этувчи бошқа шахсларни видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди, ИПК 11-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
7. ХПК 126-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, иш хўжалик судининг мажлисида кўрилади. Хўжалик судининг мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Иш муҳокамаси ХПКнинг 126-моддаси қоидаларига асосан, ушбу бандда назарда тутилган хусусиятлар инобатга олинган ҳолда амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7.1. Ишни кўраётган суд ишда иштирок этувчи шахслар ва хўжалик судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларининг ишни кўраётган судда ва суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган судга ҳозир бўлганликларини ҳамда уларнинг ваколатларини текширади. Бунда ишни кўраётган суд мазкур шахсларнинг видеоконференцалоқа режимида суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган судда ҳозир бўлганликларини ва уларнинг ваколатларини ушбу судга тақдим қилинган ва белгиланган тартибда алоқа воситалари орқали узатилган ҳужжатларни ўрганиш ва баҳолаш йўли билан текширади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7.2. Ишда иштирок этувчи шахслар ва хўжалик судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари видеоконференцалоқа режимида суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган судга келмаган ҳолларда, ишни кўраётган суд, процесс иштирокчилари суд мажлиси вақти ва жойи ҳақида тегишли тартибда хабардор қилинган тақдирда, суд мажлисини оддий режимда ўтказади ёхуд иш кўришни бошқа кунга қолдириш ҳақида ажрим чиқаради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7.3. Мажлисга раислик қилувчи судья ишда иштирок этувчи шахсларга ва хўжалик судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларига уларнинг процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шунингдек Низомда назарда тутилган видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказиш билан боғлиқ техник хусусиятларни тушунтиради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7.4. ХПК 128-моддасининг биринчи қисмига кўра, хўжалик суди ишни кўришда иш бўйича далилларни текширади, хусусан ёзма далиллар билан танишади, ашёвий далилларни кўздан кечиради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Шу сабабли видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлиси давомида тақдим этилган ёзма далиллар, ёзма шаклда берилган илтимосномалар видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган суднинг ахборот-коммуникация технологиялари бўйича ходими томонидан сканер ускунаси ва алоқа воситалари орқали ишни кўраётган судга дарҳол юборилади.
7.5. Ишда иштирок этувчи шахслар томонидан суд муҳокамаси давомида тақдим этилган ва ишни кўраётган суд томонидан қабул қилинган ашёвий далиллар (видеоёзув, аудиоёзув, фотография ва бошқалар)ни техник воситалар ёрдамида ахборот-коммуникация технологиялари бўйича ходим намойиш этади.
7.6. Суд муҳокамаси давомида ишда иштирок этувчи шахслар томонидан видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган судга тақдим этилган ёзма, ашёвий ва бошқа далиллар кейинги иш кунидан кечиктирилмасдан илова қилинаётган ҳужжатлар ёки бошқа далилларнинг рўйхати кўрсатилган ҳолда кузатув хати билан Давлат фельдъегерлик хизмати орқали ишни кўраётган судга юборилади.
7.7. Суд муҳокамаси давомида видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган судга тақдим этилган ёзма, ашёвий ва бошқа далиллар ишни кўраётган судга келиб тушгандан сўнг суд мажлиси котиби томонидан белгиланган тартибда иш ҳужжатларига қўшиб қўйилади.
8. ХПК 8-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, давлат сирларини ёки тижорат сирини сақлаш зарур бўлган тақдирда, ишни ёпиқ мажлисда кўришга йўл қўйилади. Шу муносабат билан судлар инобатга олишлари керакки, тарафлар томонидан ишни ёпиқ суд мажлисида кўриш ҳақида илтимоснома берилган ва у суд томонидан қаноатлантирилган ҳолда ёки ишни ёпиқ суд мажлисида кўриш учун бошқа зарурият туғилганда суд мажлиси фақат оддий режимда ўтказилиши мумкин, чунки видеоконференцалоқа режимида ёпиқ суд мажлисини ўтказишга йўл қўйилмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9. ХПК 128-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ, ҳар бир ишни кўриш дам олиш учун белгиланган вақтдан ташқари узлуксиз давом этади. Алоҳида ҳолларда хўжалик суди мажлисда уч кундан ошмаган муддатга танаффус эълон қилишга ҳақли.
Судлар инобатга олишлари керакки, алоҳида ҳол бўлиб, шу жумладан ишни кўриб бўлмайдиган даражада алоқа сифатининг ёмонлашуви ҳисобланади. Бундай ҳолда мажлисга раислик қилувчи судья техник сабабларга кўра видеоконференцалоқанинг сифат даражаси тиклангунга қадар танаффус эълон қилиши мумкин. Бунда ХПКнинг 128-моддасида белгиланган умумий қоидаларга мувофиқ, хўжалик суди иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилингунига ёки ишни кўриш кейинга қолдирилгунига қадар бошқа, шу жумладан видеоконференцалоқа режимида ишларни кўришга ҳақли эмас.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10. ХПК 131-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, хўжалик суди ишни шу мажлисда кўриш мумкин бўлмаган тақдирда, шу жумладан ишда иштирок этувчи шахслар, гувоҳлар, экспертлар ва таржимонлардан бири келмаганлиги ёки қўшимча далиллар тақдим этиш зарурлиги сабабли ёхуд видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказиш вақтида видеоконференцалоқа ўрнатишнинг имкони бўлмаган тақдирда ишни кўришни кейинга қолдиришга ҳақли.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Видеоконференцалоқа ўрнатишнинг имкони бўлмаганлиги деганда, ишни кўриш жараёнида техник носозликлар, шунингдек электр энергияси етказиб берилишидаги узилишларнинг юзага келиши тушунилиши лозим.
