Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН БОЛАЛАР СПОРТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЖАМҒАРМАСИНИНГ МИНТАҚАВИЙ ФИЛИАЛЛАРИ ТУЗИЛМАСИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 январдаги 32-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолияти самарадорлигини ошириш, унинг минтақавий филиалларига юкланган вазифаларни муваффақиятли амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. 2003 йил 1 июлдан бошлаб шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларидаги болалар спортининг спорт базаси шакллантирилиши ва ривожлантирилиши учун жавоб берадиган етакчи мутахассис лавозими тугатилсин.
2. Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг 2003 йил 1 июлдан бошлаб Жамғарманинг минтақавий филиаллари штатларига вакил лавозимини (ҳар бир туман, вилоятга бўйсунувчи шаҳар, Тошкент шаҳридаги туман учун бир нафардан) киритиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Янгидан киритилаётган штат бирликларини маблағ билан таъминлаш:
2003 йилда — шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари бюджетида болалар спортининг спорт базаси шакллантирилиши ва ривожлантирилиши учун жавоб берадиган етакчи мутахассис лавозимини маблағ билан таъминлаш учун назарда тутилган маблағлар ҳисобига, уларни Жамғарманинг минтақавий филиалларига бериш йўли билан;
2004 йилдан бошлаб — Жамғарма маблағлари ҳисобига белгиланган тартибда амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин.
Туманлар ва вилоятга бўйсунувчи шаҳарлар ҳокимликлари Жамғарма минтақавий филиалларининг мазкур ҳудудга бириктирилган вакилларини бепул асосда хизмат хоналари, коммунал, фойдаланиш хизматлари билан, шунингдек асосий фаолиятни юритиш учун алоқа хизматлари билан таъминласинлар.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги туманлар ва вилоятга бўйсунувчи шаҳарлар ҳокимликлари сметасига белгиланган тартибда тегишли ўзгартиришлар киритсин.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2002 йил 31 октябрдаги 374-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2002 й., 10-сон, 63-модда) қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
а) 2-банднинг олтинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
б) 5-иловадаги «болалар спортининг спорт базаси шакллантирилиши ва ривожлантирилиши учун жавоб берадиган етакчи мутахассис» сўзлари чиқариб ташлансин;
в) 5а-иловадаги «Жами — 3 киши» сўзлари «бош мутахассис — вакил — ҳар бир туман, вилоятга бўйсунувчи шаҳар, Тошкент шаҳридаги туман учун 1 нафардан» сўзлари қўшилсин;
г) Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомда (қарорга 6-илова);
11-банддаги «шунингдек шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари штатларига янгидан киритилган, болалар спорти спорт базаларининг шакллантирилиши ва ривожлантирилиши учун жавоб берадиган етакчи мутахассислар» сўзлари чиқариб ташлансин;
20-бандга «шунингдек ҳар бир туман, вилоятга бўйсунувчи шаҳар, Тошкент шаҳридаги туман учун 1 нафардан бош мутахассис — вакилдан» сўзлари қўшилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ў. СУЛТОНОВ
Тошкент ш.,
2003 йил 1 август,
335-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 15-16-сон, 123-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.07.2018 й., 09/18/508/1477-сон)