Ўзбекистон Республикаси ва Грузия Республикаси ўртасида
Шартнома
дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси ва Грузия Республикаси, бундан кейин Олий Аҳдлашувчи Томонлар деб аталувчилар,
ўз халқлари ўртасида ўрнатилган алоқалар, дўстона муносабатлар анъаналарига суяниб,
ўзаро фойдали ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш иккала давлат миллий манфаатларига мос келади ва уларнинг иқтисодий ва ижтимоий равнақига ёрдамлашади, деб ҳисоблаб,
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми, Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Кенгашининг Хельсинки Якунловчи Акти, Янги Европа учун Париж Хартияси ва бошқа ҳужжатлари мақсад ва қатъиятларига содиқ эканликларини билдириб,
жаҳонда ва минтақаларда тинчлик, хавфсизлик, ва барқарорликни мустаҳкамлаш мақсадида халқаро майдонда ўзаро келишиб ҳаракат қилишнинг мақсадга мувофиқлиги ва заруратидан келиб чиқиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашдилар:
1-модда
Олий Аҳдлашувчи Томонлар ўзаро дўст давлатлар сифатида муносабат ўрнатадилар. Улар изчил равишда давлат суверенитети, ҳудудий бутунлиги ва чегараларни бузмаслик, тенг ҳуқуқлилик, бир-бирларининг ички ишларига аралашмаслик, куч ишлатмаслик ва куч ишлатиш билан дағдаға қилмаслик, баҳсларни тинч йўл билан бартараф этиш, инсон ҳуқуқлари ва асосий озодлигини ҳурматлаш, ҳамкорлик ва халқаро мажбуриятларни виждонан бажариш, шунингдек, халқаро ҳуқуқнинг бошқа кўпчилик тарафидан тан олинган меъёрларига амал қилишни бўйинга оладилар.
2-модда
Олий Аҳдлашувчи Томонлар глобал ва минтақавий майдонларда тинчликни мустаҳкамлаш, барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш мақсадида ўзаро ҳамкорлик қиладилар. Улар жамоавий хавфсизлик тизимини ўрнатиш, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Кенгашининг тинчликсеварлик мавқеи, минтақавий хавфсизлик тузилмалари самарали фаолиятини ва зиддиятларни қуролли барқарорлаштириш тузилмасини таъминлашга ёрдамлашадилар.
3-модда
Олий Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бири иккинчи Олий Аҳдлашувчи Томонга қарши қаратилган иттифоқ ёки блокларга, бирон-бир ҳаракат ва тадбирга қўшилмайди.
4-модда
Олий Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бири истиқомат мамлакати қонунчилигида ўрнатилган чеклашларни ҳисобга олган ҳолда ўз ҳудудида яшаб турган иккинчи Томон фуқароларига ўз фуқароларига бериладиган асосларда ва айнан ўша даражадаги ҳуқуқ ва асосий озодликларни беради.
Олий Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бири давлат суверенитети қатъиятини ҳисобга олган ҳолда иккинчи Томон ҳуқуқини тан олади ва ушбу Шартномага мувофиқ равишда иккинчи Томон ҳудудида яшаётган ўз фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга киришади.
5-модда
Олий Аҳдлашувчи Томонлар тенг ҳуқуқли ва ўзаро фойдали бир-бирларига имкон қадар қулай имкониятлар яратиб, иқтисодий соҳада тенг ҳуқуқли ва ўзаро фойдали ҳамкорликларини ривожлантирадилар.Улар халқаро иқтисодий, молиявий ва бошқа ташкилотлар, битимлар ва конвенцияларда улар самарадорлигини ошириш учун иштирок этадилар.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар Қора денгиз ва Каспий иқтисодий ҳамкорлиги умумий бозорини шакллантириш, ўз ҳудудларида ўзбек ва грузин сармояси иштирокида эркин иқтисодий майдонлар, барпо этиш ғоясини қўллаб-қувватлайдилар.
6-модда
Олий Аҳдлашувчи Томонлар нақлиёт(темир йўл, автомобиль, ҳаво йўллари) махсус тизимларини бошқариш, энергетика, информатика ва алоқа, шу жумладан, йўлдош алоқа ва телекоммуникация, ишлаб чиқариш инфратузилмаси ва миллий транс руҳидаги бошқа соҳаларда қўшма дастурлар яратишда ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида аҳамият берадилар.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар транспортировка умумий тизимини яратиш, нефть, табиий газ ва бошқа энергия воситаларини қайта ишлаш ва улардан фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, аҳолини озиқ-овқат ва бошқа кундалик эҳтиёж моллари билан таъминлаш борасида ҳамкорлик қиладилар.
7-модда
Олий Аҳдлашувчи Томонлар ҳуқуқий ва жисмоний шахсларнинг иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти учун кулай иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий шароитлар яратадилар, улар ётқизган сармояларни омиллаштирадилар ва ўзаро ҳимоя қиладилар.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар иккала давлат кооперациялари ва фуқаролари, корхоналари, фирмалари ҳамда иқтисодий ҳамкорликнинг бошқа субъектлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларнинг турли шаклларини рағбатлантирадилар.
