Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТЎҒРИДАН-ТЎҒРИ ХОРИЖИЙ ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИ ҲУҚУҚИЙ ҲИМОЯ ҚИЛИШНИ КУЧАЙТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 мартдаги 252-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзи қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Прокуратура органларининг қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлашдаги фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 15 февралдаги ПҚ-5343-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
«Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ва республикага тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун янада қулай шарт-шароитларни таъминлаш, хорижий инвестицияларни ишончли ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг амалий механизмини барпо этиш, мана шу асосда мамлакатдаги инвестиция муҳитини янада яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига хорижий инвесторларни ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ҳуқуқий ҳимоя қилишни таъминлаш вазифаси юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
хорижий инвесторларни ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни жавобгарликка тортишнинг асослилигини зарур ҳужжатлар, шу жумладан жиноий, фуқаролик, хўжалик ва маъмурий ишлар материаллари билан танишиш йўли билан ўрганиб чиқиш;
вазирликлар, идоралар ва назорат органлари, шунингдек маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари раҳбарларига қонун ҳужжатларининг аниқланган бузилишлари, қонун бузилишини ва унга олиб келувчи шарт-шароитларнинг сабабларини бартараф қилиш тўғрисида белгиланган муддатларда бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;
мансабдор шахслар томонидан хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши ҳоллари аниқланган ҳолларда, шунингдек адлия органларининг қонуний талаблари мансабдор шахслар томонидан бажарилмаган тақдирда айбдор мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалаларни тегишли органлар олдига қўйиш;
хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқларини бузаётган назорат қилувчи ҳамда маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органларининг ҳаракати ёки қарорларини тўхтатиб қўйиш;
жиноий, фуқаролик, хўжалик ва маъмурий ишлар бўйича хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузувчи суд ҳужжатларини давлат божи тўламасдан қайта кўриб чиқиш тўғрисида суд инстанцияларига таклифлар билан мурожаат қилиш;
хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисидаги мурожаатларини текшириш учун тегишли мутахассисларни жалб этиш.
Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлашга доир қарорлари вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тузилмасида штатдаги ходимлар сони 10 нафар бўлган (техник ходимлардан ташқари) Хорижий инвестициялар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигида, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларида эса — иловага мувофиқ ходимлар сонига эга бўлган тегишли бўлимлар ташкил этилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Хорижий инвестициялар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси ва тегишли бўлимларнинг жорий таъминотини молиялаштиришни назарда тутсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:
икки ҳафта муддатда Хорижий инвестициялар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармасининг тузилмасини ва Бошқарма тўғрисидаги низомни тасдиқласин;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарга нисбатан амалдаги имтиёзлар ва кафолатлар рўйхатини, уларни қўллаш бўйича шарҳлар билан биргаликда, икки ой муддатда тайёрласин;
Хорижий сармоялар бўйича агентлик билан биргаликда Ўзбекистон Республикасидаги хорижий инвесторлар фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тизимлаштирилган тўпламини Интернет тармоғига жойлаштириш учун хорижий тилларда уч ой муддатда тайёрласин.
4. Вазирлар Маҳкамасининг Ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар департаменти хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги минтақавий бўлимларининг моддий-техника базасини қўллаб-қувватлаш учун грантлар жалб этилишига кўмаклашсин.
5. Адлия вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар департаменти хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар фаолиятининг доимий мониторингини олиб борсинлар ҳамда хорижий инвесторлардан тушаётган мурожаатлар ва таклифларни батафсил ўрганиб чиқсинлар ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва хорижий инвесторларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича ишларни ташкил этишни янада яхшилаш юзасидан аниқ таклифлар билан биргаликда таҳлилий материалларни Вазирлар Маҳкамасига йилнинг ҳар чорагида тақдим этсинлар.
6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқувчи ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин, шунингдек вазирликлар ва идораларнинг норматив ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини таъминласин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Р.С. Азимов ва Э.М. Ғаниев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2003 йил 2 май,
205-сон
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларининг хорижий инвестициялар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўлимлари ходимларининг штатдаги сони
|
Минтақалар |
Штат бирликлари сони |
| Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Тошкент, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳри |
3 |
| Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Навоий, Сирдарё, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари |
2 |
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 9-10-сон, 72-модда; 2012 й., 37-сон, 429-модда; 2016 й., 17-сон, 176-модда)