Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИНИНГ ОДДИЙ АСКАРЛАР ВА СЕРЖАНТЛАР ТАРКИБИДА МУДДАТЛИ ҲАРБИЙ ХИЗМАТНИ ЎТАЁТГАН ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАРГА ҚЎШИМЧА ИМТИЁЗЛАР БЕРИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 29 ноябрдаги 680-сонли «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари соҳасидаги миллий қонунчилик базасини комплекс тизимлаштириш белгиланганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
«Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, жанговар тайёргарлик самарадорлиги ва қўшинларнинг жанговар шайлигини, ҳарбий хизматнинг нуфузини ошириш, муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш, шунингдек ҳар томонлама етук, Ватанга садоқатли ёшларни тарбиялаш, Қуролли Кучлар, махсус хизматлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини армия мактабини ўтаган мард ва ватанпарвар кадрлар билан тўлдириш, бунинг учун пухта тайёргарлик кўрган резерв барпо этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Молия, Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий хавфсизлик хизмати ва Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитанинг 2003 йил 1 июлдан бошлаб оддий аскарлар ва сержантлар таркибида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг:
лавозим маошларини — икки баравар;
ҳарбий хизматдан бўшатилганда бериладиган нафақа миқдорини — энг кам ойлик иш ҳақининг саккиз бараваригача ёки 20 бараварга ошириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
Белгилаб қўйилсинки, муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг пул таъминотини ошириш билан боғлиқ харажатлар Молия вазирлигининг «Сафарбарлик чақируви резерви маблағлари» махсус ҳисоб рақамига тушаётган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (М.Б. Нурмуродов) Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий хавфсизлик хизмати, Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитанинг асосланган ҳисоб-китобларига биноан 2003 йилда «Сафарбарлик чақируви резерви маблағлари» махсус ҳисоб рақамидан муддатли хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг таъминотини яхшилаш, уларни зарур анжомлар билан таъминлаш, қўшилмалар ва қисмларни спорт инвентарлари ҳамда тренажёрлар, замонавий компьютер техникаси, ўқув материаллари, кутубхона фонди билан жиҳозлаш учун 2,0 млрд сўм йўналтирсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган фуқаролар Қуролли Кучларни малакали кадрлар билан тўлдириш учун зарур бўлган техник ва бошқа мутахассисликлар бўйича республиканинг олий таълим муассасаларига ўқишга кираётганида уларга тест синовларида тўпланиши мумкин бўлган энг кўп баллнинг 20 фоизи миқдорида қўшимча имтиёз берилсин. Мазкур имтиёз ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномаси мавжуд бўлган тақдирда берилади.
Белгилаб қўйилсинки, мамлакат олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳарбий қисмларнинг тавсияномалари жанговар ва ижтимоий-сиёсий тайёргарликда юқори натижаларга эришган муддатли ҳарбий хизматчиларга қўшилмалар командирлари ҳамда уларга тенглаштирилган, ҳарбий хизматчини тавсифловчи маълумотларнинг тўғрилиги учун жавобгар бўлган мансабдор шахслар томонидан берилади.
Ҳарбий қисмлар қўмондонлиги тавсияномалари улар берилган кундан бошлаб уч йил мобайнида ҳақиқий ҳисобланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Мудофаа вазирлиги (Қ.Ғ. Ғуломов) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (С.С. Ғуломов) билан биргаликда муддатли ҳарбий хизматни ўтаган фуқароларга ўқишга киришда ушбу қарорнинг 3-бандида кўрсатилган имтиёзлар бериладиган таълим йўналишлари ва олий таълим муассасалари рўйхатини икки ҳафта муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. Белгилаб қўйилсинки, Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитасида контракт бўйича хизмат қиладиган ҳарбий хизматчилар, оддий аскарлар ва сержантлар таркиби энг аввало:
(5-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 26 июлдаги 359-сонли қарори таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 30-сон, 345-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган;
сафарбарлик чақируви резервидаги хизматда бўлган ва Махсус ҳисоб рақамига пул бадалини тўлиқ миқдорда тўлаган, бир ойлик ҳарбий йиғинларда қатнашган ҳамда ҳарбий ҳисобдаги ихтисосликка турдош мутахассисликка эга бўлган шахслар ҳисобидан тўлдирилади.
6. Адлия вазирлиги (А.А. Полвон-зода) манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ушбу қарордан келиб чиққан ҳолда амалдаги норматив ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклиф тайёрласин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў.Т. Султонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2003 йил 22 май,
227-сон
(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 9-10-сон, 76-модда; 2004 й., 30-сон, 345-модда; 2005 й., 43-44-сон, 328-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.04.2018 й., 09/18/267/1030-сон, 21.09.2018 й., 09/18/748/2024-сон)