Тошкент вилояти Бекобод тумани ҳокимининг
Қарори
2014 йил мол-мулк ва ер солиғи тўловчи жисмоний шахсларни ҳисобга олиш, уларга солиқларни ҳисоблаш ва имтиёзларни қўллаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, 12-сонга 1-илова) ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги Қонуни ижроси юзасидан туман ҳудудидаги жисмоний шахслар тасарруфида бўлган мол-мулк, ер солиғи объектлари ва субъектлари, шунингдек якка тартибда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахсларни тўлиқ рўйхатга олиш, солиқларни ҳисоблаш, тегишли имтиёзларни тўғри қўллаш ҳамда белгиланган муддатларда маҳаллий бюджетга тушумлар тушушини таъминлаш мақсадида қарор қиламан:
1. 2014 йилда мол-мулк, ер солиғи объектлари ва субъектлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахсларни тўлиқ рўйхатга олиш, солиқ ҳисоблаш, тегишли имтиёзларни тўғри қўллашни тўлиқ ва сифатли ўтказиш, уларга тегишли бўлган маълумотларни ваколатли идоралар томонидан туман Давлат солиқ инспекциясига тўлиқ тақдим этилишини таъминлаш мақсадида 2014 йил 1 январга қадар «Солиқ тўловчи жисмоний шахсларни ҳисобга олиш» даври этиб белгилансин.
2. Туман Давлат солиқ инспекцияси (Ғ. Расулов)га:
солиқ тўловчиларни ҳисобга олиш даврида туман ҳудудидаги мол-мулк, ер солиғи объектлари ва субъектлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахсларни тўлиқ рўйхатга олиш, уларга солиқ ҳисоблаш ва солиқ қонунчилигида белгиланган имтиёзларни қўллаш;
барча маҳаллаларда солиқларнинг аҳамияти, айрим тоифадаги жисмоний шахсларга солиқлардан бериладиган имтиёзлар тўғрисида, 2014 йил учун тўланиши керак бўлган солиқларнинг муддатидан олдин тўланиши ҳақида кенг тушунтириш ишларини олиб бориш;
аҳоли ўртасида Ўзбекистон Республикаси солиқ қонунчилиги бўйича амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг моҳияти юзасидан қишлоқ (маҳалла) фуқаролар йиғини раиси ва фаоллари иштирокида мунтазам равишда семинар йиғилишлар ўтказиш юклатилсин.
3. Туман ҳудудида фаолият юритаётган қишлоқ фуқаролар йиғини ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини раислари, жамоат ташкилотлари, коммунал хўжалик бўлимлари, уй-жой мулкдорлар ширкатлари, корхона ва ташкилотларнинг раҳбарлари жисмоний шахсларни рўйхатга олиш, ҳисобланган солиқларни белгиланган муддатларда маҳаллий бюджетга ундирилиши юзасидан туман Давлат солиқ инспекцияси участка солиқ инспекторларига доимий равишда яқиндан амалий ёрдам бериш вазифаси юклатилсин.
4. «Солиқ тўловчи жисмоний шахсларни ҳисобга олиш» даврини кенг қамровли ва сифатли ўтказилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси ва «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги Қонунига асосан, давлат солиқ инспекцияси томонидан мол-мулк, ер солиғи объектлари ва субъектлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахсларни тўлиқ ҳисобга олиш, солиқ ҳисоблаш ҳамда тегишли имтиёзларни тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида:
туман «Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр» ДУК бўлими (И. Тиловов)га 2014 йил 1 февралга қадар туман ҳудудида жисмоний шахсларнинг эгалигида бўлган мол-мулк объектлари, ер майдони миқдори ва уларнинг 1 январь ҳолатига инвентаризация қийматлари тўғрисидаги маълумотларни;
туман Ер ресурслари ва давлат кадастр бўлими (Г. Усмонов) туман архитектори билан биргаликда 2014 йил 1 февралга қадар 2013 йилда фуқароларга туман ҳудудида (тадбиркорлик, якка тартибда уй-жой қурилиши учун деҳқон хўжалиги ва бошқалар) 1 январь ҳолатига ажратилган ер майдонлари ва уларнинг эгалари тўғрисидаги маълумотларни;
туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази (А. Исмадияров)га 2014 йил 1 февралга қадар туманда истиқомат қилувчи, I ва II-гуруҳ ногиронлари, пенсионерлар, ёлғиз пенсионерлар ва бошқа нафақа олувчи сифатида рўйхатга олинган фуқаролар тўғрисидаги маълумотларни;
туман мудофаа ишлари бўлими (А. Карабеков)га 2014 йил 1 февралга қадар 1941—1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, Афғонистонда ҳарбий хизматни ўтаган фуқаролар ва бошқа мавжуд маълумотларни;
фуқаролик ҳолатларига далолатномалар ёзиш (ФХДЁ) бўлими (Ф. Мусаева)га 2013 йил 1 февралга қадар туман ҳудудида 2012-2013 йилларда вафот этган фуқаролар тўғрисидаги маълумотларни;
туман нотариал идораси раҳбари (М. Кодирова)га 2013 йил давомида жисмоний шахслар томонидан кўчмас мулк ижара шартномаси тасдиқланганлиги ва ижара ҳақи миқдори, шунингдек мерос қилиб олиш ёки ҳадя тарзида фуқароларнинг мулкига ўтаётган мол-мулк қиймати тўғрисидаги маълумотларни;
туман Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази (Н. Қўшоқов) ва туман Ветеринария бўлими (А. Хакимов)ларга белгиланган тартибда санитария рухсатномасини олган жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотларни;
«Бекободтумангаз» филиали (С. Убайдуллаев)га ҳудудда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахслар билан газ истеъмоли учун тузилган шартномалар тўғрисидаги маълумотларни;
туман Электр тармоқлари корхонаси (С. Эшонқулов)га ҳудудда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахслар билан электр истеъмоли учун тузилган шартномалар тўғрисидаги маълумотларни;
туман Ички ишлар бўлими (А. Муратов) ва туман йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими (А. Бекмирзаев)ларга ҳудуддаги шахсий юк автотранспорт воситалари эгалари тўғрисидаги тўлиқ маълумотларни туман Давлат солиқ инспекциясига қишлоқ (маҳалла) фуқаролар йиғинлари кесимида 2014 йил 1 февралига қадар 1 январь ҳолати бўйича тақдим этиш вазифалари юклатилсин.
5. Туман «Маҳалла» хайрия жамоат фонди (Р. Шерматов) қишлоқ (маҳалла) фуқаролар йиғинлари раислари билан биргаликда «Солиқ тўловчи жисмоний шахсларни ҳисобга олиш» ойлиги тадбирини ўтказишда фаол қатнашишлари ва жойларда участка солиқ инспекторлари билан жисмоний шахсларни солиқ органларида рўйхатга олиш тадбирларини ҳамкорликда амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.
6. Қишлоқ (маҳалла) фуқаролар йиғини раислари, участка давлат солиқ инспектори ва «Ер ресурслари ва давлат кадастри» бўлими ходимлари билан биргаликда ҳисобга олинган солиқ тўловчи жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотни далолатнома асосида расмийлаштирсинлар.
7. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ф. Мўминов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким Ш. ХАМРАЕВ
Бекобод т.,
2013 йил 23 декабрь,
476-сон