Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Грузия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Меморандум
Туризм соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Грузия Республикаси Ҳукумати,
иқтисодий, ижтимоий ва маданий тараққиётда туризмнинг муҳим ўрин тутишини эътиборга олиб,
туризмни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш ва ҳар иккала давлат ҳаёти билан ўзаро танишиш мақсадида,
туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш манфаатларидан келиб чиқиб,
ушбу Меморандумни куйидагилар ҳақида тузишга қарор қилдилар:
Томонлар ҳар иккала давлат фуқароларини иккала мамлакат халқларининг иқтисодиёт, ижтимоий ривожланиш, маданият соҳасидаги ютуқлари, табиати ва диққатга сазовор жойлари ҳамда тарихий ёдгорликлари ва маданий анъаналари билан таништириш мақсадида туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга кўмаклашадилар.
Томонлар тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро фойда кўриш асосида хорижий туризмни ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик қиладилар ҳамда туристик ҳаракатни кучайтириш, туристларнинг ҳар иккала давлат ҳудудига киришлари ва юришлари учун қулай шароитлар яратиш мақсадида маъмурий расмиятчиликларни соддалаштиришга кўмаклашадилар.
Томонлар хорижий ва ички туризмнинг барча соҳаларида тажриба алмаштиришни осонлаштирадилар, ҳар иккала давлатнинг туризм бўйича ҳукумат органлари, шунингдек туризм ва уни ривожлантириш масалалари билан шуғулланувчи бошқа ташкилотлари ва муассасалари ўртасидаги ҳамкорликка кўмаклашадилар.
Томонлар, шунингдек реклама материалларини эълон қилиш, ахборот, босма нашрлар, кўргазмалар, фильмлар айирбошлаш йўли билан туристлар оқимини ҳар иккала мамлакатга жалб этиш учун туристик ахборот ёйилишига ёрдам берадилар.
Томонлар туристик мажмуалар ходимларини ўқитишда ўзаро ёрдам кўрсатадилар ва туризм бўйича тегишли органлар мутахассисларини айирбошлашга кўмаклашадилар, туризм соҳасида инвестиция лойиҳаларини ташкил этиш ва амалга оширишда манфаатдор идоралар ва ташкилотларга ёрдам кўрсатадилар.
Томонлар туристик алоқаларнинг аҳволини аниқлаш ва ушбу соҳада ҳамкорликни ривожлантириш учун туристик идоралар раҳбарларининг ҳар йилги учрашувларини ўтказишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайдилар.
Томонлар туризм соҳасида самаралироқ ҳамкорлик қилиш мақсадида икки мамлакат ўртасида авиация қатновлари йўлга қўйилишига, тегишлича ҳар иккала мамлакатда туристик ваколатхоналар ташкил этилишига кўмаклашадилар ва уларнинг фаолиятига ҳар томонлама ёрдам кўрсатадилар.
Ушбу Меморандум беш йил муддатга тузилган ва имзоланган пайтдан бошлаб кучга киради.
Башарти Томонлардан ҳеч бири мазкур Меморандумнинг ёки навбатдаги беш йиллик даврнинг амал қилиши муддати тамом бўлишидан камида олти ой олдин унинг амал қилишини тўхтатиш ҳақидаги ўз нияти тўғрисида ёзма равишда маълум қилмаса, Меморандумнинг амал қилиш муддати ўз-ўзидан кейинги беш йиллик даврларга узайтирилади.
1995 йил 4 сентябрда, Тошкент шаҳрида, ҳар бири ўзбек, грузин ва рус тилларида бўлган икки нусхада тузилди, барча матнлар бир хил кучга эгадир. Мазкур Меморандумни талқин қилиш мақсадида рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)