Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Грузия Ҳукумати ўртасида
Битим
Почта жўнатмалари бўйича ўзаро ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати бир томон бўлиб ва Грузия Республикаси Ҳукумати иккинчи томон бўлиб, кейинги ўринларда Томонлар деб аталади,
мазкур Битимни қуйидагилар тўғрисида туздилар.
1-модда
Томонлар икки давлат ҳудудида, айнан Ўзбекистон Республикаси ва Грузия ҳудудида ўз алоқа корхоналари ва бўлимлари тармоқлари орқали 1994 йил 9 сентябрда Москва шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги қатнашчилари бўлган давлатлар Ҳукуматлари Бошлиқлари томонидан имзоланган ижтимоий аҳамиятли савдодан ташқари тўловлар бўйича пул маблағларини фуқароларга ўтказиш тўғрисидаги Витимга иловада қайд этилган фақат ижтимоий аҳамиятли савдодан ташқари тўловлар бўйича почта орқали пул жўнатмаларини чекланмаган суммада қабул қилиш ва тўлашга қарор қилдилар.
Бошқа жўнатмалар суммаси давлатлар валютаси мавжудлиги билан тартибга солинади.
2-модда
Почта жўнатмалари Томонларнинг миллий валюталарида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Грузия Миллий банки томонидан белгиланган курс бўйича қабул қилинади ва тўланади.
3-модда
Томонлардан ҳар бири пул жўнатмалари юборилиши, шунингдек жўнатмаларни қабул қилишда ёки тўлашда ўз давлати мижозларига кўрсатиладиган қўшимча хизматлар учун ўз тарифларини белгилайдилар.
4-модда
Жўнатмаларга ишлов бериш ва уларни давлатлар ўртасида айирбошлаш учун ҳар бир Томон пул жўнатмаларига ишлов бериш бўйича марказлаштирилган «Пункт» ташкил этади.
Томонлар ўртасида почта орқали пул жўнатмалари тегишли сумма олдиндан ўтказилган ҳолда фақат кўрсатиб ўтилган «Пунктлар» орқали жўнатилади.
5-модда
Почта жўнатмасини тўлаш муддати почта орқали жўнатилган пул Томонлар алоқа корхонасига келиб тушган кундан бошлаб бир ойдан ошмаслиги керак.
Почта жўнатмаси Бутун жаҳон почта Иттифоқининг почта жўнатмалари тўғрисидаги Битимининг ижроия регламентининг ИР 608-моддасида кўрсатилган сабабларга кўра назарда тутилган муддат давомида тўланмаса, у пулни жўнатган алоқа Маъмуриятига қайтарилади.
6-модда
Зарурат бўлганда Томонлар қабул қилинган қарор тўғрисида иккинчи Томонни ёзма равишда олдиндан хабардор қилган ҳолда чиқиб кетувчи почта орқали пул жўнатмаларини ҳам миқдорига кўра, ҳам суммасига кўра бир томонлама чеклашга ҳақли бўладилар.
7-модда
Мазкур Битим шартлари Томонлардан бири томонидан бажарилмаган тақдирда иккинчи Томон бу ҳақда маълум қилади ҳамда 30 кун давомида жавоб олмаган тақдирда почта жўнатмалари айирбошлашни бир томонлама тартибда тўхтатиш ҳуқуқига эга бўлади.
8-модда
Сохта жўнатма тўланган тақдирда моддий жавобгарлик бунга йўл қўйишда айбдор бўлган Томонга юклатилади.
Қабул қилиш технологияси ёки жўнатмани тўлаш бузилиши муносабати билан жўнатма нотўғри тўланган тақдирда алоқа корхонаси ушбу тартибни бузган Томон моддий жавобгар бўлади.
9-модда
Томонларнинг почта жўнатмаларига ишлов беришга доир харажатлари Томонлар томонидан ҳар бир жўнатма учун 0,1 қарз олишнинг махсус ҳуқуқи тарифи бўйича ундирилади.
Томонлар янги тарифларни назарда тутишлари ва умумий розиликка кўра уларни қабул қилишлари мумкин.
10-модда
Битим шартларини ўзгартириш ва тўлдириш Томонларнинг ўзаро розилиги билан бажарилади.
11-модда
Жўнатма операциялар бўйича ўзаро ҳисоб-китоблар Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлигининг Халқаро ҳисоб-китоблар ва шартномалар маркази ва Грузия Алоқа ва почта вазирлигининг пул жўнатмаларини назорат қилиш бюроси томонидан амалга оширилади
12-модда
Почта жўнатмалари бланкларини тўлдириш (112-шакл) ва хизмат ёзишмалари рус тилида олиб борилади.
13-модда
Мазкур Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва Томонлардан бири Битимнинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисида иккинчи Томонни камида уч ой олдин ёзма равишда хабардор қилгунига қадар амал қилади.
Битим тўланган почта жўнатмалари суммалари бўйича ўзаро ҳисоб-китоблар Томонлар томонидан тўлиқ бажарилгандан кейин ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади.
1996 йил 28 майда Тбилиси шаҳрида ўзбек, грузин ва рус тилларида икки нусхада тузилди, барча матнлар бир хил кучга эгадир.
Мазкур Битимнинг қоидаларини талқин қилишда ҳар қандай тафовут келиб чиққан тақдирда рус тилидаги матн асос қилиб олинади.
(имзолар)