Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси орденлари ва медалларининг тасвирлари ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси орденлари ва медалларининг тасвирларини яратиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Маданият ва маданий меросни асраш қўмитаси ўтказган ижодий танлов натижалари ҳақидаги ахборот маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн учинчи сессиясига тақдим этилган орденлар тасвирларининг муқобил вариантларидан кўпчилик депутатлар томонидан маъқулланган қуйидаги тасвирлар асос учун қабул қилинсин:
«Ўзбекистон Қаҳрамони» ордени — тасвир муаллифи Р. Дадулагов;
«Мустақиллик» ордени — тасвир муаллифи З. Турдалиева;
«Мардлик» ордени — тасвир муаллифи А. Мамажонов.
3. Меҳнатдаги шуҳрат учун бериладиган давлат мукофоти сифатида «Шуҳрат» медали ва жанговор шуҳрат учун бериладиган давлат мукофоти сифатида «Жасорат» медали таъсис этиш назарда тутилсин.
«Шуҳрат» ва «Жасорат» медаллари учун А. Мамажоновнинг «Шуҳрат» медалига чизган тасвирининг биринчи ва иккинчи вариантлари асос тарзида қабул қилинсин.
4. Асос учун қабул қилинган орден ва медаллар тасвирлари матбуотда кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилсин. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн учинчи сессиясида халқ депутатлари билдирган фикр-мулоҳазалар ва кенг жамоатчиликнинг истак-хоҳишларини ҳисобга олган ҳолда тасвирлар такомиллаштирилиб, Ўзбекистон Республикаси орденлари ва медаллари тўғрисидаги қонун лойиҳалари билан Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдаги сессиясига киритилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раиси Ш. ЙЎЛДОШЕВ
Тошкент ш.,
1993 йил 3 сентябрь,
933-XII-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 9-сон, 333-модда)