Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Беларусь Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Савдодан ташқари тўловлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Беларусь Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталади, Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси ўртасида савдодан ташқари тўловларни амалга оширишда пул маблағларининг эркин ўтказилишини таъминлаш мақсадида қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Томонлар Томонлардан бирининг ҳудудига доимий ёки вақтинча келган жисмоний шахсларга, шунингдек, Томонлардан бирининг ҳудудида расмий равишда рўйхатдан ўтган юридик шахсларга савдодан ташқари тўловларнинг қуйидаги турлари бўйича пул маблағларининг эркин ўтказилишини таъминлайдилар:
транспорт ва алоқа хизматлари тўлови;
уюштирилган ва уюштирилмаган туризм;
Томонларнинг келишувига биноан дипломатик, консуллик, савдо, транспорт ва бошқа ваколатхоналарни сақлаш, шунингдек, делегацияларни хизмат сафарига юбориш бўйича;
халқаро конгресслар, симпозиумлар, конференциялар, спорт ва маданий тадбирлар, шунингдек, бошқа халқаро учрашувлар ўтказиш;
кўргазма ва ярмаркалар ўтказиш билан боғлик ҳисоб-китоблар, эркин муомаладаги валютадаги тўловлар бундан мустасно, капитал маблағлар харажатлари ва ҳисоб-китоблари тартиби Томонларнинг келишувига биноан белгиланадиган бошқа моддий харажатлар;
суд, ҳакамлик, нотариал ва бошқа юридик ҳамда маъмурий органларнинг харажатларини қоплаш бўйича тўловлар, савдо операцияларига доир келишмовчиликларни ҳал этиш бўйича қарорлардан келиб чиқадиган йиғимлар бундан мустасно;
чеклар, пул аккредитивлари ва жўнатмалари тўловидан ҳосил бўлган пул маблағлари қолдиқлари, шунингдек, турилган мамлакатнинг келтирилган нақд валютаси қолдиқлари;
жамоа ташкилотларига бадаллар;
артистларнинг гастроллари ва кинофильмлар прокати;
ижтимоий суғурта бўйича бадаллар;
давлат муассасалари эҳтиёжлари учун бинолар сотиб олиш ва қуриш;
суд ва бошқа ваколатли органларнинг ҳукмлари, қарорлари ҳамда ажримлари асосида тўланадиган суммалар;
фуқароларга тегишли маблағларни, пенсиялар, алиментлар, давлат нафақалари, устама ва компенсацияларни мерос қилиб қолдирилган суммаларни ўтказиш;
мерос қилиб қолдирилган ҳамда мерос мулкни сотишдан олинган суммаларни ўтказиш;
муаллифлик қалам ҳақларини тўлаш ва муаллифлик ҳуқуқлари бўйича тўловлар;
Томонларнинг давлатлараро битимлар бўйича корхоналарга, муассасаларга, ўқув юртларига ишлашга ёки ўқишга келган фуқароларига тўланадиган иш ҳақи, стипендиялар, суткалик ва бошқа пул тўловлари;
бир Томоннинг фуқароларини бошқа Томоннинг ўқув юртларида ўқитиш ҳақи;
бир Томоннинг фуқароларини бошқа Томоннинг даволаш муассасаларида даволаш, зарур тиббий ёрдам кўрсатганлик тўловлари:
Томонлар ушбу моддада кўрсатилган савдодан ташқари тўловлар рўйхатига ўзгартириш ва аниқликлар киритиш учун Томонларнинг Молия вазирликларини вакил қиладилар.
2-модда
Савдодан ташқари операциялар бўйича тўловлар тўловчи мамлакатнинг валютасида амалга оширилади.
Савдодан ташқари тўловлар бўйича пул маблағлари жўнатмаларини тўлаш олувчи мамлакатнинг валютасида амалга оширилади.
Бир Томоннинг миллий валютасининг иккинчи Томоннинг миллий валютасига нисбатан курси алоҳида битим асосида, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Беларусь Республикаси Миллий банки томонидан аниқланади.
3-модда
Томонларнинг вазирликлари ва идоралари савдодан ташқари тўловлар бўйича ўзаро ҳисоб-китобларни ўтказиш тўғрисида икки томонлама битимлар тузишади.
Битимлар Томонларнинг Молия вазирликлари ва Марказий банклари билан келишиб олинади.
4-модда
Томонларнинг ҳар бири, зарурият бўлганда, давлатлараро битимлар ва иккала давлатларнинг миллий қонунчилиги доирасида олдинроқ кечи билан 3 ой олдин бошқа Томонни, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларни пул жўнатмалари тўловлари тўхтатилиши еки юқорида қайд этилган тўловларни амалга ошириш амалиётида бўладиган ўзгаришлар тўғрисида хабардор қилган ҳолда пул жўнатмаларини юборишга чеклашлар киритиши мумкин.
5-модда
Томонларнинг ўзаро келишуви бўйича ушбу Битимга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин, улар мазкур Битимнинг узвий қисми ҳисобланадиган алоҳида протоколлар билан расмийлаштирилади.
6-модда
Ушбу Битимни бажариш ва талқин қилиш билан боғлиқ баҳсли масалалар маслаҳатлашув ва музокаралар йўли билан ҳал этилади.
7-модда
Мазкур Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва Томонлардан бири унинг амал қилишини тўхтатиш истаги тўғрисида иккинчи Томонни дипломатик йўллар орқали ёзма равишда хабардор қилмагунгача амал қилади. Бу ҳолда Битим Томонлардан бири ана шундай билдиришномани олган санадан бошлаб уч ой ўтгач ўз кучини йўқотади.
1994 йил 22 декабрда Тошкент шаҳрида ҳар бири ўзбек, беларусь ва рус тилларида бўлган икки асл нусхада тузилди, иккала матн ҳам бир хил кучга эга. Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда ҳар қандай келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда рус тилидаги матн асос қилиб олинади.
(имзолар)