Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Молдова Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Солиқ қонунларига риоя этиш масалалари бўйича ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Молдова Республикаси Ҳукумати, бундан кейин Томонлар деб аталувчилар, солиқ қонунларига риоя этиш масалалари бўйича халқаро ҳамкорлик ва ўзаро ёрдамнинг муҳимлигидан келиб чиқиб, ҳамда шу мақсадда бир-бирига имкони борича кенг кўмаклашишни истаб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Атамаларни аниқлаш
Атамаларни аниқлаш
Ушбу Битим мақсадлари учун қўлланиладиган атамалар қуйидагиларни англатади:
«солиқ қонунлари» — солиқларнинг турларини ва мазкур Томоннинг давлати ҳудудида уларни ундириш тартибини белгиловчи ҳамда солиқ мажбуриятларининг пайдо бўлиши, ўзгариши ва тўхтатилиши билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи норматив актлар мажмуаси;
«солиқ қонунларини бузиш» — солиқ тўловчи томонидан бюджет олдидаги мажбуриятлар бажарилмаслигида ёхуд зарур даражада бажарилмаслигида ифодаланган бунинг учун Томонлар давлатларининг миллий қонунларига мувофиқ юридик жавобгарлик белгиланган ҳуқуққа зид ҳаракат ёки ҳаракатсизлик;
«ваколатли органлар»:
Ўзбекистон Республикасига нисбатан — Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси;
Молдова Республикасига нисбатан — Молдова Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бош солиқ инспекцияси ёки унинг ваколатли вакили;
«сўраётган ваколатли орган» — Томоннинг солиқ масалалари бўйича кўмаклашиш тўғрисида сўров (бундан кейин «кўмаклашиш тўғрисида сўров» деб аталади) берувчи ваколатли органи;
«сўралаётган ваколатли орган» — Томоннинг кўмаклашиш тўғрисида сўров олувчи ваколатли органи.
Ваколатли органларнинг номи ўзгарган ҳолда Томонлар бу ҳақда ёзма равишда дипломатик каналлар орқали бир-бирларини зудлик билан хабардор қиладилар.
2-модда
Битим қўлланиладиган соҳа
Битим қўлланиладиган соҳа
Томонлар ваколатли органлар орқали солиқ қонунларининг зарур даражада бажарилишини таъминлаш мақсадида
кўмаклашиш тўғрисидаги Томонларнинг сўрови бўйича ёки ташаббус кўрсатиш тартибида солиқ тўловчилар томонидан солиқ қонунларига риоя этилиши тўғрисидаги ахборотни тақдим этишда;
миллий солиқ тизимлари ва солиқ қонунларининг жорий ўзгаришлари тўғрисидаги ахборотни тақдим этишда;
солиқ органлари ишини таъминловчи компьютер тизимларини яратиш ва ишлашида;
солиқ тўловчилар ва солиқ органлари билан ишларни ташкил этиш, шу жумладан солиқ қонунларига риоя этиш устидан назоратни таъминлаш бўйича услубий тавсияларни ишлаб чиқишда;
солиқ қонунларини бузишнинг олдини олиш ва бартараф этишда;
кадрларни тайёрлаш соҳасида тажриба алмашишда;
ўзаро қизиқиш уйғотадиган ва Томонлар фаолиятининг самарадорлигини оширишга кўмаклаша оладиган бошқа масалалар бўйича бир-бирларига ўзаро кўмаклашадилар.
Ушбу Битим қоидалари Томонлар ўртасида тузилган бошқа битимларга мувофиқ ваколатли органларнинг ҳамкорлигига тўсқинлик қилмайди.
3-модда
Кўмаклашиш тўғрисидаги сўровнинг шакли ва мазмуни
Кўмаклашиш тўғрисидаги сўровнинг шакли ва мазмуни
Кўмаклашиш тўғрисидаги сўров ёзма кўринишда ва уни кўриб чиқиш учун зарур бўлган ҳужжатлар илова қилинган ҳолда юборилади. Фавқулодда вазиятда кўмаклашиш тўғрисидаги сўров кейинчалик имкони борича қисқа муддатларда албатта ёзма шаклда тасдиқланган ҳолда оғзаки шаклда берилиши мумкин.
Кўмаклашиш тўғрисидаги сўров қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
сўраётган ваколатли органнинг номи;
сўралаётган ваколатли органнинг номи;
унга нисбатан сўров берилаётган солиқ тўловчининг реквизитлари;
сўров моҳиятининг ва у билан боғлиқ юридик ҳолатларнинг қисқача баёни, кўриб чиқилаётган давр ва солиқларнинг аниқ турлари кўрсатилган ҳолда;
уни бажариш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар.
Сўров рус тилида берилиши керак.
Томонларнинг сўралаётган ваколатли органи тегишли асос бўлганида олинган кўмаклашиш тўғрисидаги сўров бўйича қўшимча ахборотни талаб қилишга ҳақлидир.
4-модда
Кўмаклашиш тўғрисидаги сўровни ижро этиш тартиби
Кўмаклашиш тўғрисидаги сўровни ижро этиш тартиби
Томонларнинг ваколатли органлари ушбу Битимга ва миллий қонунларга мувофиқ бир-бирларига кўмаклашдилар.
Агар кўмаклашиш тўғрисидаги сўровнинг бажарилиши Томонлар давлатларининг миллий қонунларига зид бўлса, унинг бажарилиши рад этилиши мумкин.