Улар икки тарафлама солиқдан қутулиш тўғрисида алоҳида битим тузадилар.
8-модда
Олий Аҳдлашувчи Томонлар экологик хавфсизлик ва ўзаро ҳамкорликнинг барча жиҳатларини қамраб олувчи умумлаштирувчи халқаро тизимни барпо этишга интилиб, экологик хавфсизлик, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиат ресурсларидан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорликларга алоҳида аҳамият берадилар.
9-модда
Олий Аҳдлашувчи Томонлар таълим, фан ва техника соҳаларида ҳамкорликни ривожлантирадилар, ўқув юртлари, илмий тадқиқот ва лойиҳа-конструкторлик муассасалари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни рағбатлантирадилар, кадрлар тайёрлаш, олимлар, мутахассислар, аспирантлар ва талабалар айирбошлаш ишига ёрдамлашадилар.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар олий ўқув юртларини тугатганлиги ҳамда илмий даража ва унвонлар берилганлиги тўғрисидаги дипломлар ва бошқа ҳужжатларнинг ўзаро тан олинишига асос бўладиган тадбирларни ишлаб чиқадилар.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар илғор технология ва бошқа эътиборли йўналишлар бўйича қўшма дастурлар ва ишланмаларни амалга ошириш борасида ҳамкорлик қиладилар.
10-модда
Олий Аҳдлашувчи Томонлар маданият, санъат, саёҳат ва спорт соҳаларида ҳамкорлик ва алоқалар, эркин маълумот айирбошлашга ёрдамлашадилар.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар бу соҳалардаги ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлари ва муассасалари, хусусий ташкилотлар ва шахслар ўртасидаги қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, маданий, илмий ва бошқа жамғарма ва ассоциациялар фаолият кўрсатиши борасида ҳамкорлик қиладилар. Бир-бирларининг ҳудудларида иккала мамлакат маданий марказларини очиш тўғрисида битим тузилади.
11-модда
Олий Аҳдлашувчи Томонлар ҳуқуқий актларни ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва қўллаш тўғрисида мунтазам равишда маълумот айирбошлашни амалга оширадилар ва халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар тайёрлашда ҳамкорлик қиладилар.
12-модда
Олий Аҳдлашувчи Томонлар, халқаро ҳуқуқ ва ички қонунчилик меъёрларига мувофиқ равишда, уюшган, шу жумладан, халқаро жиноятчилик ва терроризмга, шу қаторда фуқаро авиацияси ва нақлиётнинг бошқа турлари хавфсизлигига, гаровга олиш, контрабанда, гиёҳванд воситалар ва психотроп моддаларни қонунсиз равишда қўллаш, маданий бойликларни қонунсиз равишда олиб кетишга қарши кураш бўйича тадбирларда ҳамкорлик қиладилар.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар ўзаро манфаатли шу ва шу каби масалалар бўйича ҳамкорлик тўғрисида алоҳида битим тузадилар.
13-модда
Олий Аҳдлашувчи Томонлар иккала давлат парламентлари ва парламентарийлари ўртасида алоқа ва ҳамкорликни ривожлантирадилар.
14-модда
Олий Аҳдлашувчи Томонлар ушбу Шартнома қоидаларини амалга ошириш учун талаб қилинадиган бошқа шартнома ва битимлар тузадилар.
15-модда
Ушбу Шартнома Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг ўзлари аъзо бўлган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
16-модда
Ушбу Шартномани бажариш мақсадида Олий Аҳдлашувчи Томонлар мунтазам суратда йилига бир мартадан кўп бўлмаган тартибда турли даражадаги машваратлар ўтказадилар ва зарурат туғилган маҳалда тегишли комиссиялар тузадилар.
17-модда
Ушбу Шартнома тасдиқланиши керак ва у тасдиқланиш ёрлиқлари айирбошланган кундан эътиборан кучга киради.
18-модда
БМТ Низомининг 102-моддасига биноан ушбу Шартнома БМТ Котибиятида рўйхатга олиниши лозим.
19-модда
Ушбу Шартнома беш йил муддатга тузилади.
Агар Олий Аҳдлашувчи Томонлардан бири унинг амал қилиш муддатини тўхтатиш истаги борлиги ҳақида ушбу шартнома муддати ёки кейинги беш йиллик муддат тугашидан олти ой олдин ёзма равишда маълум қилмаса, ўз-ўзидан бу муддат кейинги беш йилликка чўзилади.
Тошкент шаҳрида 1995 йил 4 сентябрда ҳар бири ўзбек, грузин за рус тилларида бўлган икки нусхада тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга. Ушбу Шартнома мазмунини талқин қилишда рус тилидаги матн қўлланади.
(имзолар)