Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Словакия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик тўғрисида
Қуйида «Аҳдлашувчи Tомонлар» деб аталувчи Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Словакия Республикаси Ҳукумати,
савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш истагига амал қилиб,
ўзаро савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш учун шартномавий-хуқуқий асослар ва қулай шароитлар яратиш истагида,
ҳар иккала республиканинг сиёсий ва иқтисодий тизимида рўй бераётган чуқур ўзгаришларни эътиборга олган ҳолда,
ҳар иккала давлат иқтисодиётини изчил равишда жаҳон хўжалигига интеграциялашга интилиб,
халқаро ҳуқуқ нормалари тенг ҳуқуқлилик, ўзаро манфаатдорлик принципларига мувофиқ равишда ҳамда ҳар бир давлатда амалда бўлган қонунчилик доирасида,
тарифлар ва савдо бўйича Бош Битим (ГАТТ) Бутунжаҳон савдо ташкилоти (БСТ) нинг халқаро савдодаги ролини инобатга олган ҳолда ҳамда унинг норма ва қоидаларига амал қилиш мақсадида,
қуйидагилар хусусида келишиб олдилар:
1-модда
Аҳдлашувчи Томонлар биринчи навбатда ўзаро товар обороти ва кўрсатиладиган хизматларни кўпайтиришга қаратилган ўзаро иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга яқиндан ёрдам берадилар.
Аҳдлашувчи Томонлар ўз давлатларида амалда бўлган қонунчилик доирасидаги иқтисодий савдо ва илмий-техникавий ҳамкорликнинг барча шаклларини таъминлаш, енгиллаштириш ва рағбатлантиришга оид барча зарурий чораларни қабул қилишга розилик билдирдилар.
2-модда
Аҳдлашувчи Томонлар бож ҳақи ва бошқа тўловларни, шунингдек четдан мол олиш ва четга мол чиқаришдаги бож ҳақи ва бошқа тўловларни ундириш борасида бир-бирлари учун энг қулай режим яратадилар.
Энг қулай режим:
бошқа давлатлар билан чегарада савдо қилиш ёки минтақалараро савдони енгиллаштириш мақсадида Аҳдлашувчи Томонлардан бири қўшни давлатларга берган ёки келгусида берадиган имтиёз ва енгилликлар;
Аҳдлашувчи Томонларнинг божхона уюшмаси ва эркин савдо зонасидаги иштирокидан келиб чиқувчи имтиёз ва қулайликларга тааллуқли эмас.
3-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ҳар иккала давлатнинг хўжалик фаолияти субъектлари (бундан буён «субъектлар» деб юритилади) ўртасида товар айирбошлаш ва хизматлар кўрсатиш ҳар иккала давлатнинг қонунчилик нормаларига мувофиқ равишда, халқаро савдо практикасида қабул қилинган жаҳон нархлари ва принциплари бўйича тузилган контрактлар асосида амалга оширилишига келишиб олдилар.
4-модда
Аҳдлашувчи Томонлар давлат субъектларининг товарларни етказиб бериш ва кўрсатиладиган хизматлар юзасидан савдо битимлари тузишлари ва уларни амалга оширишлари учун қулай шароитлар яратадилар.
Субъектлар ўзаро товарлар билан таъминлаш ва хизматлар кўрсатиш борасида ўз давлатларида амалда бўлган қонунчиликка мувофиқ ишчан ҳамкорликнинг исталган шаклидан (товон тўлаш асосида бартер, лизинг, аукцион харидлар ва ш. к.) фойдаланиш ҳуқуқига эгадирлар.
5-модда
Ўзаро товар айирбошлаш доирасида Аҳдлашувчи Томонлар ўз иқтисодиётларининг энг муҳим эҳтиёжлари учун аҳамиятга эга бўлган товарларни етказиб бериш ва кўрсатиладиган хизмат турлари рўйхати борасида тегишли органлар даражасида ўзаро келишиш имкониятига эга эканликларини инкор этмайдилар.
6-модда
Ўзбекистонлик ва Словакиялик тадбиркорларга халқаро савдо алоқаларини ривожлантириш соҳасида кўмаклашиш мақсадида Аҳдлашувчи Томонлар ўз мамлакатлари ҳудуди орқали товарлар транзитини тартибга солувчи масалаларни кўриб чиқади.
7-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўзларининг жисмоний ва юридик шахслари ўртасидаги бевосита алоқалар, делегациялар ва тадбиркорларнинг сафар алмашувлари, ярмаркалар, кўргазмаларда иштирок этиш ҳамда ахборот алмашуви учун қулай шароитлар яратадилар.
8-модда
Савдо-иқтисодий ва саноат соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга эканлигини назарда тутиб, Аҳдлашувчи Томонлар ўз давлатлари қонунчилигини ҳисобга олган холда, ўз мамлакатлари ҳудудида ташкилотлар, корхоналар, фирмалар, банклар, савдо уйлари, ширкатлар ва компанияларнинг филиаллари ва ваколатхоналарини ташкил эгиш ҳамда уларнинг савдо ва иқтисодий фаолият юритишлари учун қулай шароитлар яратадилар.