Видеоконференцалоқа ўрнатишнинг имконини йўқотишга олиб келган техник носозликлар ва электр энергиясини етказиб беришдаги узилишлар юзага келганда, ишни кўраётган суд ишни кўришни бошқа кунга қолдириши лозим.
Суд мажлиси видеоконференцалоқа ўрнатиш имконининг бўлмаганлиги сабабли қолдирилганда, ишни кўраётган суд бошқа алоқа воситаси орқали видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган суднинг ахборот-коммуникация технологиялари бўйича ходимини, бу ходим эса, ўз навбатида, суд мажлисига келган ишда иштирок этувчи шахсларни янги суд мажлисининг куни ва вақти ҳақида тилхат орқали хабардор қилади.
11. Судлар шуни ҳисобга олишлари керакки, ишда иштирок этувчи тарафлардан бири суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказишга кўмаклашадиган судга келган бўлиб, лекин ишни кўраётган суд низони видеоконференцалоқа ўрнатишнинг имкони бўлмаганлиги сабабли оддий режимда мазмунан ҳал қилган бўлса, бу ҳолат ишни тарафлардан бирининг иштирокисиз кўришда ифодаланган процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши сифатида баҳоланади ва суд ҳужжатини бекор қилишга асос бўлади.
Шу билан бирга, видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган судга келган ишда иштирок этувчи шахсларнинг ишни уларнинг иштирокисиз кўришга ёзма розилиги бўлса, суд ишни оддий режимда мазмунан кўришга ҳақли.
12. Ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш натижалари бўйича хўжалик судининг суд ҳужжати ХПКнинг 18 ва 19-боблари қоидалари бўйича, ушбу бандда назарда тутилган хусусиятлар инобатга олинган ҳолда қабул қилинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
12.1. Иш бўйича далилларни текшириш тугаганидан кейин, суд ҳал қилув қарори қабул қилиш учун, видеоконференцалоқа режимидаги суд муҳокамаси ўтказилган хонадаги процесс иштирокчилари чиқиб кетмаган ҳолда, алоҳида хонага чиқиб кетади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
12.2. Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказиш натижалари бўйича қабул қилинган суд ҳужжатининг кириш қисмида суд муҳокамаси видеоконференцалоқа режимида ўтказилганлиги ҳақидаги маълумот кўрсатилади.
13. Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган суд, суд мажлиси учун белгиланган вақтда ишда иштирок этувчи шахсларга видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этиши учун шароит яратишга, шу жумладан:
алоқа воситаларининг узлуксиз ишлашини;
суд муҳокамаси давомида ишда иштирок этувчи шахслар томонидан ХПКнинг 127-моддасида белгиланган талабларга риоя этилишини;
Кейинги таҳрирга қаранг.
ишни кўраётган судга ишда иштирок этувчи шахслар томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг нусхаларини ўз вақтида узатилишини;
иш бўйича далилларнинг ўз вақтида (суд мажлисининг кейинги кунидан кечиктирмай) ишни кўраётган судга юборилишини таъминлаши шарт.
Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказиш билан боғлиқ техник ҳаракатлар Низомга мувофиқ амалга оширилади.
14. ХПК 134-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилган тақдирда, баённомада бу ҳақдаги маълумот кўрсатилиши керак.
Шу сабабли, суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилган тақдирда, суд мажлиси баённомасида ХПКнинг 134-моддасида назарда тутилганлардан ташқари:
суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилганлиги;
видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган суднинг номи;
ишни кўраётган ва видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашаётган судда ҳозир бўлган ишда иштирок этувчи шахслар ва хўжалик судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари келганлиги тўғрисидаги маълумотлар;
видеоконференцалоқа режимида суд мажлиси ўтказишга кўмаклашадиган суднинг ва ишни кўраётган суднинг ахборот-коммуникация технологиялари бўйича ходимлари ҳақидаги маълумотлар ҳам кўрсатилиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
15. ХПКнинг 90-моддасига мувофиқ суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ харажатлар суд харажатлари таркибига киради ва фақат ишни кўриш натижалари бўйича ундирилиши лозим. Судлар инобатга олишлари лозимки, ушбу харажатларнинг тўланмаганлиги даъво аризасини қайтариш учун асос бўлмайди. Суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ харажатлар тарафлар ўртасида ХПК 95-моддасининг биринчи қисмига асосан тақсимланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олий хўжалик суди раиси К.КАМИЛОВ
Олий хўжалик суди Пленумининг котиби, судья К. ДАВЛЕТОВА
Тошкент ш.,
2014 йил 28 ноябрь,
270-сон