Жиззах вилояти халқ депутатлари Ғаллаорол тумани Кенгашининг
Қарори
Туман маҳаллий бюджетининг 2013 йилги кутилаётган ижроси ва 2014 йилга маҳаллий бюджетнинг белгиланган асосий истиқбол кўрсаткичлари тўғрисида
Туман маҳаллий бюджетининг 2013 йилги даромадлари ва харажатлари бўйича асосий кўрсаткичларидан кутилаётган ижроси ҳамда 2014 йилга белгиланган асосий истиқбол кўрсаткичларини муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 24, 25-моддаларига биноан, халқ депутатлари Ғаллаорол тумани Кенгаши қарор қилади:
1. Туман маҳаллий бюджетининг 2013 йилги даромадлар ва харажатлар бўйича асосий кўрсаткичларининг кутилаётган ижроси тўғрисидаги туман ҳокимининг ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Туман маҳаллий бюджети 2014 йил асосий истиқбол кўрсаткичларининг даромадлар қисми 21 млрд. 651 млн. сўм, харажатлар қисми 72 млрд. 556 млн. сўм, мақсадли субвенция миқдори 50 млрд. 905 млн. сўм қилиб белгиланганлиги маъқуллансин.
3. Туман ҳокимининг ўринбосари И. Алимқулов, туман Давлат солиқ инспекцияси (А. Исломов) ва Молия бўлими (С. Хайдаров) биргаликда туман маҳаллий бюджети даромадлар қисмини солиқ турлари бўйича белгиланган режаларини ошириб бажаришни таъминласин.
4. Туман Молия бўлими (С. Хайдаров)га:
2014 йилнинг «Соғлом бола йили» деб эълон қилиниши муносабати билан туман маҳаллий бюджетининг 2014 йил биринчи чораги, ярим йиллик ва тўққиз ойлик ижроси якунларига мувофиқ режадан ортиқча тушадиган даромадлар ҳисобидан туман аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган зарурий тузатишларни киритиб бориш;
бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланилиши ва уларнинг асоссиз сарфланишини бартараф этиш юзасидан ғазначилик ижроси тизими воситасида қатъий назорат қилинишини таъминлаш вазифалари юклатилсин.
5. Туман ҳокими ўринбосари И. Алимқуловга мутасадди ташкилотлар раҳбарлари билан биргаликда бюджет даромадларининг тасдиқланган кўрсаткичлари бажарилишини таъминлаш, минтақаларнинг солиқ солиш базаси кенгайтирилиши ва молиявий салоҳияти мустаҳкамланиши юзасидан зарурий чора-тадбирлар кўриш, бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш вазифалари топширилсин.
6. Ушбу қарор 2014 йил 1 январидан эътиборан кучга киради.
7. Мазкур қарор «Ғаллаорол овози» газетасида эълон қилинсин.
8. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, маҳаллий солиқлар, йиғимларни белгилаш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси зиммасига юклатилсин.
Халқ депутатлари Ғаллаорол тумани Кенгаши раиси А. ТИЛАБОВ
Ғаллаорол ш.,
2013 йил 30 декабрь,
135/25-4-сон