Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг
Қарори
ТОЖИКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ КЕНГАШИНИНГ МУРОЖААТНОМАСИ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Тожикистон Республикаси Олий Кенгашининг 1992 йил ноябрь ойида Хўжанд шаҳрида бўлиб ўтган XVI сессиясининг Тожикистон заминида тинчлик ва хотиржамликни таъминлаш, ҳокимият ва бошқарувнинг конституциявий идораларини тиклаш, издан чиққан халқ хўжалигини йўлга солишга қаратилган тадбирлар қабул қилиш, қочоқларни доимий яшаш жойларига қайтаришга доир қарорларини қўллаб-қувватлаб:
1. Тожикистон Республикаси Олий Кенгашининг Янги раҳбарияти (И.Раҳмонов), республика Ҳукумати (А.Абдуллажонов) жамиятнинг барча қатламларига таяниб, Тожикистондаги соғлом кучларни жипслаштириш, ички сиёсий вазиятни барқарорлаштириш, низоли масалаларни тинч музокаралар йўли билан ҳал этиш, аҳолини бунёдкорлик меҳнатига қайтариш учун зарур шарт-шароит яратиб берадилар деб умид билдирди.
2. Тожикистон Республикаси Олий Кенгашининг Раёсати, республика Ҳукумати қардош тожик халқига ёрдам кўрсатиш учун юборилаётган кучларнинг хавфсизлигини таъминлайди деб ишонч изҳор этади.
3. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Бирлашган қуролли кучларнинг Бош қўмондонлиги ихтиёрига Тожикистон Республикаси ҳудудида тинчликни таъминлаш муддаосини бажариш учун батальон таркибида ҳарбий аскарлар юбориш мумкин деб ҳисоблайди.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ушбу қарорни бажариш билан боғлиқ барча ташкилий масалаларни илдамлик билан ҳал этишни топширади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашнинг Раиси Ш. ЙЎЛДОШЕВ
Тошкент ш.,
1992 йил 9 декабрь,
731-XII-сон
ТОЖИКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ КЕНГАШИНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ КЕНГАШИГА МУРОЖААТНОМАСИ
Муҳтарам халқ ноиблари!
XVI сессияга йиғилган Тожикистон Республикаси халқ ноиблари республиканинг тақдири учун ўзларининг тарихий масъулиятини англаб, биродаркушлик урушини қоралаб ва тожиклар диёрида яна тинчлик ва осойишталик ўрнатилишини қатъий ёқлаб, ички сиёсий вазиятни барқарорлаштириш учун негиз яратдилар.
Ушбу сессияда қонуннинг бедодлик устидан тантана қилганлиги, жамиятни ҳаяжонга солиб турган ҳар қандай ижтимоий-сиёсий муаммоларни амалдаги Конституция асосида ҳал этишга қайтилганлиги Тожикистон Республикаси Олий Кенгаши ишининг энг асосий ютуғи бўлди.
Тинчлик йўли оғир ва машаққатли бўлишини тушуниб турибмиз. Айни вақтда бизнинг бошимизга тушган фожиа инсонлар ҳаётига, халқ тақдирига, Ер юзида тинчлик ва омонликка бепарво қарамайдиган ҳар бир кишининг юрагига қайғу солаётганини ҳам биламиз. Тожикистонда МДҲда қатнашувчи давлатларининг, аввало, Россия Федерацияси, Қозоғистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси, Қирғизистон Республикасининг маънавий ва моддий ёрдами ҳамда мададини ҳамиша ҳис этиб ва қадрлаб келганмиз.
Анъанавий ва тарихий дўстлигимиз, ҳамкорлигимиз ва ўзаро ёрдам ришталарининг мустаҳкамлиги мана шунда яққол намоён бўлмоқда.
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлмиш Тожикистон Республикасининг Олий Кенгаши тинч аҳолини ва ҳаётий муҳим иншоотларини ҳимоя қилиш мақсадида республикада тинчлик ва ҳуқуқ-тартиботни тиклаш манфаатларини кўзлаб, Олмаота учрашувида қатнашган МДҲ мамлакатларининг раҳбарларига мурожаат этди ва Тожикистонга тинчликпарвар кучларни юборишни сўради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши бизнинг Мурожаатномамизни кўриб чиқиб ҳамда халқимизнинг қайғу аламига ва азоб-уқубатига ҳамдард бўлиб, Тожикистон Республикасида тинчлик ва барқарорликни сақлашнинг кафили бўла оладиган қисмлар ва бўлинмаларнинг Россия Қуролли Кучлари 201-мотоўқчи дивизияси таркибида тинчликсеварлик вазифасини ўташда иштирок этишига розилик беради, деб умид қиламиз.
Тожикистон Республикаси Олий Кенгашининг XVI сессиясида 1992 йил 1 декабрь куни қабул этилган
Хўжанд шаҳри.
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 1-сон, 12-модда)