Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо операциялари мониторингини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2014 йил 21 июлдаги 199-сон қарорига қўшимча киритиш ҳақида
Давлат сирлари тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган ташқи савдо контрактлари бўйича ахборотларнинг зарур даражада сақланишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо операциялари мониторингини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2014 йил 21 июлдаги 199-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2014 й., 7-сон, 74-модда) қуйидаги мазмундаги 31-банд қўшилсин:
«31. Давлат сирлари тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган ташқи савдо контрактлари Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритилмайди.
Давлат сирлари тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган ташқи савдо контрактлари, шунингдек ушбу контрактларни бажариш билан боғлиқ ҳужжатлар божхона хизмати органларига ва хизмат кўрсатувчи банкка белгиланган тартибда тақдим этилади.
Давлат сирлари тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган ташқи савдо контрактлари бўйича юк божхона декларациялари божхона хизмати органлари томонидан қоғоз шаклида расмийлаштирилади. Бундай контрактлар бўйича тўловлар ва маблағларни ўтказиш хизмат кўрсатувчи банклар томонидан контракт шартларига мувофиқ амалга оширилади.
Давлат сирлари тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган ташқи савдо контрактлари бўйича муддати ўтган дебиторлик қарзлари тўғрисида ва валюта операциялари мониторинги масалалари бўйича валюта назорати органлари ва банклар ўртасидаги ахборот алмашуви белгиланган тартибда амалга оширилади».
2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2014 йил 31 декабрь,
374-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 1-сон, 6-модда)