9-модда
Ҳар иккала мамлакатдаги бозор иқтисодий муносабатларининг ривожини ҳисобга олган холда ҳамда ҳар бир давлатда амалда бўлган қонунчиликка мувофиқ Аҳдлашувчи Томонлар:
инвестициялар юритиши учун дастлабки шарт-шароитлар яратиш;
энг муҳим лойиҳаларни амалга ошириш учун ҳар иккала давлат инвестицияларини бирлаштириш;
иккала давлат субъектларининг эркин иқтисодий зонани ривожлантиришдаги иштироки;
хусусийлаштириш жараёнидаги ўзаро манфаатдорликни тасдиқлайдилар.
10-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўз давлатларида амалда бўлган қонунчиликка мувофиқ ҳамкорликдаги тадбиркорликни ривожлантириш жумладан инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоялаш ҳамда икки томонлама солиқ солишнинг олдини олиш борасида қулай шароитлар яратадилар.
11-модда
Фундаментал ва амалий фанлар, илғор техника ва технологиялар соҳасидаги илмий-техникавий ҳамкорлик иқтисодий ривожланишда муҳим роль ўйнашини ҳисобга олган ҳолда, Аҳдлашувчи Томонлар ўзаро илмий-техникавий алоқаларни кенг ривожлантириш учун зарурий шароитлар яратадилар.
Илмий-техникавий ҳамкорликни амалга оширишда Аҳдлашувчи Томонлар ўз давлатлари ҳудудида амалда бўлган қонунчиликка мувофиқ саноат ва интелектуаль мулкка бўлган ҳуқуқларнинг муҳофаза қилинишини таъминлайдилар.
12-модда
Туризмни ривожлантириш ўзаро иқтисодий алоқаларни чуқурлаштиришда муҳим роль ўйнашини англаган ҳолда, Аҳдлашувчи Томонлар амалдаги қонунчилик доирасида ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг халқаро туризм ва саёҳатлар бўйича Конференцияси (Рим, 1963 й.) тавсиялари, шунингдек «Туризм ва туристлар кодекси хартияси» (София. 1985 й.) асосида иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда яқиндан ёрдам берадилар.
13-модда
Ўзбекистон Республикаси ва Словакия Республикаси ўртасидаги тижорат ва нотижорат характеридаги барча ҳисоб-китоблар эркин муомаладаги валютада, агар Аҳдлашувчи Томонлар ўзга тарзда келишмасалар, халқаро банк практикасида кўзда тутилган исталган кўринишда амалга оширилади. Ҳар иккала давлат банклари ўзаро ҳисоб-китоб қилиш тартиби тўғрисида тегишли шартнома тузишлари мумкин.
14-модда
Мазкур Битимнинг амалда қўлланишини кўриб чиқиш ёки унинг зарурий тартибга келтирилиши ва бажарилиши учун Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг илтимосига кўра уларнинг вакиллари навбатма-навбат ўз мамлакатларида учрашадилар.
15-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар ўз субъектларига барча низоларни биринчи навбатда музокаралар воситасида дўстона тарзда ҳал этишни тавсия этадилар.
2. Ҳар иккала давлатда амалда бўлган қонунчилик доирасида ҳамда субъектлар ўртасидаги келишувларга мувофиқ равишда Аҳдлашувчи Томонлар:
а) Аҳдлашувчи Томонлар субъектлари ўртасидаги савдо ва ширкат битимлари, шунингдек қўшма корхоналар тузиш ва бевосита инвестицияларни амалга ошириш мобайнида юзага келадиган битимларни ҳал эгиш билан боғлиқ бўлган низоли масалаларни ва бошқа муаммоларни тартибга солиш учун арбитраж жалб эгиш;
б) Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг халқаро савдо ҳуқуқи бўйича Комиссияси (ЮНСИТРАЛ) томонидан ишлаб чиқилган арбитраж қоидаларини қўллаш ва давлатлардан бирининг арбитражи — чет эл арбитраж қарорларини тан олиш ва ижро этиш бўйича Конвенция (Нью-Йорк, 1958 й.) қатнашчиларини жалб этишни тавсия этадилар.
16-модда
Ушбу Битимнинг муддат ва шартлари Битим амалда бўлган даврда тузилган, аммо у ҳаракатдан тўхтатилгунга қадар бажарилмаган барча контрактларга нисбатан қўлланади.
Мазкур Битимга Аҳдлашувчи Томонларнинг ўзаро розилигига биноан тегишли қўшимча ва тўлдиришлар киритилиши мумкин.
17-модда
Мазкур Битим имзоланган кундан бошлаб қонуний кучга киради ва Аҳдлашувчи Томонлардан бири бошқа Аҳдлашувчи Томонни Битимни ҳаракатдан тўхтатиш тўғрисидаги ўз мақсадларидан хабардор қилган кундан бошлаб 6 ой мобайнида ўз кучини сақлаб қолади.
Ушбу Битим имзолангандан сўнг Ўзбекистон Республикаси ва Словакия Республикаси ўртасидаги муносабатлар хусусида Тошкент шаҳрида 1992 йил 16 май куни имзоланган «Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Чехия ва Словакия Федератив Республикаси Ҳукумати ўртасида савдо-иқтисодий алоқалар ва илмий-техник ҳамкорлик тўғрисидаги Битим» ўз кучини йўқотади.
Тошкент шаҳрида, 1995 йил 16 майда, икки асл нусхада тузилган, уларнинг ҳар бири ўзбек, словак ва рус тилларида бўлиб, матнларнинг барчаси бир хил кучга эга. Битимни талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолларда рус тилидаги матн асос бўлиб ҳисобланади.
(имзолар)