Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Туризм фаолиятини амалга ошириш ва лицензиялаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 майдаги 266-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан 2024 йил 1 сентябрдан ўз кучини йўқотади.
Туризм фаолиятини лицензиялаш ва амалга ошириш тартибини янада такомиллаштириш, кичик бизнес субъектларининг тадбиркорлик фаолияти учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг Туризм фаолиятини лицензиялаш комиссияси ва «Ўзбектуризм» миллий компанияси уч ой муддатда:
ушбу қарор кучга киргунга қадар берилган лицензияларни хатловдан ўтказсинлар ва улар янги намунадаги лицензиялар билан алмаштирилишини таъминласинлар;
туризм фаолияти субъектлари билан биргаликда лицензия битимларини Туризм фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқлаштирсинлар.
3. «Ўзбектуризм» миллий компанияси икки ҳафта муддатда:
туризм ташкилотларининг ходимларига ва гидларга (экскурсоводларга) малака сертификати бериш тартиби тўғрисидаги низомни;
туризм хизматларини сертификатлаш қоидаларини;
туризм хизматлари кўрсатиш қоидаларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2014 йил 13 март,
60-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 13 мартдаги 60-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 11 ноябрдаги 497-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2003 й., 11-сон, 113-модда) билан тасдиқланган Туризм фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомда:
Кейинги таҳрирга қаранг.
а) 2-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«2. Туризм фаолиятига «Туризм тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ саёҳатларни ва улар билан боғлиқ хизматларни ташкил этишга доир фаолият тегишлидир.
Туризм фаолияти туризм хизматларининг қуйидаги турларини кўрсатиш йўли билан амалга оширилади:
меҳмонхона хизматлари — жойлаштириш воситаларида (меҳмонхона хўжаликлари, туризм комплекслари, туризм базалари, дам олиш зоналари, пансионатлар, кемпинглар, мотеллар, ўтовлар, миллий меҳмон кутиладиган уйлар ва туристлар камида бир кечага тунайдиган бошқа объектлар) истеъмолчиларнинг (ижарада турувчиларнинг) вақтинча яшаши ва овқатланишини таъминлаш билан боғлиқ хизматлар;
туроператорлик хизматлари — туризм хизматлари кўрсатиш шартномаси шартларига мувофиқ туризм хизматлари комплекси ёхуд уларнинг бир қисми билан таъминланган аниқ муддатларга муайян йўналиш бўйича саёҳат қилишни ташкил этиш хизматлари (бронь қилиш, жойлаштириш, ташиш, овқатланиш, рекреция, экскурсия ва бошқа хизматлар);
экскурсия хизматлари — сайёҳларнинг маънавий, интеллектуал, ишбилармонлик ва бошқа эҳтиёжларини қондиришга қодир бўлган объектлар билан танишиш мақсадида олдиндан тузилган йўналишлар бўйича гид (экскурсовод) ҳамроҳлигида экскурсияларни ташкил этиш хизматлари»;
б) 3-банддаги «тўхтатиб туриш ёки» сўзлари чиқариб ташлансин;
в) 4-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«4. Ишчи органга фаолиятнинг лицензияланадиган турини амалга оширишга лицензия бериш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилган юридик ёки жисмоний шахс лицензия талабгори бўлиши мумкин. Жисмоний шахсга лицензия фақат экскурсия хизматлари кўрсатиш ҳуқуқи учун берилади.
Юридик шахсларга уларнинг аризаси бўйича лицензия:
туризм хизматларининг бир ёки бир нечта турини амалга оширишга;
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахслар учун Ўзбекистон Республикаси доирасида туроператорлик хизматлари кўрсатишга (кейинги ўринларда ички туризм деб аталади) берилади.
Туроператорлик хизматларини амалга ошириш ҳуқуқига лицензия экскурсия хизматлари кўрсатиш ҳуқуқини ҳам беради».
г) 7-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«7. Қуйидагилар туризм фаолиятини амалга оширишда лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:
а) туризм тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, туризм соҳасидаги халқаро стандартларга ва Ўзбекистон Республикаси стандартларига мажбурий тарзда риоя қилиш;
б) юридик шахс штатида белгиланган тартибда ишчи орган томонидан берилган малака сертификатига эга бўлган камида бир нафар ходим бўлиши;
в) юридик шахс ходими ва гидлар (экскурсоводлар) томонидан 2 йилда камида бир марта ишчи орган томонидан белгиланган тартибда бериладиган малака сертификати олиниши;
г) қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ бўлган туризм хизматлари кўрсатиш учун ўз мулки бўлган ёки ижарага олинган бинолар мавжуд бўлиши;
д) энг кам ойлик иш ҳақининг камида 400 баравари миқдорида шакллантирилган устав фондига эга бўлиши;
е) ишчи орган ёки у томонидан ваколат берилган идоравий мансуб ташкилот томонидан ишчи орган белгилайдиган тартибда амалга ошириладиган туризм хизматларининг сертификациядан ўтиши;
ж) мижоз билан фақат Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ шартнома (контракт) тузилгандан кейин туризм хизматлари кўрсатиш;
з) чет давлатга чиқиш, келиш ва у ерда бўлишнинг ўзига хос хусусиятлари, туристик саёҳат вақтида ўзини тутиш хусусиятлари ҳамда ҳар бир аниқ мамлакатда бўлишнинг бошқа қоидалари тўғрисидаги тўлиқ маълумотларни ҳар бир туристга белгиланган тартибда етказиш;
и) мижозга лицензиатнинг иш режими, унинг почта манзили, лицензия, мажбурий тарзда сертификатланадиган хизматларга сертификатларнинг мавжудлиги, туризм фаолиятининг аниқ йўналишлари учун масъул бўлган мансабдор шахсларнинг (гид (экскурсоводнинг)) фамилияси, исми, отасининг исми тўғрисида тўлиқ ва батафсил маълумот бериш;
к) туристлар хавфсизлигини таъминлаш, жароҳат олганда, касал бўлиб қолганда ва бошқа ҳолларда тиббий хизмат кўрсатиш тизимининг мавжуд бўлиши;
л) қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда, муддатларда ва миқдорларда туристик йиғимни тўлаш.
