Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Маданият соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Озарбайжон Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталади,
ҳар иккала давлат халқлари ўртасидаги умумий тарихий илдизларни ва анъанавий дўстлик муносабатларни эътиборга олиб,
Ўзбекистон Республикаси билан Озарбайжон Республикаси ўртасида маданият соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга интилиб,
бундай ҳамкорлик ҳар иккала давлат халқларининг туб манфаатларига жавоб беришига, давлатлараро алоқаларни кенгайтириши ва мустаҳкамлашига, умуминсоний қадриятлар қарор топишига, икки мамлакат маданиятлари бойишига кўмаклашишига ишонч ҳосил қилиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашдилар:
1-модда
Томонлар анъанавий маданий алоқаларни сақлаш ва ривожлантириш, театр, мусиқа, тасвирий санъат, эстрада ва цирк санъати, кино, телевидение ва радиоэшиттириш, кутубхона ва музей иши, тарихий ва маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш, халқ бадиий ҳаваскорлиги, халқ ҳунармандлиги ва маданий фаолиятнинг бошқа турлари соҳаларида алмашиш ва ҳамкорлик қилиш учун қулай шароитлар яратилишига ёрдам берадилар.
2-модда
Томонлар ҳар иккала давлатнинг тегишли вазирликлари, идоралари ўртасида, шунингдек жамоат ташкилотлари, ижодий бирлашмалар, уюшмалар, жамғармалар йўналишидаги ҳамкорликни ва тўғридан-тўғри алоқаларни рағбатлантирадилар.
3-модда
Томонлар бошқа давлатнинг фуқароларига ўз мамлакатлари халқларининг маданий бойликларига, жумладан тарихан шаклланган бутунлигини ўзлари тасдиқлайдиган маданий қадриятлар коллекциялари билан кенг танишиш имкониятини таъминлайдилар.
4-модда
Томонлар ўзаро фойдали икки томонлама маданий ҳамкорлик ривожланишига кўмаклашадилар.
Мана шу мақсадларда улар мамлакатларнинг ҳар биридаги маданий ҳаёт тўғрисидаги ахборот айирбошланишини рағбатлантирадилар, фестиваллар, гастролларни ўтказишга бошқа мамлакат муаллифларининг мусиқали ва театр асарлари саҳналаштирилишига, делегациялар айирбошланишига, ижодий учрашувлар ўтказилишига, бадиий кўргазмалар айирбошланишига кўмаклашадилар.
5-модда
Томонлар ҳар иккала давлат маданий бойликларини, шу жумладан тарихий, маданий ва диний ёдгорликларини сақлаш соҳасида ҳамкорлик қиладилар.
У ёки бу маданий ва тарихий бойликларга эгалик қилиш ҳуқуқи масаласида низолар пайдо бўлган тақдирда, Томонлар уларни ўз давлатларининг амалдаги қонунчилиги асосида музокаралар йўли билан ҳал этиш мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар.
6-модда
Томонлар маданиятнинг моддий-техника базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, янги технологияларни айирбошлаш, маданият ва санъат муассасалари учун асбоб-ускуналар ва техник воситаларни ўзаро фойдали асосда етказиб бериш ташкил этилиши масалаларидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдилар.
7-модда
Томонлар маданият ва санъат соҳасида халқаро ташкилотлар йўналишида ўз фаолиятларини мувофиқлаштирадилар.
8-модда
Томонлар кинофестиваллар ўтказилишига, кинофильмлар, делегация ва мутахассислар айирбошланишига, биргаликда саҳна асарлари қўйилишига, кино архивлари ўртасидаги ҳамкорликка, кинематография соҳасида адабиёт ва материаллар айирбошланишига кўмаклашадилар.
9-модда
Томонлар телевидение ва радиоэшиттириш соҳасида ҳамкорлик қиладилар.
10-модда
Томонлар китоб нашр этиш иши соҳасидаги айирбошлашни рағбатлантирадилар, кутубхоналараро алоқаларни, ёзувчилар, журналистлар ва ноширлар делегациялари айирбошланишини, сиёсий, иқтисодий, маданий ва илмий ҳаёт тўғрисидаги материаллар эълон қилинишини, газета ва журналлар нашр қилинишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдилар.
11-модда
Томонлар Ўзбекистон Республикаси билан Озарбайжон Республикаси ўртасида муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашадилар.
12-модда
Томонлар жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги алоқалар, энг аввало спорт ташкилотлари, жамиятлари ва клублари ўртасидаги бевосита ҳамкорликни ривожлантиришга, мусобақалар ўтказилишига, спортчилар ва тренерларни, илмий-методий ахборотни ва халқаро мусобақаларда қатнашиш тажрибасини айирбошлаш йўли билан кўмаклашадилар.
13-модда
Мазкур Битимни бажариш мақсадида алмашишлар давлат дастурлари ва тегишли вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликнинг ишчи режалари (протоколлари) ишлаб чиқилади ва имзоланади.
14-модда
Мазкур Битимда назарда тутилган соҳалардаги ҳамкорликнинг аниқ шакллари ва шартлари тегишли вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ўртасидаги алоҳида Битимлар билан тартибга солинади.
15-модда
Томонлар зарурат бўлганда мазкур Битимни амалга ошириш, Томонларнинг ўзаро ҳамкорлиги бўйича тавсиялар тайёрлаш учун Аралаш Комиссия ташкил этишлари мумкин.
16-модда
Мазкур Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради, беш йил давомида амал қилади ва, агар Томонлардан бири тегишли муддат тамом бўлгунига қадар унинг амал қилишини тўхтатиш ҳақидаги ўз нияти ҳақида камида олти ой олдин иккинчи Томонни ёзма равишда хабардор қилмаса, кейинги беш йиллик даврларга ўз-ўзидан узайтирилади.
1996 йил 27 майда Баку шаҳрида ҳар бири ўзбек, озарбайжон ва рус тилларида бўлган икки нусхада тузилди, барча матнлар бир хил кучга эгадир.
Мазкур Битимнинг қоидаларини талқин қилиш мақсадида рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)