Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида
Битим
Саноат мулкини муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Россия Федерацияси Ҳукумати, бундан буён «Томонлар» деб аталувчилар,
иккала давлат ўртасидаги тарихан таркиб топган муносабатларни эътиборга олиб,
савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш истагида,
саноат мулкини самарали ва монанд муҳофаза қилиш бундай ҳамкорликни ривожлантиришнинг зарурий шарти эканлигини эътироф этиб,
саноат мулки муаллифлари ва эгаларининг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш учун ўзаро қулай шарт-шароит яратиш зарурлигини англаган ҳолда,
қуйидагилар ҳақида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар ихтиролар, саноат намуналари, маҳсулот белгилари ва бошқа саноат мулки объектларига бўлган ҳуқуқларни муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорликни ушбу Битимга ва бошқа ўзлари иштирокчи бўлган ёки бўладиган халқаро шартномаларга мувофиқ ўзаро манфаатдорлик ҳамда тенглик асосида амалга оширадилар ва ривожлантирадилар.
2-модда
Томонларнинг ҳамкорлиги:
саноат мулки объектларига бўлган ҳуқуқларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ масалаларни тартибга солишга;
саноат мулкини муҳофаза қилиш соҳасидаги миллий ҳуқуқий ҳужжатларни мувофиқлаштиришга;
Ўзбекистон Республикаси талабнома берувчилари учун Россия Федерациясида ва Россия Федерацияси талабнома берувчилари учун Ўзбекистон Республикасида муҳофаза ҳужжатлари бериш сўралган талабномаларни топшириш ва уларни кўриб чиқиш тартибини ўзаро соддалаштиришга;
саноат мулкини муҳофаза қилиш соҳасида ахборот, норматив ва бошқа ҳужжатлар, шунингдек тажриба ва мутахассислар алмашинувига йўналтирилади.
3-модда
Саноат мулкини муҳофаза қилиш соҳасида бир давлатнинг жисмоний ва юридик шахслари иккинчи давлат ҳудудида шу иккинчи давлатнинг ҳуқуқий ҳужжатлари билан унинг ўз жисмоний ва юридик шахслари учун ҳозирги вақтда берилган ёки кейинчалик бериладиган ҳуқуқ ва имтиёзлардан, шунингдек ўз жисмоний ва юридик шахслари билан бир хил асослар ҳамда ҳажмларда ҳуқуқий муҳофаза воситаларидан фойдаланадилар.
Бунда ушбу Битим билан тартибга солинмаган масалалар бўйича Томонлар 1967 йил 14 июлда қайта кўриб чиқилган Саноат мулкини муҳофаза қилиш тўғрисидаги Париж Конвенцияси қоидаларини қўллайдилар.
4-модда
Томонларнинг ҳар бир саноат мулки объектлари учун илгари берилган муҳофаза ҳужжатларининг амал қилиши ҳар бир давлат ҳудудида муҳофаза қилинаётган объектнинг ушбу объект учун талабнома берилган вақтда амал қилаётган қонун ҳужжатларида назарда тутилган муҳофазага лаёқатлилик шартларига номувофиқлиги важидан тўхтатилиши мумкин бўлган қоидаларни давлатлардан ҳар бирининг тегишли ҳуқуқий ҳужжатларига киритиш мақсадида зарур чораларни кўради.
5-модда
Ўзбекистон Республикаси ёки Россия Федерациясининг ҳар қандай жисмоний ёки юридик шахси лицензия шартномаси тузмасдан ихтиро ёки саноат намунасидан фойдаланиш ҳуқуқини, башарти ушбу ихтиро ёки саноат намунасидан фойдаланиш бошқа шахслар томонидан аввал СССР муаллифлик гувоҳномаси ёки СССР гувоҳномаси бериш учун талабнома илгари берилган ихтиро ёки саноат намунасига миллий патент бериш сўралган илтимоснома топширилган санадан олдин қонуний равишда бошланган бўлса, сақлаб қолади.
Бунда мукофот пулини тўлаш кўрсатилган ихтиро ёки саноат намунаси қайси давлат ҳудудида фойдаланилаётган бўлса, ўша давлатнинг ҳуқуқий ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
6-модда
Россия Федерациясининг Патентлар ва маҳсулот белгилари комитети Ўзбекистон Республикаси Давлат Патент идорасининг буюртмасига кўра, олинадиган материаллар, талабномаларнинг махфийлигини таъминлаган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг патентларини бериш сўралган талабномалар бўйича техника даражасини аниқлаш учун ахборот қидирувини ўтказади ёхуд экспертиза ўтказади ва ушбу талабномалар бўйича патентлар бериш мумкинлиги ҳақида хулосалар тайёрлайди.