Агар кўмаклашиш тўғрисидаги сўров сўралаётган ваколатли орган томонидан бажарилиши мумкин бўлмаса, у сўров тушган кундан бошлаб бир ой давомида бу ҳақда кўмаклашишни рад этишнинг сабаблари кўрсатилган ҳолда сўраётган ваколатли органни ёзма равишда хабардор қилади.
Сўралаётган Томон ўз давлати ҳудудида кўмаклашиш тўғрисидаги сўровнинг бажарилиши билан боғлиқ барча харажатларни қоплайди.
5-модда
Тақдим этиладиган ахборотнинг мазмуни
Тақдим этиладиган ахборотнинг мазмуни
Томонларнинг ваколатли органлари кўмаклашиш тўғрисидаги сўров бўйича қуйидагиларга нисбатан бир-бирларига ахборотни тақдим этадилар:
корхоналар, уларнинг филиаллари ва ваколатхоналарининг рўйхатдан ўтказилиши, жумладан уларнинг жойлашган ери, бўйсуниши, мулкчилик шакли тўғрисидаги маълумотлар, банк реквизитлари ва бошқалар;
Томонлар давлатларининг миллий қонунлари томонидан ўрнатилган тартибда солиқ тўловчилар томонидан давлат ва тижорат банкларида ҳисоблар очилиши, шунингдек уларда пул маблағларининг мавжудлиги ва ҳаракати;
Томонлардан бирининг давлати ҳудудида олинган солиқ тўловчиларнинг даромадлари ва солиқ солиш объектларининг барча турлари, солиқларнинг тўланган суммалари, ёхуд солиқ солиш билан боғлиқ бўлган бошқа ахборот.
6-модда
Ҳужжатлар ва бошқа материалларнинг тақдим этилиши
Ҳужжатлар ва бошқа материалларнинг тақдим этилиши
Сўралаётган ваколатли орган кўмаклашиш тўғрисидаги сўров бўйича норматив актларни, ҳужжатларнинг тасдиқланган нусхаларини ва кўмаклашиш тўғрисидаги сўровни бажариш учун зарур бўлган бошқа материалларни тақдим этади.
Ҳужжатларнинг ва бошқа материалларнинг асл нусхалари тасдиқланган нусхалар тергаб-текшириш учун етарли бўлмаган тақдирда талаб қилиниши мумкин. Ҳужжатларнинг ва бошқа материалларнинг берилаётган асл нусхалари келишилган муддатларда қайтарилиши керак.
Материаллар компьютерлаштирилган ахборот кўринишида бу материалларни талқин қилиш учун зарур бўлган қўшимча ахборот қўшимча равишда берилган ҳолда тақдим этилиши мумкин.
7-модда
Ахборотни бериш тартиби
Ахборотни бериш тартиби
Кўмаклашиш тўғрисидаги сўровлар, материаллар ва бошқа ахборот Томонлар ваколатли органларининг келишуви бўйича белгиланадиган тартибда берилади.
Кўмаклашиш Томонлар ваколатли органларининг раҳбарлари томонидан белгиланадиган расмий мансабдор шахсларнинг тўғридан-тўғри алоқалари доирасида амалга оширилади.
8-модда
Махфийликка риоя қилиш
Махфийликка риоя қилиш
Муайян солиқ тўловчиларга тегишли ахборот махфий ҳисобланади ва Томонлар давлатларининг миллий қонунларига мувофиқ ҳимоя режими билан таъминланади.
Олинган ахборотдан Томонлар фақат ушбу Битимда кўзда тутилган мақсадларда, жумладан маъмурий ёки суд муҳокамаси учун фойдаланишлари мумкин. Бошқа мақсадлар учун ахборотдан фақат сўралаётган Томоннинг розилиги билан фойдаланиш мумкин.
9-модда
Битимнинг ижро этилиши
Битимнинг ижро этилиши
Томонлар ушбу Битимни талқин қилиш ёки кўллашда юзага келиши мумкин бўлган баҳсли масалаларни тартибга солишда ўзаро келишувга эришишга интиладилар.
Томонлар зарурият бўлганда ушбу Битимнинг қандай бажарилаётганлигини ва унга ўзгартишлар киритишнинг мақсадга мувофиқлигини баҳолаш учун маслаҳатлашишлар ўтказадилар. Бундай маслаҳатлашишларнинг муддатлари Томонларнинг келишуви бўйича қўшимча равишда белгиланади.
Ушбу Битим қоидаларини амалга ошириш мақсадида Томонлар алоҳида масалалар бўйича қўшимча битимлар тузишлари мумкин.
10-модда
Ўзгартириш ва қўшимчалар
Ўзгартириш ва қўшимчалар
Ушбу Битимга Томонларнинг ўзаро ёзма розилиги бўйича ушбу Битимнинг ажралмас қисми бўлган протоколлар билан расмийлаштириладиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
11-модда
Битимнинг кучга кириши ва амал қилишининг тўхтатилиши
Битимнинг кучга кириши ва амал қилишининг тўхтатилиши
Ушбу Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисидаги охирги ёзма билдиришнома дипломатик каналлар орқали олинган санадан бошлаб кучга киради.
Ушбу Битим беш йиллик муддатга тузилади. Агар Томонлардан ҳеч бири ушбу Битимнинг амал қилиш муддати тугашидан камида олти ой илгари уни денонсация қилиш нияти тўғрисида ёзма равишда дипломатик каналлар орқали хабардор қилмаса, унинг амал қилиши кейинги беш йиллик муддатларга ўз-ўзидан узайтирилади.
Кишинев шаҳрида 1998 йил 10 февралда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, молдован ва рус тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолда рус тилидаги матн асос қилиб олинади.
(имзолар)