Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Словакия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Туризм соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Қуйида «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчи Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Словакия Республикаси Ҳукумати,
икки давлат ўртасида тенглик ва ўзаро манфаатлилик принциплари асосида туризм соҳасида алоқаларни ва ҳамкорликни ўзаро ривожлантиришни истаб,
мамлакатлар билан танишишда ва халқлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда туризмнинг аҳамиятини тушунган ҳолда,
туризмнинг ривожланиши давлатлар ўртасидаги алоқаларнинг янада мустаҳкамлашдаги ролига ишонган ҳолда,
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бутунжаҳон конференциясининг туризм ва халқаро саёҳатлар ҳақидаги принциплари ва тавсияларига, шунингдек Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Якунловчи актининг тавсияларига амал қилган ҳолда ва Бутунжаҳон туристик ташкилоти тавсияларига таянган ҳолда,
қуйидагилар ҳақида келишиб олдилар:
1-модда
Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг ички қонунларига амал қилган ҳолда, ўз халқларининг ҳаёти, тарихи ва маданияти билан таништириш мақсадида туризм соҳасида ҳамкорлик ва ўзаро алоқаларни ривожлантириш ва кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратадилар.
2-модда
Аҳдлашувчи Томонлар бир Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудидан иккинчи Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудига келувчи туристик гуруҳларни ва якка туристларни қўллаб-қувватлайдилар.
Аҳдлашувчи Томонлар фуқароларининг туристик ҳаракатларини чегараловчи тўсиқларга барҳам беришга интиладилар.
3-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўзаро туристик ҳаракатнинг барча шаклларини ривожлантиришга интиладилар ва шу мақсадда туристик ҳаракатнинг янги шаклларини ривожлантиришда ҳамкорлик қиладилар.
4-модда
Аҳдлашувчи Томонлар икки мамлакатнинг туризм билан шуғулланувчи тадбиркор субъектлари, органлари, ташкилотлари ва муассасалари ҳамкорликлари учун шароитлар яратадилар ва ривожлантирадилар ва шу ҳамкорлик манфаатларини кўзлаб, икки Томон давлатларининг ички ҳуқуқий нормаларига амал қилган ҳолда зарур чора-тадбирларни амалга оширадилар.
5-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўз имкониятлари доирасида Аҳдлашувчи Томонлар мамлакатлари ҳудудида туристик иншоотларни қуриш ва туристик ҳаракат соҳасида жиҳозлар билан таъминлаш бўйича ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдилар.
6-модда
Аҳдлашувчи Томонлар мамлакатлари ҳудудида жамоатчиликни туристик ҳаракатнинг имкониятлари билан яқиндан таништириш мақсадида радио ва телевидение компаниялари журналистлари, матбуот, шунингдек туристик ҳаракат соҳасидаги мутахассислар билан алмашишни қўллаб-қувватлайдилар ва уни ривожлантиришга хайрихоҳлик қиладилар.
7-модда
Аҳдлашувчи Томонлар икки давлат миллий қонунчилигига мувофиқ туристик ҳаракатни реклама қилишга ва туристик ҳаракат ҳақидаги маълумотларни ўзаро алмашиш ва тарқатишга қулай шароит яратишни қўллаб-қувватлайдилар.
8-модда
Аҳдлашувчи Томонлар давлат ҳудудларида туристик ҳаракатларининг моддий-техник базасининг ривожланиши ҳақида Аҳдлашувчи Томонлар бир-бирларини огоҳ қилиб турадилар.
9-модда
Аҳдлашувчи Томонлар зарур бўлган ҳолларда мазкур Битимни амалга оширилишини кузатувчи ва шунинг учун зарур чораларни таклиф қилиш учун қўшма комиссия тузишлари мумкин.
Қўшма комиссия ўз йиғилишларини келишилган асосда навбат билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва Словакия Республикаси ҳудудида ўтказади.
10-модда
Ушбу Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради.
11-модда
Ушбу Битим беш йиллик муддатга тузилади ва Аҳдлашувчи Томонлардан ҳеч бири тегишли амал қилиш муддати тугашидан камида 6 ой илгари уни денонсация қилиш нияти тўғрисида бошқа Аҳдлашувчи Томонни ёзма равишда хабардор қилмаган тақдирда унинг амал қилиш муддати кейинги беш йиллик муддатларга ўз-ўзидан узайтирилади.
Братислава шаҳрида 1997 йил 17 январда, икки нусхада, ҳар бири ўзбек, словак ва рус тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш мақсадида рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)