Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Беларусь Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Темир йўл транспорти соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Беларусь Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталади,
тенг ҳуқуқлик ва ўзаро ҳурмат принципларига амал қилган ҳолда,
темир йўл транспортига бўлган дахлсиз мулкчилик ҳуқуқини тасдиқлаган ҳолда,
темир йўл тизимининг технологик бирлигини сақлаб қолиш мақсадга мувофиқ эканлигини ҳисобга олган ҳолда,
иккала давлат темир йўл транспортини мувофиқлаштириб бориш ва ҳамкорлик фаолиятининг аҳамиятини тан олган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашдилар:
1-модда
Иккала давлатнинг темир йўлларидан юк ташиш Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасида темир йўл транспорти соҳасида тузилган халқаро шартномалар асосида амалга оширилади.
2-модда
Иккала давлат темир йўл транспортининг функционал фаолияти, шунингдек, ҳаракатдаги составни, техник воситаларни ишлаб чиқариш ва уни сақлаш ҳамда юкларни сақлаш иккала давлат қатнашчиси бўлган халқаро шартномалар асосида амалга оширилади.
3-модда
Томонлар иккала давлат қатнашчиси бўлган темир йўл транспорти соҳасидаги халқаро шартномаларга мувофиқ темир йўл транспортида юкларни за йўловчиларни ташишнинг амалда бўлган тартибларига амал қилишга келишиб олдилар.
Томонларнинг ҳар бири бошқа Томоннинг асосий фаолиятларига дахл қилмаган ҳолда учинчи давлатлар билан темир йўл транспорти соҳасида битимлар тузиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.
4-модда
Томонлар тариф сиёсатини иккала давлатнинг миллий қонунчилигида ва иқтисодий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда Ҳамдўстликнинг қатнашчи давлатлари темир йўл транспорти бўйича Кенгаш томонидан қабул қилинган қарорлар доирасида амалга ошириш зарур деб ҳисоблайдилар.
5-модда
Томонлар иккала давлатлар темир йўлларида ташиш учун ҳақ тўланган транзит юкларни ҳеч бир тўсиқларсиз қабул қилиб олиш ва уларнинг ҳаракатини таъминлаш мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар.
Транзит ташувлар масалаларини тезкорлик билан ҳал этиш учун Томонлар иккала давлат ҳудудларида ўзларининг ваколатхоналарини очишлари мумкин.
6-модда
Томонлар ҳаракатдаги составни, контейнерларни, асбоб-ускуналарни ва техникани сотиб олиш, уларни сақлаш ва тузатиш бўйича уларнинг ваколатли органлари билан келишилган мажбуриятларга амал қиладилар, шунингдек, иккала давлат ўртасида йўловчилар ва юк ташувини ташкил этишда иқтисодий баҳо бериш ҳамда ўзаро манфаатларни ҳисобга олиш бўйича музокаралар олиб борадилар.
7-модда
Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси темир йўлларининг корхоналари, ташкилотлари, моддий-техника таъминоти бўлинмалари келишилган ҳажмларда темир йўл транспорти эҳтиёжлари учун техника, асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар ҳамда моддий ресурсларнинг ўзаро етказиб берилишини таъминлайдилар.
8-модда
Томонлар темир йўл транспортида илмий-техника тараққиётига кўмаклашадилар ҳамда ўз ҳаракатларини ўзаро манфаатли асосда мувофиқлаштириб борадилар.
9-модда
Томонлар муҳандислар, техниклар, шунингдек, оммавий касблар бўйича кадрларни ўқитиш ва уларни тайёрлаш даражасига нисбатан зарур талабларни ишлаб чиқиш соҳасида ҳамкорлик қиладилар.
Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси ўқув юртларини тугатганлик тўғрисида берилган малака ҳужжатлари иккала давлатда ҳам эътироф этилади.
10-модда
Ушбу Битимни талқин қилиш ҳамда қўллашда пайдо бўлиши мумкин бўлган баҳсли масалалар музокаралар ва консультациялар ўтказиш йўли билан ҳал этилади.
Ушбу Битимга киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар Томонларнинг ички давлат тадбирлари бажарилгандан кейин кучга кирадиган ва ушбу Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган протоколлар билан расмийлаштирилади.
11-модда
Ушбу Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради ҳамда Томонлардан бири иккинчи Томонни дипломатик йўллар орқали ёзма равишда уни тўхтатиш тўғрисида огоҳлантирган кундан бошлаб 90 кун мобайнида амал қилади.
1994 йил 22 декабрда Тошкент шаҳрида ўзбек, беларусь ва рус тилларида икки нусхада тузилди, барча матнлар бир хил кучга эгадир.
Мазкур Битимнинг қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда рус тилидаги матн асос ҳисобланади.
(имзолар)