Кўрсатиб ўтилган ишлар шартнома асосида тегишли харажатларни Ўзбекистон Республикаси Давлат Патент идораси томонидан маблағ билан таъминлаш асосида амалга оширилади.
7-модда
Томонлар иқтисодий, саноат, фан ва техника соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги икки томонлама битимларга саноат мулки объектларининг муҳофаза қилинишини таъминлашга доир қоидаларни киритиш мажбуриятини зиммаларига оладилар.
8-модда
Муҳофаза ҳужжатларини бериш сўралган талабномаларни топшириш, муҳофаза ҳужжатларини қабул қилиб олиш ва уларни ўз кучида сақлаб туришда иккала давлатнинг патент вакиллари ўзаро ҳамжиҳатлилик принципи асосида бевосита шу давлатларнинг патент идоралари билан иш олиб боришлари мумкин бўлиб, бунда фақат миллий талабнома берувчиларнинг манфаатларини ифодалайдилар.
Бир давлатнинг миллий талабнома берувчиларига, шунингдек унинг ҳуқуқий ҳужжатлари билан белгиланган тартибда ўзаро ҳамжиҳатлилик принципи асосида муҳофаза ҳужжатларини олиш ва уларни ўз кучида сақлаб туриш борасида бевосита бошқа давлатнинг патент идораси билан иш олиб бориш ҳуқуқи берилади.
9-модда
Талабномалар топширганлик, муҳофаза ҳужжатлари берганлик, уларни ўз кучида сақлаб турганлик ва саноат мулкини муҳофаза қилиш билан боғлиқ бошқа юридик жиҳатдан аҳамиятли амалларни бажарганлик учун божларни тўлаш, шунингдек, қидирув ўтказганлик ва бошқа хизматлар кўрсатганлик учун тўловлар қилиш миллий талабнома берувчилар божларни тўлаши ва тўловлар қилиши учун Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясининг ҳуқуқий ҳужжатларида назарда тутилган валютада ҳамда миқдорларда Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясининг ваколатли органлари томонидан келишилган курс бўйича амалга оширилади.
10-модда
Томонларнинг ушбу Битимни амалга ошириш давомида бир-бирларига йўллайдиган барча ҳужжатлари рус тилида тақдим этилади.
11-модда
Куйидаги патент идоралари ушбу Битимни амалга ошириш учун ваколатли органлар ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикасида — Ўзбекистон Республикасининг Давлат Патент идораси,
Россия Федерациясида — Россия Федерациясининг Патентлар ва маҳсулот белгилари комитети.
Ваколатли органларнинг ҳамкорлик қилиш тартиби ва шартлари улар ўртасидаги махсус битимлар билан аниқланади.
12-модда
Ушбу Битимдан келиб чиқадиган ёки унинг бажарилиши билан боғлиқ масалалар юзасидан келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда Томонларнинг вакиллари тегишлича маслаҳатлашувлар ўтказадилар ва ушбу келишмовчиликларни бартараф этишга эришиш учун куч-ғайрат сарфлайдилар.
13-модда
Ушбу Битим Томонларнинг бошқа давлатлар билан саноат мулкини муҳофаза қилиш соҳасида икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликда иштирок этишига тўсқинлик қилмайди.
14-модда
Ушбу Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва беш йил мобайнида амал қилади ҳамда, башарти Томонлардан бири унинг навбатдаги амал қилиш даври тугашига камида олти ой қолганида Битимнинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида иккинчи Томонни ёзма равишда хабардор қилмаса, яна кейинги беш йиллик даврларига автоматик равишда узайтирилаверади.
Ушбу Битим амал қилишининг тўхтатилиши иккала давлат жисмоний ва юридик шахсларига берилган ёки берилиши мумкин бўлган муҳофаза ҳужжатларининг амал қилишига таъсир этмайди.
1995 йил 27 июлда Тошкент шаҳрида икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек ва рус тилларида тузилди, иккала матн ҳам бир хил кучга эга.
(имзолар)