Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Молдова Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Молдова Республикаси Ҳукумати, бундан кейин Томонлар деб аталувчилар,
иккала давлат ўртасида тарихан шаклланган муносабатларни эътиборга олиб,
иқтисодий ва савдо муносабатларидаги техник тўсиқларни бартараф этиш, маҳсулотларнинг ўзаро мослигини, ўзаро бир-бирини алмаштиришини таъминлаш, уларнинг одамлар ҳаёти ва саломатлиги учун хавфсизлигини, атроф муҳит муҳофазасини таъминлаш мақсадида,
стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга интилиб, бунда халқаро ташкилотлар томонидан ушбу соҳада қабул қилинган принциплар ва нормалардан келиб чиқиб,
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳукуматлари бошлиқлари томонидан 1992 йил 13 мартда имзоланган стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасида келишилган сиёсатни ўтказиш тўғрисидаги Битим қоидаларига амал қилиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантирадилар ва мустаҳкамлайдилар, жумладан стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш миллий тизимларини ушбу соҳада халқаро ташкилотлар томонидан қабул қилинган тизимлар билан уйғунлаштирадилар.
2-модда
Томонлар, зарурат бўлганда, Ўзбекистон Республикаси давлат стандартлари Молдова Республикаси ҳудудида ва тегишли равишда, Молдова Республикаси давлат стандартлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, ушбу стандартларнинг талаблари Томонлар давлатларининг амалдаги қонунчилигига зид бўлмаслиги шарти асосида, қўлланилишига кўмаклашадилар.
Томонлар, зарурат бўлганда, стандартлар ва бошқа норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қўллаш масалалари бўйича бир-бирларига ташкилий, методик ва амалий ёрдам кўрсатадилар.
3-модда
Томонлар сертификатлаштириш органларини, синов лабораториялари (марказлари)ни, синов ва сертификатлаштириш натижаларини, ўзаро етказиб бериладиган маҳсулотларга сертификатларни ва мувофиқлик белгиларини ўзаро тан оладилар.
Томонлар миллий тизимларда аккредитация этиш мўлжалланаётган сертификатлаштириш бўйича органлар, синов лабораториялари, аккредитация қилинган лабораториялар рўйхати тўғрисидаги ахборотни мунтазам айирбошлайдилар ҳамда уларни аккредитация қилишда қатнашишлари мумкин.
4-модда
Томонлар:
модда ва материалларнинг таркиби ва хоссаларининг стандарт намуналарини, буюмлар ва моддаларнинг физик константлари ва хоссалари тўғрисидаги стандарт маълумотларни, синовлар ва турларни тасдиқлаш, метрологик аттестациялар, ўлчов воситаларини текшириш ва калибрлашнинг давлатларда тасдиқланган катталик бирликлари давлат эталонларини ўзаро тан оладилар;
давлатларда аккредитация қилинган синов, текшириш, калибрлаш ва ўлчаш лабораториялари (марказлари)ни, сертификациялаш органларини, сертификатларни ва ўзаро етказиб бериладиган ўлчов воситаларига мувофиқлик белгилари натижаларини тан оладилар.
5-модда
Қуйидагилар ушбу Битимни амалга ошириш учун ваколатли органлар ҳисобланадилар: Ўзбекистон Республикасида — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон давлат стандартлаш, метрология ва сертификация маркази («Ўздавстандарт»), Молдова Республикасида - Молдова Республикаси стандартлар, метрология ва техник назорат департаменти («Молдовастандарт»).
6-модда
Томонлар кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда, мутахассислар айирбошлашда, шунингдек, норматив-техник ҳужжатлар тайёрлаш бўйича, метрология ва сертификатлаштириш соҳасида корхоналар, тадбиркорлар, жамоат ташкилотлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилишига кўмаклашадилар ҳамда ушбу ўзаро ҳамкорлик учун қулай шароитлар яратадилар.
7-модда
Томонлар стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш бўйича турли халқаро ташкилотларда ҳамкорлик қиладилар, Томонлардан бири аъзоси ҳисобланадиган халқаро ташкилотларда қатнашиш ёки уларга аъзо бўлишда бир-бирларини қўллаб-қувватлайдилар.
Томонлар ўзлари аъзоси бўлган халқаро стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш ташкилотларидаги ишлар тўғрисида бир-бирларини хабардор қилиб турадилар, белгиланган тартибда сўровлар бўйича халқаро стандартлар матнлари билан ўзаро таъминлайдилар.
Томонлар халқаро сертификатлаштириш тизимларида мустақил равишда қатнашадилар. Ушбу Битим Томонларнинг халқаро сертификатлаштириш тизимлари қоидаларидан келиб чиқадиган ҳуқуқлари ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
8-модда
Томонлар, агар уларнинг махфий тусдалигидан Томонлардан бири хабардор қилинган бўлса, олинган ҳужжатнинг ва ушбу Битим доирасида амалга ошириладиган ишлар тўғрисидаги ахборотнинг ҳамда эришилган илмий-техник натижаларнинг махфийлигини таъминлайдилар.
Ҳамкорлик давомида Томонлардан бири томонидан олинадиган илмий-техник ахборот ушбу ахборотни берган Томоннинг розилиги билангина учинчи томонга берилиши мумкин.
9-модда
Ушбу Битим қоидалари, зарурат бўлганда, Ўздавстандарт ва Молдовастандарт ўртасида тузиладиган қўшимча битимлар ва (ёки) протоколлар билан аниқлаштирилади.
10-модда
Ушбу Битим Томонлар стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасида илгари тузишган шартномалардан келиб чиқувчи мажбуриятларга дахл қилмайди.
Ушбу Битимни бажариш ва талқин қилиш билан боғлиқ бўлган барча низолар музокаралар йўли билан ҳал этилади.
11-модда
Ушбу Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган ички давлат тартиб-қоидаларини бажарганликлари тўғрисидаги охирги ёзма билдиришнома санасидан бошлаб кучга киради.
Ушбу Битим беш йил муддатга тузилади. Агар Томонлардан бири уни бекор қилиш тўғрисидаги ўз ниятидан бошқа Томонни ушбу Битимнинг навбатдаги амалда бўлиш муддати тугашидан кечи билан олти ой олдин ёзма равишда хабардор қилмаса Битимнинг амалда бўлиши кейинги беш йиллик муддатларга ўз-ўзидан узаяверади.
Тошкент шаҳрида 1997 йил 24 майда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, молдован ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш ёки қўллашда келишмовчиликлар пайдо бўлган ҳолда Томонлар рус тилидаги матнни асос қилиб оладилар.
(имзолар)