Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг баъзи қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Президентининг 2021 йил 13 июлдаги ПФ-6261-сонли «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш,шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2014 йил 7 апрелдаги ПФ-4609-сонли Фармонига мувофиқ:
1. 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг баъзи қарорларига иловага мувофиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2014 йил 26 декабрь,
ПҚ-2280-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 26 декабрдаги ПҚ-2280-сонли қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг баъзи қарорларига 2015 йил 1 январдан бошлаб киритиладиган ўзгартиш ва қўшимчалар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 16 мартдаги ПҚ-605-сонли қарори билан тасдиқланган Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисидаги низомда:
а) 5-бандининг олтинчи хатбошидаги «махсус» сўзидан олдин «белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган» сўзлари қўшиб қўйилсин;
б) 6-бандида:
учинчи хатбошидаги «нотариал тасдиқланган» сўзлари чиқариб ташлансин;
бешинчи ва олтинчи хатбошилар чиқариб ташлансин;
еттинчи хатбоши бешинчи хатбоши деб ҳисоблансин;
қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:
«Ишчи орган рухсат гувоҳномасини бериш учун бошқа ваколатли органларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатлар ва ахборотни белгиланган тартибда ахборот соҳасидаги ҳамкорлик воситасида, шу жумладан электрон кўринишида мустақил равишда олади, мазкур бандда назарда тутилган ҳужжатлар ва ахборот бундан мустасно»;
в) 13-банднинг иккинчи ва учинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«рухсат гувоҳномасини бериш учун зарур ҳужжатларнинг тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаслиги;
буюртмачининг алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш учун мазкур Низомнинг 5-бандида белгиланган талабларга мувофиқ эмаслиги».
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 7 июндаги ПҚ-649-сонли қарори билан тасдиқланган Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш тартиби ва шартлари тўғрисидаги низомнинг 58-бандида:
а) тўртинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«буюртмачининг рўйхатдан ўтказиш ҳужжатларининг нусхалари»;
б) олтинчи хатбошидаги «зарурат бўлганда, фаолиятнинг ер қаъридан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган айрим турларини амалга оширишга лицензиялар (рухсатномалар)нинг нусхалари» сўзлари чиқариб ташлансин;
в) қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин;
«Очиқ савдолар ўтказилишини ташкил қилувчи орган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган очиқ савдоларда иштирок этиш учун бошқа ваколатли органларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатлар ва ахборотни белгиланган тартибда ахборот соҳасидаги ҳамкорлик воситасида, шу жумладан электрон кўринишида мустақил равишда олади, мазкур бандда назарда тутилган ҳужжатлар ва ахборот бундан мустасно».
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 2 майдаги ПҚ-1524-сонли қарори билан тасдиқланган Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар бериш тартиби тўғрисидаги низомнинг 43-бандида:
а) тўртинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин;
«давлат рўйхатидан ўтганлик ҳақидаги гувоҳнома нусхаси, банк реквизитлари билан бирга буюртмачи тўғрисидаги маълумотлар»;
б) қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Давлат геология қўмитаси буюртмачининг ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган очиқ савдоларда иштирок этиш учун бошқа ваколатли органларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатлар ва ахборотни белгиланган тартибда ахборот соҳасидаги ҳамкорлик воситасида, шу жумладан электрон кўринишида мустақил равишда олади, мазкур бандда назарда тутилган ҳужжатлар ва ахборот бундан мустасно».
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 52(I)-сон, 641-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 18.06.2020 й., 06/20/6010/0776-сон)