Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Белорус Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Белорус Республикаси Ҳукумати, бундан буён «Томонлар» деб аталади,
иқтисодий, савдо ва бошқа муомалалардаги, техникавий тўсиқларни бартараф этиш, стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштиришнинг аҳамиятини ҳисобга олиб,
унинг инсон ҳаёти ва соғлиғига хавфсизлигини таъминлаш, атроф муҳитни муҳофаза қилишнинг аҳамиятини инобатга олиб,
мустаҳкам техникавий ҳамкорликдан манфаатдор бўлган ҳолда қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар, стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш миллий тизимини ҳаракатга келтириш ва шакллантиришда тўла мустақилликка эга бўлган ҳолда,
баҳамжиҳатлик билан стандартлаштириш давлат тизимини, ўлчовлар бирлигини таъминлаш тизимини ва сертификатлаштиришнинг миллий тизимларини тан оладилар ва уларни такомиллаштира борган ҳолда максимал даражада уйғунлашувига ҳаракат қиладилар,
физикавий миқдорлар бирлигининг миллий эталонларини тан оладилар, энг кўп наф келтирадиган ҳолатда ўзаро биргаликда фойдаланишга йўл қўядилар,
ўлчов воситалари Давлат реестрларини, аккредитация қилинган текширув лабораторияларни ўзаро тан оладилар,
моддалар таркиби ва хусусиятларининг стандарт намуналарини ва материалларни яратиш ва фойдаланишда, шунингдек моддалар ва материалларнинг хоссалари тўғрисида стандарт-ахборот маълумотларини яратиш ва фойдаланишда ўзаро биргаликда ҳаракат қиладилар, сертификатлаштириш бўйича идоралар, аккредитация қилинган синов лабораториялари, сертификатлар ва сертификатлаштириш миллий тизими асосида ўзаро маҳсулот етказиб беришнинг мослик белгисини тан оладилар.
2-модда
Томонлар, юқорида кўрсатилган соҳалар бўйича ҳар хил талаблар бўйича келишилган шартларда меъёрий техникавий ҳужжатларни ўзаро бир-бирларига тақдим этадилар,
ҳар бир мамлакатда стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш бўйича миллий идораларнинг махсус нашрларида фаолиятнинг барча соҳаларида ушбу амалий ҳамкорликни юзага чиқариш ва уни амалга ошириш дастурлари ҳақида ахборотлар бериб турадилар.
3-модда
Мазкур Битимда кўзда тутилган ишларни мувофиқлаштириш, уларни амалга ошириш:
Ўзбекистон Республикасида — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш Ўзбекистон давлат марказига;
Белорус Республикасида — Белорус Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш бўйича Қўмитага юклатилади.
4-модда
Томонлар, Томонлардан бири аъзо бўлган у ёки бу ташкилотда иштирок этишга ёки шундай ташкилотга киришига бир-бирига ёрдам берадилар.
5-модда
Томонлар, мазкур Битим доирасида амалга ошириладиган ишлар ва эришилган илмий-техникавий натижалар тўғрисида олинаётган ҳужжатлар ва ахборотларнинг махфийлигини шарт қилиб қўйган бўлса, уларнинг махфийлигини таъминлайдилар.
6-модда
Томонлардан биттаси ҳамкорлик давомида олаётган илмий-техникавий ахборотни, бошқа бир Томон у ахборотнинг махфийлиги тўғрисида у Томонни огоҳлантирмаган бўлса, эркин фойдаланиши мумкин. Бу ахборот уни тақдим этган Томонларнинг розилиги билан учинчи давлатга берилиши мумкин.
7-модда
Мазкур Битим қоидалари лозим топилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш Ўзбекистон давлат маркази билан Белорус Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш бўйича Қўмита ўртасида тузилган қўшимча Битимлар (баённомалар) билан аниқлик киритилади.
8-модда
Мазкур Битим Томонлар ва уларнинг стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасидаги ташкилотлар билан илгари тузилган шартномаларига дахлдор эмас.
9-модда
Мазкур Битим қоидаларини томонлар орасида талқин қилинишига оид баҳслар, ўзаро консультация ва турли даражадаги музокаралар йўли билан ҳал қилинади.
10-модда
Мазкур Битим икки томонники бўлиб, учинчи давлатнинг манфаатларига дахлсиздир.
11-модда
Мазкур Битим чегараланмаган муддатга тузилади, у имзоланган кундан кучга киради ва Томонлардан бири иккинчи Томонга ўзининг бу Битим ҳаракатини тўхтатиш хоҳиши ҳақида ёзма равишда хабар қилган кундан 6 ой муддат ўтганига қадар амал қилади.
Олма-Ота шаҳрида 1994 йил 19 майда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, белорус ва рус тилларида тузилди, шуни ҳам айтиш керакки ҳамма матнлар бир хил кучга эга ҳолида имзоланди.
(имзолар)