ўзбекистон республикаси олий кенгашининг
Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РеспубликасиНИНГ «ЎЗБЕКИСТОН РеспубликасиДА ЖАМОАТ БИРЛАШМАЛАРИ ТЎҒРИСИДА»ГИ ҚОНУНИНИ КУЧГА КИРИТИШ ҲАҚИДА
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида»ни Қонуни 1991 йил 1 мартдан кучга киритилсин.
Қонунлар ушбу Қонунга мувофиқлаштирилгунга қадар қонунларнинг жамоат бирлашмаларига оид қисми ушбу Қонунга зид келмаса, қўлланаверади.
2. Белгилаб қўйилсинки, «Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг жамоат бирлашмалари уставлари (низомлари, бошқа асосий ҳужжатлари)ни рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги қоидалари ушбу Қонун кучга киритилгунга қадар тузилган жамоат бирлашмаларининг уставларига дахлдордир. Агар шу жамоат бирлашмаларининг уставлари 1992 йил мартигача бўлган муддатда рўйхатга олинадилар; бу ҳолда 11-модда тўртинчи қисмининг уставини у қабул қилинган кундан бошлаб бир ой муддат ичида рўйхатга олиш ҳақидаги қоидаси қўлланилмайди.
Касаба уюшмаларининг уставларини рўйхатдан ўтказиш ва улар фаолиятини назорат қилиш ҳақида «Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 11, 20 ва 22-моддаларида кўзда тутилган қоидаларни тартибга солиш хусусиятлари касаба уюшмалари тўғрисидаги қонунларда назарда тутилади.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Олий Кенгашига:
Қорақалпоғистон Республикаси қонунларини «Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мослаштириш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Кабинети:
«Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ умумиттифоқ жамоат бирлашмаларининг жумҳурият бўғинларини, шунингдек, жумҳуриятлараро, жумҳурият ва маҳаллий жамоат бирлашмаларининг уставларини рўйхатга олиш ҳақидаги аризаларни кўриб чиқиш қоидаларини ишлаб чиқсин ва матбуотда эълон қилсин, жамоат бирлашмаларининг уставларини рўйхатга олганлик учун ҳақ олиш тартиби ва миқдорлари белгилансин;
1991 йил 1 мартга қадар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида жамоат бирлашмалари уставларини рўйхатга олиш ҳамда уларнинг уставларига риоя этилишини назорат қилиш бўйича махсус хизмат ташкил этиш, бу хизматнинг фаолиятини штатлар билан, моддий-молиявий ва бошқача тарзда таъминлаш масалаларини ҳал этсин;
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари мазкур Қонунга мувофиқлаштирилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раиси М. ИБРОҲИМОВ
Тошкент ш.,
1991 йил 15 февраль,
224-XII-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1991 й., 4-сон, 77-модда, 11-сон, 273-модда)