Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан оқилона фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қозоғистон Республикаси Ҳукумати, бундан кейин Томонлар деб аталувчилар,
иккала давлат ўртасида тарихан таркиб топган анъанавий дўстлик ва амалий муносабатларга асосланиб,
атроф-муҳитнинг бир бутунлиги ва ажралмаслиги, уни ҳимоя қилиш ҳамда барқарор ривожлантиришда Томонлар манфаатларининг бирлигини англашдан келиб чиқиб,
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иккала мамлакатнинг миллий ва халқаро экология дастурларида қатнашишларига оид биргаликдаги ҳаракатларини мувофиқлаштириш соҳасидаги ҳамкорликни такомиллаштиришга қаратилган куч-ғайратларининг ўта муҳимлиги ва долзарблигини эътиборга олиб,
мамлакатларнинг ҳар бирида атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг умумий муаммоларини ҳал этиш ишида ҳамкорлик қилиш уларнинг ўзаро манфаатларига мос келишига ишонч билдириб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1- модда
Томонлар ўз давлатларининг тегишли қонунчилиги доирасида тенг ҳуқуқлилик, ўзаро фойдалилик асосида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантирадилар.
2- модда
Томонлар атроф-муҳитга нисбатан салбий таъсир этишларни аниқлаш, ўрганиш, уларнинг олдини олиш ва қисқартириш мақсадида қуйидаги соҳаларда ҳамкорлик қилишни амалга оширадилар:
а) экологик қонунчиликни уйғунлаштириш, атроф- муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланишни норматив-ҳуқуқий тартибга солиш;
б) атроф-муҳит ифлосланишини назорат қилиш воситаларини ва асбобларини ишлаб чиқариш;
в) табиатдан фойдаланишнинг иқтисодий механизмини такомиллаштириш;
г) алоҳида муҳофаза қилинадиган табиат ҳудудларини ташкил этиш ва биологик хилма-хилликни, шу жумладан, чегара зонасида сақлаш;
д) қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши, тупроқни муҳофаза қилиш ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш;
е) ер ости бойликларини муҳофаза қилиш ва кам чиқиндили ва чиқиндисиз технологияларни жорий этиш йўли билан минерал хом ашё ресурсларидан оқилона фойдаланиш;
ж) ҳаво ҳавзасининг трансчегара ифлосланишидан муҳофаза қилиш;
з) чегарага яқин зонада янги объектлар қурилишига оид ишларни келишиб олиш;
и) сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш ҳамда уларнинг ифлосланишининг олдини олиш;
к) заҳарли ва радиоактив чиқиндиларни нейтраллаштириш, зарарсизлантириш, хавфсиз ҳолда йўқотиш ва кўмиб ташлаш;
л) потенциал трансчегара таъсирига эга бўлган объектлар учун қўшма экологик экспертизалар ўтказиш;
м) экологик жиҳатдан соф, ресурсларни тежовчи технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш, бу соҳада ўзаро танишишга рухсат этиш;
н) маиший чиқиндиларни утилизацияловчи ва кам заҳарли ҳамда заҳарли саноат чиқиндиларини зарарсизлантирувчи қурилмаларни яратиш ва жорий этиш;
о) атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасида ахборот билан таъминлаш ҳамда чегарага яқин ҳудудлардаги фавқулодда вазиятлар тўғрисида хабардор қилиш тармоқларини ташкил этиш.
Ҳамкорлик қилишнинг бошқа шакллари кейинчалик келишилиши мумкин.
3-модда
Томонлар ушбу Битимни бажариш учун ўз давлатларининг табиатни муҳофаза қилиш идораларига ушбу Битим доирасидаги чора-тадбирлар мажмуи бўйича таклифлар тайёрлаш ва уларни амалга ошириш ваколатини берадилар.
Томонлар ушбу Битим қандай амалга оширилаётганлиги тўғрисида бир-бирларига ҳар йили ахборот бериб турадилар.
4- модда
Томонлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан оқилона фойдаланиш соҳасида иккала давлатнинг турли органлари, муассасалари ва алоҳида шахслари ўртасидаги ҳамкорликка кўмаклашадилар.
5- модда
Томонлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланишнинг давлат бошқарувини ва уни тартибга солишни, давлат назоратини такомиллаштириш, тегишли иқтисодий механизмлардан фойдаланиш тажрибасини ўзаро алмашиш, мутахассислар стажировкасини амалга ошириш соҳасида ҳамкорлик қиладилар.
6- модда
Томонлар биргаликдаги тадқиқот ишларини амалга ошириш, илмий-техник ишланмалар натижаларини ўзаро алмашиш соҳасида ҳамкорлик қиладилар.
7- модда
Ушбу Битим қоидалари мавжуд ёки ушбу Битим имзолангандан сўнг тузилган иккала давлат ҳамкорлигига тегишли бўлган бошқа хил келишувларга дахл қилмайди.
8- модда
Ушбу Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва беш йил давомида амал қилади. Агар Томонлардан бири ушбу Битимнинг амалда бўлиш муддати тугагунга қадар кечи билан олти ой олдин уни бекор қилиш нияти тўғрисида иккинчи Томонни ёзма равишда хабардор қилмаса, унинг амалда бўлиши ўз-ўзидан кейинги беш йилга узайтирилаверади.
Алмати шаҳрида 1997 йил 2 июнда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, қозоқ ва рус тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эгадир.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш мақсадида рус тилидаги матн асос қилиб олинади.
(имзолар)