Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2015 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2014 йил 4 декабрдаги ЎРҚ-379-сон Қонуни)
Ўзбекистон Республикасининг «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2015 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2014 йил 4 декабрдаги ЎРҚ-379-сон Қонунига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. 2015 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2014 йил 31 декабрь,
372-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 31 декабрдаги 372-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 2015 йил 1 январдан бошлаб киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 19 февралдаги 30-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2010 й., 2-сон, 11-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси тўғрисидаги низомда:
а) 7-бандда:
қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши қўшилсин:
«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 12-моддаси «б»-»ж»-бандларига мувофиқ тайинланган имтиёзли пенсияларни тўлашга харажатларни қоплаш учун маблағларни юридик шахслардан белгиланган тартибда ундириб олишни ташкил этиш»;
олтинчи хатбоши еттинчи хатбоши деб ҳисоблансин;
б) 8-бандининг «а» кичик бандида:
қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши қўшилсин:
«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 12-моддаси «б» — «ж»-бандларига мувофиқ тайинланган имтиёзли пенсияларни тўлашга сарфланган маблағларни юридик шахслардан регресс даъволар бўйича белгиланган тартибда ундириб олади»;
олтинчи хатбоши еттинчи хатбоши деб ҳисоблансин;
в) 29-банднинг биринчи хатбошидаги «Жамғарманинг Кузатувчи кенгаши томонидан» сўзлари «Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг қарорига мувофиқ» сўзлари билан алмаштирилсин;
г) 33-банднинг олтинчи хатбошига «бўлимлари бошлиқларини» сўзларидан кейин «Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бош тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари раислари ўринбосарларини» сўзлари қўшилсин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш учун зарур бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш ҳақида» 2011 йил 7 апрелдаги 107-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2011 й., 4-сон, 27-модда):
а) Болаликдан ногиронларга ва ўн саккиз ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда (1-илова):
1-бандга қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:
«Нафақа Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, шунингдек Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган хорижий фуқароларга ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга берилади»;
4-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«4. Нафақа қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда тайинланади. Бунда ўн саккиз ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга нафақа қонун ҳужжатларида болаликдан ногиронлар учун белгиланган миқдорда тайинланади.
Нафақани тайинлаш ва тўлаш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари (кейинги ўринларда Пенсия жамғармаси бўлими деб аталади) томонидан амалга оширилади»;
13-бандга қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:
«Нафақа олувчининг доимий пропискаси бўлмаса ва у фақат вақтинча прописка қилинган бўлса (Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида келган жойи бўйича ҳисобга олинган бўлса), нафақа вақтинчалик прописка (Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида келган жойи бўйича ҳисобга олиш)нинг амал қиладиган муддати мобайнида тўланади. Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган хорижий фуқарога ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга нафақа яшаш ҳужжати амал қиладиган муддат давомида тўланади»;
17-банднинг биринчи хатбошидаги «уч йилдан» сўзлари «ўн икки ойдан» сўзлари билан алмаштирилсин;
18-бандга қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:
«Нафақага ёки «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ давлат пенсиясининг турларидан бирига ҳуқуқи бўлган ОИВ инфекциясига чалинган ва 16 ёшдан катта болаликдан ногиронга унинг ўзи танлаган нафақа ёки давлат пенсиясининг турларидан бири тайинланади»;
қуйидаги мазмундаги 201-банд қўшилсин:
«201. Нафақадан чегирмалар «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 65-моддасида назарда тутилган тартибда амалга оширилиши мумкин»;
б) Пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қарияларга ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда (2-илова):
1-бандга қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:
«Нафақа Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, шунингдек Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган хорижий фуқароларга ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга берилади»;
қуйидаги мазмундаги 161-банд қўшилсин:
«161. Боқувчисини йўқотганлик нафақасини олиш ҳуқуқига эга бўлган оила аъзоларининг барчасига ушбу Низомда белгиланган миқдорда битта умумий нафақа тайинланади. Оила аъзосининг талабига кўра унинг нафақадаги улуши ажратилади ва унга алоҳида тўланади. Бунда тайинланган нафақанинг умумий миқдори олувчиларнинг умумий сонига бўлинади.
Бошқа туманда (шаҳарда) яшайдиган оила аъзоси ўзига нафақа улушини тайинлаш ёки ажратиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилганда, мурожаат қилганнинг яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлими оиланинг барча аъзоларига ҳужжатларни расмийлаштирадиган ёки ушбу оиланинг амалдаги ҳужжатлар йиғмажилди турган Пенсия жамғармаси бўлимига тегишли хабарномани юборади. Хабарномага ариза ва янгидан мурожаат қилган оила аъзосининг нафақа олиш ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжатлар илова қилинади. Ушбу ҳолатда нафақа боқувчисини йўқотганлик нафақасидан улуш ажратиб бериш тўғрисида мурожаат қилинган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб тайинланади.
Йиғмажилдни расмийлаштиришда барча ҳолларда унга оила ҳар бир аъзосининг нафақага бўлган ҳуқуқини тасдиқлайдиган барча ҳужжатлар тикиб қўйилади.
Оила аъзосига нафақадан улуш ажратилишида ушбу Низомнинг 15-бандида белгиланган талабларга риоя этилади»;
25-бандга қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:
«Нафақа олувчининг доимий пропискаси бўлмаса ва у фақат вақтинча прописка қилинган бўлса (Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида келган жойи бўйича ҳисобга олинган бўлса), нафақа вақтинчалик прописка (Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида келган жойи бўйича ҳисобга олиш)нинг амал қиладиган муддати мобайнида тўланади. Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган хорижий фуқарога ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга нафақа яшаш ҳужжати амал қиладиган муддат давомида тўланади»;
28-банднинг биринчи хатбошидаги «уч йилдан» сўзлари «ўн икки ойдан» сўзлари билан алмаштирилсин;
30-бандга қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:
«30. Нафақадан чегирмалар «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 65-моддасида белгиланган тартибда амалга оширилиши мумкин».
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 25 февралдаги 89-сонли қарорига асосан 2022 йил 1 июлдан ўз кучини йўқотади — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.02.2022 й., 09/22/89/0164-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 октябрдаги 592-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.10.2022 й., 09/22/592/0919-сон)
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 1-сон, 4-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.02.2022 й., 09/22/89/0164-сон, 14.10.2022 й., 09/22/592/0919-сон; 23.03.2023 й., 09/23/119/0160-сон)