Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Грузия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Божхона иши соҳасидаги муносабатларнинг асослари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Грузия Республикаси Ҳукумати, бундан кейин Томонлар деб аталадилар,
анъанавий дўстликни ва ўзаро амалий муносабатларни сақлаш ва мустаҳкамлаш истагини билдириб,
халқаро ҳуқуқ меъёрлари, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик асосида қурилган божхона ишидаги ҳамкорликни ривожлантириш истагини билдириб,
иқтисодиётни ривожлантиришни рағбатлантириш ва ички бозорни ҳимоя қилиш мақсадида,
куйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар ўртасидаги божхона иши соҳасидаги ҳамкорлик Томонлар ўртасидаги эркин савдо ҳақидаги Битим тамойиллари асосида қурилади.
2-модда
Мазкур Битим мақсадларини амалга ошириш учун Томонлар мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхоналар, фирмалар ўртасидаги бевосита алоқаларни рағбатлантириш, бир Томон фуқароларининг бошқа Томон ҳудудига тўсиқсиз кириб боришлари ва ўтиб юришларини таъминлаш учун қулай шарт-шароитлар яратадилар.
3-модда
Томонлар бир-бирларининг божхона ишлари таъминотини тан оладилар.
4-модда
Мазкур Битим ҳар қандай Томоннинг халқаро ҳуқуқ меъёрларига, шунингдек унинг ички қонунларига мувофиқ давлат хавфсизлигини, иқтисодий манфаатларини, жамоат тартибини, аҳолисининг саломатлигини ёки маънавиятини, ўз халқларининг маданий-тарихий меросини ҳимоя этиш, камёб ҳайвонлар ва ўсимликларни муҳофаза қилиш учун зарур бўлган чора-тадбирлар кўришга доир ҳуқуқларига дахл қилмайди.
5-модда
Томонлар мазкур Битимга, халқаро ҳуқуққа зид келадиган ва ҳар иккала давлат ҳуқуқларини камситадиган меъёрий ҳужжатлар қабул қилмаслик мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар.
6-модда
Томонлар Божхона иши соҳасидаги ҳамкорлик уларнинг учинчи мамлакатлар билан мажбуриятларига халақит қилмасдан ва ана шу мамлакатлар билан божхона муносабатларининг ривожланишига тўсиқ бўлмасдан равнақ топади, деган якдил фикрдадирлар.
7-модда
Мазкур Битимни талқин қилиш ва қўлланиш муносабати билан вужудга келиши мумкин бўлган баҳсли масалаларни бартараф этиш тартиби Томонлар ўртасида тузиладиган алоҳида битим билан белгиланади.
8-модда
Томонлар икки томонлама божхона муносабатларининг бутун мажмуи бўйича алоҳида битимлар тузишга келишиб олдилар.
9-модда
Мазкур Битим Томонларнинг ҳар бирига нисбатан у имзоланган кундан бошлаб кучга киради.
Мазкур Битим беш йиллик муддатга тузилади, бу муддат Битим кучга кирган кундан бошлаб ҳисобланади ва, агар Томонлардан бири ўзининг Битимнинг ҳаракатини тўхтатиш тўғрисидаги хоҳиш-истагини шундай беш йиллик муддатнинг якунланишига олти ой қолгунигача ёзма шаклда маълум қилмаса, у ҳар сафар яна навбатдаги беш йиллик даврга ўз-ўзидан узайтирилаверади.
Битим 1995 йил 4 сентябрда, Тошкент шаҳрида, икки нусхада, грузин, ўзбек ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эгадир.
Мазкур Битимни талқин қилиш мақсадларида рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)