Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ИЧКИ ВАЛЮТА БОЗОРИНИ ЯНАДА ЭРКИНЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ички валюта бозорини янада эркинлаштириш ва жорий халқаро операциялар бўйича миллий валютанинг конвертация қилинишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига ваколатли банклар томонидан хорижий валютада ҳисоб рақамларини юритишнинг амалдаги тартибига Халқаро валюта жамғармасининг Битими Моддаларининг VIII моддаси талаблари доирасида савдо хусусиятига эга бўлмаган тўловлар ва ўтказмалар амалга оширилишини назарда тутувчи тегишли ўзгартиришлар киритиш тавсия қилинсин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг Ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар департаменти манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Халқаро валюта жамғармасининг Битими Моддаларининг VIII моддаси талабларига зид бўлган ҳукуматлараро битимларни қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш тўғрисида 2004 йил 1 январгача таклифлар киритсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:
икки ҳафта муддатда Вазирлар Маҳкамасига амалдаги қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқувчи ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклиф киритсин;
бир ой муддатда идоравий норматив ҳужжатлар мазкур қарорга мувофиқлаштирилишини таъминласин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Р.С. Азимов ва Э.М. Ғаниев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2003 йил 16 июль,
317-сон
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ташқи савдо операцияларини амалга оширишда хорижий валютадаги маблағлардан фойдаланиш устидан назоратни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 1996 йил 13 мартдаги 95-сон қарорида:
«аванс тўловлари тузилган импорт контрактларига мувофиқ ўтказилсин»;
қолган сумма импорт қилувчи корхона томонидан банкка товарлар тушганлиги тўғрисида божхона хизматининг тегишли ёзувлари қайд этилган ҳолда товарлар олиб келиниши карточкалари тақдим этилгандан кейин ўтказилсин»;
7-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
1-илованинг 11-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
1-илованинг 19-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
Олдинги таҳрирга қаранг.
«Келган товар учун банк томонидан хорижий валютадаги маблағларни ўтказиш учун импорт қилувчи корхона томонидан ҳар бир ўтказиш олдидан товар келганлиги тўғрисида божхона хизматининг банкка топшириладиган тегишли ёзувлари мавжуд бўлган товарлар олиб келиниши карточкаси асос бўлиб ҳисобланади. Бунда импорт контрактлар бўйича аванс тўловлари импорт контрактлари импорт қилувчи корхона давлат рўйхатидан ўтказилган жойдаги Давлат божхона қўмитаси ҳудудий бошқармаларининг валютани назорат қилиш бўлимларида ҳисобга қўйилгандан кейин ваколатли банкка товарлар олиб келиниши карточкаси тақдим этилмасдан амалга оширилади.».
(1-банднинг саккизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 сентябрдаги 416-сонли қарори таҳририда — Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 17-18-сон, 161-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Товар бозорлари конъюнктурасини ўрганиш марказини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Истиқболни белгилаш ва статистика давлат қўмитаси ҳузуридаги Товар бозорлари конъюнктурасини ўрганиш республика марказига айлантириш тўғрисида» 1996 йил 14 августдаги 286-сон қарори 5-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Биржадан ташқари валюта бозорини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2000 йил 29 июндаги 245-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2000 й., 6-сон, 33-модда):
4-банднинг иккинчи ва учинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
4-илова 1-бандининг учинчи хатбоши чиқариб ташлансин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 29 мартдаги 91-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 14-сон, 180-модда)
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Биржадан ташқари валюта бозори фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2001 йил 10 июлдаги 294-сон қарорига 2-иловада (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2001 й., 7-сон, 38-модда):
7-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«7. Хорижий валютани харид қилиш ва сотиш бўйича операциялар биржадан ташқари валюта бозорида ваколатли банклар орқали барча юридик шахслар томонидан амалга оширилади»;
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Ички валюта бозорида алмашув курсларини бирхиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2001 йил 25 октябрдаги 422-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2001 й., 10-сон, 58-модда) 1-илованинг II бўлими 2-бандининг тўртинчи хатбоши чиқариб ташлансин.
7. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш ва баъзиларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2002 йил 10 октябрдаги 354-сон қарорига илованинг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг баъзи қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар» бўлими 7-бандининг иккинчи хатбоши (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2002 й., 10-сон, 58-модда) чиқариб ташлансин.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 14-сон, 115-модда, 17-18-сон, 161-модда; 2013 й., 14-сон, 180-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 11.08.2020 й., 09/20/472/1155-сон)