Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Осиё тараққиёт банки иштирокида «Тахиатош ИЭСда 230 — 280 МВт қувватли иккита буғ-газ қурилмаларини қуриш» инвестицция лойиҳасини амалга оширишга доир биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида
Замонавий энергия тежовчи технологияларни жорий этиш орқали ишлаб чиқариш қувватларини янада ривожлантириш ҳамда республика истеъмолчилари ва аҳолини барқарор электр энергияси билан таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Осиё тараққиёт банки (кейинги ўринларда — ОТБ) Директорлар кенгаши томонидан 2014 йил 15 июлда Ўзбекистон Республикасига «Тахиатош ИЭСда 230-280 МВт қуввати иккита буғ-газ қурилмаларини қуриш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун 5 йил имтиёзли давр билан 25 йил муддатда тўладиган 300,0 млн АҚШ доллари миқдорида қарз ажратилиши қўллаб-қувватлангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки:
«Ўзбекенерго» АЖ ОТБ кредитидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, шунингдек, «Тахиатош иссиқлик электр станциясида 230 — 280 МВт қувватли иккита буғ-газ қурилмаларини қуриш» лойиҳасини амалга ошириш учун масъул ижро этувчи ҳисобланади;
ОТБ қарзини сўндириш билан боғлиқ харажатлар, шунингдек, у бўйича фоизлар, устамалар, комиссиялар ва бошқа харажатлар тўлови «Ўзбекенерго» АЖнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирига Ўзбекистон Республикаси номидан ОТБ билан қарз келишувини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси «Ўзбекенерго» АЖ ва ОТБ ўртасидаги қайта қарз битимини имзолашга;
«Ўзбекенерго» АЖ бошқаруви раисига ОТБ билан лойиҳа келишувини имзолашга ваколат берилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси билан ОТБ ўртасида қарз келишуви ва ОТБ кредитини Ўзбекистон Республикаси ва «Ўзбекенерго» АЖ ўртасида қайта қарз бериш келишуви бўйича ҳуқуқий хулоса берсин.
5. «Ўзбекенерго» АЖ уч ой муддатда «Тахиатош ИЭСда 230 — 280 МВт қувватли иккита буғ-газ қурилмаларини қуриш» инвестиция лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқсин ва ваколатли экспертиза органлари билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.
6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.И. Ибрагимовга юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2014 йил 22 октябрь,
293-сон