ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИ ВА МОЛДОВА РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИ ЎРТАСИДА
Битим
Таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Молдова Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
таълим соҳасида икки томонлама муносабатларнинг ривожлантирилиши ҳар икки давлат халқлари ўртасидаги бир-бирини ўзаро яхши тушунишга ёрдам беришини эътироф этиб,
Ўзбекистон Республикаси ва Молдова Республикаси ўртасида таълим соҳасида ҳамкорликни бундан буён ҳам ривожлантириш ва мустаҳкамлашга интилишларини изҳор этиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Аҳдлашувчи Томонлар Томонларнинг давлат бошқаруви тегишли органлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ёрдам берадилар.
2-модда
Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири бошқа Томон фуқароларига таълимга ва унинг олинишига ўз фуқаролари билан тенг ҳуқуқларни кафолатлайди, она тилида таълим олиш учун қулай шароитлар яратишга кўмаклашади.
3-модда
Аҳдлашувчи Томонлар таълим тизимини такомиллаштириш, Молдова Республикаси ҳудудида яшовчи ўзбек миллатли шахслар учун, шу каби Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшовчи молдован миллатли шахслар учун дарсликлар ва ўқув-услубий адабиётлар яратишда ўзаро ёрдам кўрсатадилар.
4-модда
Аҳдлашувчи Томонлар таълим муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, ушбу соҳани ривожлантириш масалалари бўйича ахборот алмашиш, шунингдек кадрлар тайёрлаш ишида ҳамкорлик қилишга ёрдам кўрсатадилар.
5-модда
Таълим соҳасида ҳамкорлик қилишнинг аниқ шакллари ва шартлари ҳар Аҳдлашувчи Томонларнинг давлат таълимни бошқариш тегишли органлари ўртасидаги алоҳида битимлар билан тартибга солинади.
6-модда
Аҳдлашувчи Томонлар зарур ҳолларда ушбу Битимни амалга ошириш ва Аҳдлашувчи Томонларнинг ўзаро биргаликда ҳаракат қилишларига доир тавсияномалар тайёрлаш учун қўшма комиссия ташкил этишлари мумкин.
7-модда
Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонларнинг унинг кучга киритилиши учун зарур бўлган ички давлат тартиботларнинг бажарилганлиги тўғрисидаги охирги ёзма билдириш санасидан кучга киради.
Ушбу Битим беш йил муддатга тузилади. Унинг амал қилиши, агар ушбу Битимнинг амалда бўлиш муддати тугашига камида олти ой қолганда Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳеч бири уни тугатиш тўғрисидаги ўз нияти тўғрисида бошқа Аҳдлашувчи Томонни ёзма равишда хабардор этмаса, навбатдаги беш йиллик муддатларга ўз-ўзидан узайтирилаверилади.
Тошкент шаҳрида 1997 йил 24 майда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, молдован ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш ёки қўллаш бўйича келишмовчиликлар юзага келган тақдирда Аҳдлашувчи Томонлар рус тилидаги матнни асос сифатида оладилар.
(имзолар)