Самарқанд вилояти Булунғур тумани ҳокимининг
Қарори
Туманда ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тўғрисида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг 2021 йил 7 майдаги 219/30-VI-сонли «Самарқанд вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 25 майдан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунининг 17-моддаси, «Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 25-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги низомга асосан ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун туманда 2014 йил учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш мақсадида ҳамда туман ҳудудида жойлашган корхоналарда иш ўринларининг энг кам миқдорини белгилаш юзасидан берилган таклифларни инобатга олиб қарор қиламан:
1. Туман ҳудудида жойлашган, ишлаётган ходимларнинг ўртача сони 20 нафардан ортиқ бўлган корхона, ташкилот, муассасаларда 2014 йилда ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналадиган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлашишга қодир бўлмаган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш жойларининг энг кам миқдори, шу жумладан:
ёлғиз ота, ёлғиз она ҳамда 14 ёшгача ва ногирон болалари бор кўп болали ота-оналар учун — 30,9 % (156 киши);
ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлаган ёшларга, шунингдек, олий ўқув юртларининг давлат грантлари асосида таълим олган битирувчилар учун 216 киши;
(1-банднинг учинчи хатбошиси Самарқанд вилояти Булунғур тумани ҳокимининг 2014 йил 11 январдаги 12-қ-сонли қарори таҳририда)
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларидан муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилганларга 71 киши;
(1-банднинг тўртинчи хатбошиси Самарқанд вилояти Булунғур тумани ҳокимининг 2014 йил 11 январдаги 12-қ-сонли қарори таҳририда)
ногиронлар учун — 3,8 % (19 киши);
бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш туман (шаҳар) марказларида иш қидирувчи сифатида ҳисобда турган пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахслар учун — 16 киши;
жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки суд қарорига кўра тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларига тортилган шахслар учун 17 киши.
(1-банднинг еттинчи хатбошиси Самарқанд вилояти Булунғур тумани ҳокимининг 2014 йил 11 январдаги 12-қ-сонли қарори таҳририда)
одам савдосидан жабрланганлар учун 12 киши.
(1-банд Самарқанд вилояти Булунғур тумани ҳокимининг 2014 йил 11 январдаги 12-қ-сонли қарорига асосан саккизинчи хатбоши билан тўлдирилган)
2. Корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун иш жойларининг кўрсатиб ўтилган миқдорини Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги низомга мувофиқ белгиланган муддатларда ва тартибда яратилишини (ажратилишини ёки банд этиб қўйилишини) ҳамда иш жойлари санитария-гигиена нормаларига ва ходим ўз мажбуриятларини бемалол бажаришини таъминлайдиган меҳнат шароитларига мувофиқ бўлишини таъминласинлар.
3. Ушбу қарор ижроси бажарилмаган тақдирда ташкилотларнинг мансабдор шахсларига «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 15-бандига мувофиқ жарима солинади.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тўғрисида»ги низомга асосан ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш қидиришда қийналаётган шахслар учун банд қилиб қўйиладиган иш ўринларини туман ҳокими томонидан белгиланган миқдордан ортиқча ташкил этган ташкилотлар ушбу иш ўринларини ташкил этишга сарфланган маблағларнинг бир қисмини туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази билан тузилган шартнома асосида Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш ҳуқуқига эга эканликлари инобатга олинсин.
5. Туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази (Н. Рўзибоев) бир ҳафта муддатда ушбу қарорни тегишли корхона ва ташкилот раҳбарларига етказсин ҳамда унинг бажарилиши устидан қатъий назоратни таъминласин.
6. Туман ҳокимининг 2012 йил 22 октябрдаги 692-Қ-сонли «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тўғрисида»ги қарори 2013 йил 31 декабрдан ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари Б. Латипов зиммасига юклатилсин.
8. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ҳоким Х. АБЖАЛОВ
Булунғур т.,
2013 йил 27 сентябрь,
673-қ-сон