Гидларга (экскурсоводларга) «г», «д» ва «л» кичик бандлар талаблари татбиқ этилмайди.
Фақат меҳмонхона хизматлари кўрсатишни мўлжаллаётган оилавий корхоналар оилавий корхоналар учун қонун ҳужжатларида белгиланганга тенг бўлган устав фондига эга бўлишлари керак.
Фақат ички туризм тоифасида туроператорлик хизматлари кўрсатишни мўлжаллаётган юридик шахслар — юридик шахснинг тегишли ташкилий-ҳуқуқий шакли учун қонун ҳужжатларида белгиланганга тенг бўлган устав фондига эга бўлишлари керак».
д) 8-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«8. Лицензия олиш учун лицензия талабгори лицензияловчи органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
а) қуйидагилар кўрсатилган ҳолда лицензия бериш тўғрисида ариза:
юридик шахслар учун — номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банк муассасасидаги ҳисоб-китоб рақами;
жисмоний шахслар учун — фамилияси, исми, отасининг исми, фуқаронинг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатдаги маълумотлар;
юридик ёки жисмоний шахс амалга оширишни мўлжаллаётган фаолиятнинг лицензияланаётган тури;
б) юридик шахслар учун — юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси; жисмоний шахслар учун — якка тартибдаги тадбиркорнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;
в) лицензия талабгори томонидан лицензия талабгорининг аризаси кўриб чиқилганлиги учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжатининг нусхаси;
г) лицензия талабгори томонидан туризм хизматлари кўрсатиш учун бинодан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари;
д) шакллантирилган устав фонди миқдори тўғрисида далолат берувчи ҳужжатнинг нусхаси;
е) белгиланган тартибда ишчи орган ёхуд бундай ваколат берилган идоравий мансуб ташкилот томонидан белгиланган тартибда берилган юридик шахсларнинг ходимлари ва гидлар (экскурсоводлар)нинг малака сертификатлари нусхалари;
ж) фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган йили, паспортига оид маълумотлар, уй манзили, маълумоти, телефонлар рақамлари кўрсатилган ҳолда раҳбар (гид) (экскурсовод)) тўғрисидаги маълумотлар.
Гидлар (экскурсоводлар)га «г» ва «д» кичик бандлар талаблари ҳам татбиқ этилмайди».
е) 10-бандга «почта» сўзидан кейин «ёки электрон» сўзи қўшилсин;
ж) 14-банднинг тўртинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«амалга оширилишига лицензия берилаётган туризм хизматлари турининг (тоифасининг) номи»;
з) 15-банднинг учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Лицензияда ушбу Низомга мувофиқ туризм хизматларининг лицензияланадиган тури кўрсатилади»;
и) 31-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«31. Ишчи орган туризм фаолияти лицензиялари реестрини юритади, унда қуйидагилар кўрсатилади:
а) лицензиатлар тўғрисидаги асосий маълумотлар:
юридик шахслар учун — ташкилотнинг номи ва солиқ тўловчининг идентификация рақами, мулкчилик шакли, филиаллар тўғрисидаги маълумотлар, ташкилот раҳбарининг фамилияси, исми, отасининг исми;
жисмоний шахслар учун — лицензиатнинг фамилияси, исми, отасининг исми, паспортига оид маълумотлар, уй манзили, телефон;
б) лицензия берилган сана ва унинг рақами;
в) лицензия бланкасининг серияси ва рақами;
г) лицензиянинг амал қилиш муддати;
д) туризм хизматларининг тури (тоифаси);
е) фаолиятнинг лицензияланадиган тури амалга ошириладиган манзил, иш телефони, факс, электрон почта манзили;
ж) лицензияни қайта расмийлаштириш, амал қилишини тўхтатиб туриш ва тиклашнинг асоси ва санаси;
з) лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш ёки бекор қилишнинг асоси ва санаси;
и) дубликат беришнинг асоси ва санаси».
к) Туризм фаолиятини лицензиялаш схемасида (Туризм фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомга илова) биринчи босқичнинг биринчи блокида:
«юридик шахс» сўзлари чиқариб ташлансин;
«почта» сўзидан кейин «ёки электрон» сўзлари қўшилсин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 январдаги 6-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2011 й., 1-сон, 3-модда) билан тасдиқланган Якка тартибдаги тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига қуйидаги мазмундаги 75-позиция қўшилсин:
|
« |
75. |
Экскурсия хизматлари кўрсатиш бўйича туризм фаолияти | ». |
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 12-сон, 138-модда; 2017 й., 14-сон, 231-модда)