Ўзбекистон Республикаси билан Беларусь Республикаси ўртасида
Шартнома
Маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси, бундан кейин Аҳдлашувчи «Томонлар» деб аталади,
Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси халқлари ўртасида маданият ва санъат соҳасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга интилиб,
иккала давлат халқларининг маданий алоқалари ва дўстлик муносабатлари анъаналарини эътиборга олиб,
маданият ва санъат соҳасидаги алоқалар иккала мамлакатнинг туб манфаатларига жавоб беришига, дўстлик муносабатларини ва ўзаро фойдали ҳамкорликни янада ривожлантиришига ишонч билдириб,
Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳудудларида яшовчи иккала давлат фуқароларининг манфаатларини эътиборга олиб,
қуйидагилар ҳақида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Аҳдлашувчи Томонлар Ўзбекистон ва Беларусь халқларининг маданий ва маънавий алоқаларига таяниб, улар ўртасида маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорликни бундан буён ҳам ривожлантиришга кўмаклашадилар.
Аҳдлашувчи Томонлар Беларусь Республикасида Ўзбекистон маданияти кунларининг ва Ўзбекистон Республикасида Беларусь маданияти кунларининг ўтказилишига кўмаклашадилар.
2-модда
Аҳдлашувчи Томоннинг ҳар бири ўз фуқароларига бошқа Томоннинг маданият соҳасидаги ютуқлари билан танишишлари учун кенг йўл очиб беришни таъминлайди.
Аҳдлашувчи Томонлар маданият давлат муассасалари ва жамоат ташкилотлари ўртасида бевосита ҳамкорлик ва тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатишга, уларни кенгайтириш ва чуқурлаштиришга, манфаатдор идоралар ўртасида тажриба алмашишга кўмаклашадилар.
3-модда
Аҳдлашувчи Томонлар икки томонлама дастурлар ва маданий ҳамкорлик қилиш лойиҳалари асосида бир-бирларига профессионал ва бадиий ҳаваскорлик жамоалари, гуруҳлари, ансамбллари, алоҳида ижрочилар таклиф қилинишига кўмаклашадилар.
4-модда
Ижрочилик санъати соҳасида Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири фестиваллар, кўриклар, жамоалар ва солистларнинг гастролларини уюштиришда, бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг мусиқали ва драматик саҳна асарларининг саҳналаштирилишида бир-бирларига ёрдам кўрсатадилар.
5-модда
Аҳдлашувчи Томонлар театр, эстрада, цирк ва кино санъати, тарихий-маданий меросни муҳофаза қилиш, ҳаваскорлик халқ ижодиёти, халқ ҳунармандчилиги соҳаларида алмашувлар ва ҳамкорлик қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратадилар.
Аҳдлашувчи Томонлар тасвирий, декоратив — амалий санъат соҳасидаги кўргазмалар билан алмашишга кўмаклашадилар.
6-модда
Аҳдлашувчи Томонлар маданий тадбирларни ташкил этадилар ва ўтказадилар, маданият ва санъат соҳасидаги давлат ва жамоат бирлашмалари ҳамкорлигини қўллаб-қувватлаш ва мувофиқлаштиришга қаратилган дастурларни, амалий лойиҳаларни ишлаб чиқадилар ва уларни амалга оширадилар.
7-модда
Аҳдлашувчи Томонлар китоблар, нашрлар, каталоглар, бошқа ахборот материалларини алмашиш йўли билан кутубхоначилик соҳасида ҳамкорлик қиладилар.
8-модда
Аҳдлашувчи Томонлар маданият ва санъат ўқув юртлари ўқитувчилари, мутахассислар, шунингдек аспирантлар ва олимлар билан алмашувларни амалга оширадилар.
9-модда
Аҳдлашувчи Томонлар музей иши соҳасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдилар, давлат тўпламларида, коллекцияларида ва фондларида сақланаётган тарихий-маданий бойликлар тўғрисида тўлиқ ахборотлар олишни таъминлайдилар.
10-модда
Бозор иқтисодиёти шароитида маданият масалаларига ва муаммоларига ёндашишни ўрганиш мақсадида Аҳдлашувчи Томонлар тажриба билан алмашиш, келишув бўйича Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бирида конференциялар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларни ўтказишга аҳдлашдилар.
11-модда
Ушбу Шартномани бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги ва Беларусь Республикаси маданият ва матбуот вазирлиги ўртасида икки томонлама айирбошлаш дастурлари ва иш режалари ишлаб чиқилади ва тайёрланади.
12-модда
Ушбу Шартнома имзоланган кундан бошлаб кучга киради.
Мазкур Шартнома 5 йил муддатга тузилади ва Аҳдлашувчи Томонлардан бири унинг амалда бўлишини тўхтатиш ҳақида жорий давр тугашидан олти ой олдин иккинчи Аҳдлашувчи Томонни ёзма равишда хабардор қилмаса, унинг амал қилиш муддати ўз-ўзидан узайтирилади.
1994 йил 22 декабрда Тошкент шаҳрида икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, беларусь ва рус тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эгадир.
Мазкур Шартнома қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда рус тилидаги матн асос қилиб олинади.
(имзолар)