Тошкент вилояти Юқоричирчиқ тумани ҳокимининг
қарори
2014 йил учун мол-мулк ва ер солиғи тўловчи жисмоний шахсларни ҳисобга олиш, уларга солиқларни ҳисоблаш ва имтиёзларни қўллаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 100-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 1-сон, 4-модда), Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 52 (I)-сон) ва «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 9-сон, 232-модда) ижроси юзасидан туман ҳудудидаги жисмоний шахслар тасарруфида бўлган мол-мулк, ер солиғи объектлари ва субъектлари, шунингдек якка тартибда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахсларни тўлиқ рўйхатга олиш, солиқларни ҳисоблаш, тегишли имтиёзларни тўғри қўллаш ҳамда белгиланган муддатларда маҳаллий бюджетга тушумлар тушушини таъминлаш мақсадида қарор қиламан:
1. 2014 йилда мол-мулк, ер солиғи объектлари ва субъектлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахсларни тўлиқ рўйхатга олиш, солиқ ҳисоблаш, тегишли имтиёзларни тўғри қўллашни тўлиқ ва сифатли ўтказиш, уларга тегишли бўлган маълумотларни ваколатли идоралар томонидан туман Давлат солиқ инспекцияларига тўлиқ тақдим этилишини таъминлаш мақсадида 2014 йилнинг 20 февралига қадар «Солиқ тўловчи жисмоний шахсларни ҳисобга олиш» даври этиб белгилансин.
2. Туман Давлат солиқ инспекцияси (П. Юсупов)га:
солиқ тўловчиларни ҳисобга олиш даврида туман ҳудудидаги мол-мулк, ер солиғи объектлари ва субъектлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахсларни тўлиқ рўйхатга олиш, уларга солиқ ҳисоблаш ва солиқ қонунчилигида белгиланган имтиёзларни қўллаш;
барча маҳаллаларда солиқларнинг аҳамияти, айрим тоифадаги жисмоний шахсларга солиқлардан бериладиган имтиёзлар тўғрисида, 2014 йил учун тўланиши керак бўлган солиқларнинг муддатидан олдин тўланиши ҳақида кенг тушунтириш ишларини олиб бориш;
аҳоли ўртасида Ўзбекистон Республикаси солиқ қонунчилиги бўйича амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг моҳияти юзасидан қишлоқ (маҳалла) фуқаролар йиғини раиси ва фаоллари иштирокида мунтазам равишда семинар йиғилишлар ўтказиш юклатилсин.
3. Туман ҳудудида фаолият юритаётган қишлоқ фуқаролар йиғини ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини раислари, жамоат ташкилотлари, коммунал хўжалик бўлимлари, хусусий уй-жой мулкдорлар ширкатлари, корхона ва ташкилотларнинг раҳбарлари жисмоний шахсларни рўйхатга олиш, ҳисобланган солиқларни белгиланган муддатларда маҳаллий бюджетга ундирилиши юзасидан туман Давлат солиқ инспекцияси участка солиқ инспекторларига доимий равишда яқиндан амалий ёрдам бериш вазифаси юклатилсин.
4. «Солиқ тўловчи жисмоний шахсларни ҳисобга олиш» даврини кенг қамровли ва сифатли ўтказилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 84-моддасига ва «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги Қонунига асосан, давлат солиқ инспекцияси томонидан мол-мулк, ер солиғи объектлари ва субъектлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахсларни тўлиқ ҳисобга олиш, солиқ ҳисоблаш ҳамда тегишли имтиёзларни тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида:
туман Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими (О. Жуманиёзов) 2014 йил 1 февралга қадар туман ҳудудида жисмоний шахсларнинг эгалигида бўлган мол-мулк объектлари, ер майдони миқдори ва уларнинг 1 январь ҳолатига инвентаризация қийматлари тўғрисидаги маълумотларни;
туман бош архитектори 2014 йил 1 февралга қадар 2013 йилда фуқароларга туман ҳудудида (тадбиркорлик, якка тартибда уй жой қурилиши учун деҳқон хўжалиги ва бошқалар) 1 январь ҳолатига ажратилган ер майдонлари ва уларнинг эгалари тўғрисидаги маълумотларни;
туман Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси (К. Исломов) ва Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази (Н. Расулов) 2014 йил 1 февралга қадар туманда истиқомат қилувчи I-II-гуруҳ ногиронлари, пенсионерлар, ёлғиз пенсионерлар ва бошқа нафақа олувчи сифатида рўйхатга олинган фуқаролар тўғрисидаги маълумотларни;
туман Мудофаа ишлари бўлими (С. Эспаганметов) 2014 йил 1 февралга қадар 1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчилари, ногиронлари ва бошқа мавжуд маълумотларни;
туман Фуқаролик ҳолатларига далолатномалар ёзиш (ФХДЁ) бўлими (Х. Икрамова) 2014 йил 1 февралга қадар туман ҳудудида 2012-2013 йилларда вафот этган фуқаролар тўғрисидаги маълумотларни;
туман нотариал идоралари нотариуслари 2013 йил давомида жисмоний шахслар томонидан кўчмас мулк ижара шартномаси тасдиқланганлиги ва ижара ҳақи миқдори, шунингдек мерос қилиб олиш ёки ҳадя тарзида фуқароларнинг мулкига ўтаётган мол-мулк қиймати тўғрисидаги маълумотларни;
туман Санитария-эпидемиология назорати маркази (Ш. Ештаев) «Ветеринария хизмати» (Х. Орипов) белгиланган тартибда санитария рухсатномасини олган жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотларни;
туман «Газтаъминот» идораси (С. Усенов) ҳудудда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахслар билан газ истеъмоли учун тузилган шартномалар тўғрисидаги маълумотларни;
туман «Электртармоқлари» идораси (М. Каримов) ҳудудда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахслар билан электр истеъмоли учун тузилган шартномалар тўғрисидаги маълумотларни;
туман Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими (Р. Эгамбердиев) ва туман Ички ишлар бўлими (И. Шоакбаров) ҳудуддаги шахсий юк автотранспорт воситалари эгалари тўғрисидаги тўлиқ маълумотларни туман Давлат солиқ инспекциясига қишлоқ (маҳалла) фуқаролар йиғинлари кесимида 2014 йил 1 февралига қадар, 1 январь ҳолати бўйича тақдим этиш вазифалари юклатилсин.
5. Туман ҳокимлиги «Маҳалла» хайрия жамоат фонди (Д. Аскаров), Қишлоқ (маҳалла) фуқаролар йиғинлари раислари «Солиқ тўловчи жисмоний шахсларни ҳисобга олиш» ойлиги тадбирини ўтказишда фаол қатнашишлари ва жойларда Участка солиқ инспекторлари билан жисмоний шахсларни солиқ органларида рўйхатга олиш тадбирларини ҳамкорликда амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.
6. Қишлоқ (маҳалла) фуқаролар йиғини раислари, Участка давлат солиқ инспектори ва «Ер ресурслари ва давлат кадастри» бўлими ходимлари билан биргаликда ҳисобга олинган солиқ тўловчи жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотни далолатнома асосида расмийлаштириш топширилсин.
7. Мазкур қарор қонуний кучга киргандан сўнг, туман Ҳокимининг 2012 йил 28 ноябрдаги «2013 йил учун мол-мулк ва ер солиғи тўловчи жисмоний шахсларни ҳисобга олиш, уларга солиқларни ҳисоблаш ва имтиёзларни қўллаш тўғрисида»ги 490-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
8. Қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б. Бегматов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким У. АТЕМОВ
Юқоричирчиқ т.,
2014 йил 22 январь,
87-сон