Самарқанд вилояти Иштихон тумани ҳокимининг
Қарори
Туманда ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини 2015 йил учун банд қилиб қўйиш тўғрисида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг 2021 йил 7 майдаги 219/30-VI-сонли «Самарқанд вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 25 майдан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикаси «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунининг 17-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 й., 5-6-сон, 97-модда) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги низомнинг (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 34-сон, 333-модда) ижросини таъминлаш ҳамда Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказининг хатини кўриб чиқиб, туман ҳудудида жойлашган корхоналарда иш ўринларини энг кам миқдорини белгилаш юзасидан берилган таклифларни инобатга олиб қарор қиламан:
1. Туман ҳудудида жойлашган, ишлаётган ходимларнинг ўртача сони 20 нафардан ортиқ бўлган корхона, ташкилот, муассасаларда 2015 йилда ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналадиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш жойларини энг кам миқдори шу жумладан:
ёлғиз ота, ёлғиз она ҳамда 14 ёшгача ва ногирон болалари бор кўп болали ота-оналар учун 176 киши;
ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлаган ёшларга, шунингдек олий ўқув юртларининг давлат грантлари асосида таълим олган битирувчилар учун 239 киши;
Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларидан муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилганларга 24 киши;
ногиронлар учун 10 киши;
туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказида иш қидирувчи сифатида ҳисобда турган, пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахслар учун 3 киши;
одам савдосидан жабрланганлар учун 3 киши;
кичик ёшли болалари бўлган ишламаётган аёллар учун 3 киши;
атрофдагилар учун хавфли бўлмаган ижтимоий аҳамиятли касалликлар билан оғриётган шахслар учун 2 киши;
жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки суд қарорига кўра тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларига тортилган шахсларга 10 киши миқдорида иш ўринлари захираси белгилансин.
2. Корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда кийналаётган шахслар учун иш жойларининг кўрсатиб ўтилган миқдорини Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги низомга мувофиқ белгиланган муддатларда ва тартибда яратилишини (ажратилишини ёки банд этиб қўйилишини) ҳамда иш жойлари санитария гигиена нормаларига ва ходим ўз мажбуриятларини бемалол бажаришини таъминлайдиган меҳнат шароитларига мувофиқ бўлишини таъминласинлар.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги Низомга асосан ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш қидиришда қийналаётган шахслар учун банд қилиб қўйиладиган иш ўринларини туман ҳокими томонидан белгиланган миқдордан ортиқча ташкил этган ташкилотлар ушбу иш ўринларини ташкил этишга сарфланган маблағларининг бир қисмини туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази билан тузилган шартнома асосида Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш ҳуқуқига эга эканликлари инобатга олинсин.
4. Туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази (Ш. Ахмедов) бир ҳафта муддатда мазкур қарорни тегишли корхона ва ташкилот раҳбарларига етказсин ҳамда унинг бажарилиши устидан қатъий назоратни таъминласин.
5. Туман ҳокимининг 2013 йил 28 сентябрдаги 791-қ ҳамда 2014 йил 5 июлдаги 1043-қ-сонли қарорлари 2014 йил 31 декабрдан ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
6. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
7. Ушбу қарорнинг ижросини бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари А. Бекқулов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким Ш. НЕГМАТОВ
Иштихон ш.,
2014 йил 29 сентябрь,
1449-қ-сон