Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг
Қарори
Вилоятда 2013-2014 йил қиш-баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларини захирага жамғариш бўйича шаҳар ва туман ҳокимликлари, тайёрловчи корхоналар ҳамда ижтимоий соҳа ташкилотлари томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида
Олиб борилган ўрганишлар натижасига кўра бугунги кунда вилоятнинг шаҳар ва туман ҳокимликлари, тайёрловчи корхоналар ҳамда ижтимоий соҳа муассасалари томонидан асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг захирага жамғариш бўйича амалга оширилаётган ишлар талаб даражасида эмас.
Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси томонидан захира ишларини жорий йилнинг 15 ноябрига қадар ниҳоясига етказиш вазифаси юклатилган бўлсада, вилоят бўйича қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғариш ишлари 20 ноябрь ҳолатига 91,3 фоизни ташкил этмоқда.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғариш ишлари режага нисбатан Ангрен шаҳрида (68 фоиз), Бекобод шаҳрида (78,7 фоиз), Бўка (79,4 фоиз), Қуйи Чирчиқ (81,7 фоиз), Янгийўл (82,1 фоиз), Чиноз (84,6 фоиз), Пискент (86,2 фоиз), Юқори Чирчиқ (86,3 фоиз) ва Бекобод туманларида (88,9 фоиз) вилоят кўрсаткичидан пастлигича қолмоқда.
Шунингдек, «Ўзулгуржисавдоинвест» уюшмаси корхоналари томонидан (91,2 фоиз), «Тошвилбозорсавдо» уюшмаси томонидан (70 фоиз), Соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан (88,9 фоиз), Халқ таълими муассасалари томонидан (93,7 фоиз), ихтисослашган фермер хўжаликлари ва агрофирмалар (91,6 фоиз) томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғариш ишлари паст суръатларда олиб борилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қиш мавсумига захирага жамғариш учун банк кредитларини ажратиш ҳамда тайёрловчи корхоналарни нақд пулга бўлган талабини қондириш ишлари қониқарсиз аҳволда.
Хусусан, жами 2 млрд 35 млн сўм кредит маблағлари учун буюртма берилган бўлсада жорий йилнинг 20 ноябрь холатига 1 млрд 966 млн сўм кредит ажратилиб, ушбу кўрсаткич 96,6 фоизни ташкил этмоқда.
ДТ «Халқ банк» вилоят бошқармаси томонидан 390 млн сўм ва ЁАТБ «Савдогарбанк» томонидан ажратилиши лозим бўлган 50 млн сўмлик кредит маблағлари ҳанузгача ажратилмасдан келинмоқда.
Шуларни инобатга олган ҳолда, қайд этилган камчиликларни бартараф этган ҳолда 2013-2014 йил қиш-баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғариш ва шу орқали вилоятда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида Халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарор қилади:
1. Вилоятда 2013-2014 йил қиш-баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғариш бўйича шаҳар ва туман ҳокимликлари, тайёрловчи корхоналар ҳамда ижтимоий соҳа ташкилотлари томонидан амалга оширилаётган ишлар мутлақо қониқарсиз эканлиги кўрсатиб ўтилсин.
2. Барча шаҳар ва туман ҳокимликлари, тайёрловчи корхоналар ҳамда ижтимоий соҳа ташкилотлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғариш бўйича белгиланган режани жорий йилнинг 25 ноябрь кунига қадар тўлиқ бажарган ҳолда жорий йилнинг 1 декабрь кунига ушбу режани 86,4 минг тонна (120%) шундан, картошкани 21,6 минг тонна, пиёзни 13,9 минг тонна, сабзини 8,5 минг тонна, карамни 7,3 минг тонна, мевани 18 минг тонна, полизни 9,1 минг тонна, гуручни 4,3 минг тонна ва дукккакли донни 3,6 минг тонна қилиб захирага ғамлаш бўйича тегишли чоралар кўрсинлар.
3. Шаҳар ва туман ҳокимлари томонидан ҳар бир захирага жамғарилган маҳсулотларни 2014 йилнинг май ойига қадар ойма-ой етказиш бўйича аниқ тақсимот режа графикларини уч кун муддатда ишлаб чиққан ҳолда тасдиқласинлар.
4. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғариш бўйича вилоят мониторинг гуруҳига кунлик асосда тақдим этиб борилаётган ҳисоботларга қўшиб ёзган ҳолда кўрсаткичларни соҳталаштирганликлари учун Ангрен (И. Рахмонов) ва Бекобод (М. Бухарбоев) шаҳарлари, Қуйи Чирчиқ (М. Ботиров), Ўрта Чирчиқ (Б. Ибрагимов), Зангиота (С. Абдуллаев), Юқори Чирчиқ (У. Атемов), Янгийўл (Б. Пулатов), Чиноз (Н. Туляганов) ва Пискент (И. Эргашходжев) тумани ҳокимларига «ҳайфсан» эълон қилинсин ҳамда Бекобод тумани ҳокими Ш. Хамраевдан ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизи (30 %) миқдорида жарима ундирилсин.
5. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захира қилиш бўйича олиб бораётган ишлари қониқарсиз эканлиги ҳамда «хайфсан» ва ойлик иш ҳақини 30 фоизи миқдорида интизомий жазо чоралари борлиги учун Оққўрғон тумани ҳокими Қ. Абилов келгусида бошқа барча соҳаларда қолоқликка йўл қўядиган бўлса уни эгаллаб турган лавозимида қолиш ёки қолмаслик масаласи ўрнатилган тартибда кўриб чиқилиши белгилаб қўйилсин.
6. Вилоят ҳокимлиги Ташкилий-назорат гуруҳи (Э. Мухаммадрахимов) ва вилоят ҳокимлиги Ишлар бошқармаси иш бошқарувчиси (М. Икромов):
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғаришда деярли барча маҳсулот турлари бўйича ўрнатилган режа кўрсаткичларини паст даражада бажарганликлари учун Олмалиқ шаҳар (Ш. Пулатов) ва Бўка тумани (Д. Султонов) ҳокимларининг уч ойлик иш ҳақларини ўрнатилган тартибда олиб қўйиш бўйича;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғаришга бевосита масъул бўлишига қарамасдан ўзига юклатилган вазифага совуққонлик билан ёндошган ҳолда белгиланган режа кўрсаткичини бажаришни барбод қилганлиги учун Бекбод тумани ҳокими ўринбосари Ф. Мўминов ва Қуйи Чирчиқ ҳокими ўринбосари Х. Чиннибековларни эгаллаб турган лавозимларига лойиқлиги масаласи бўйича вилоят ҳокимига тегишли таклиф киритсинлар.
7. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қиш мавсумига захирага жамғариш учун тасдиқланган графикларга асосан берилган буюртманомалар бўйича белгиланган кредит маблағларини ажратилишида сусткашликка йўл қўйганликлари учун Марказий банк вилоят бош бошқармаси бошлиғи А. Сайфуллаев ва ДТ «Халқ банк» бошқармаси бошлиғи З. Куйлоновлар қаттиқ огоҳлантирилсин ва келгусида ушбу камчиликлар такрорланса уларга нисбатан тегишли жазо чорасини кўриш бўйича Республика Марказий банки ва Халқ банкига тақдимнома киритилиши кўрсатиб ўтилсин.
8. Вилоят Халқ таълими бошқармаси (Қ. Мовлянов), Соғлиқни сақлаш бошқармаси (Ш. Нишанов), Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси (С. Бобоқулов);
марказлашган маблағлардан бюджет муассасаларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жамғаришда қолоқликларга йўл қўйганликлари учун қаттиқ огоҳлантирилсинлар;
3 кун муддатда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғариш ишлари бўйича ортда қолган қолоқликларни тўлиқ ниҳоясига етказиш;
1 ҳафта муддатда махсус гуруҳлар тузиш орқали ҳар бир муассаса кесимида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага қўйиш бўйича ички ўрганиш ўтказиб, сохта маълумотлар тақдим этган ҳамда захира ишларига совуққонлик билан ёндошган раҳбар ва ходимларга нисабтан лавозимидан озод этишгача бўлган жазо чораларини кўриш ҳамда буйруқ нусхаларини вилоят ҳокимлигига тақдим этиш вазифаси юклатилсин.
9. Вилоят Молия бошқармаси (Д. Хажиев) қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғариш бўйича ижтимоий соҳа объектларига берилиши лозим бўлган бюджет маблағларини жорий йилнинг 25 ноябрь кунига қадар тўлиқ ажратиш чоралари кўрилсин.
10. «Тошвилбозорсавдо» уюшмаси раиси в. б. Т. Назиров жорий йилнинг 1 декабрь кунига қадар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғариш бўйича белгиланган режани тўлиқ бажариш юзасидан тегишли чоралар кўрмайдиган бўлса, уни эгаллаб турган лавозимида қолиш ёки қолмаслик масаласи ўрнатилган тартибда кўриб чиқилиши тўғрисида огоҳлантирилсин.
11. Вилоят ҳокими ўринбосари (А. Абдуқодиров):
бир кун муддатда асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғариш ишларини жорий йилнинг 25 ноябрь кунига қадар маҳсулот турлари ва белгиланган ҳажмлари бўйича 100 фоизга, жорий йилнинг 1 декабрь кунига қадар 120 фоизга етказиб якунлаш бўйича ҳар бир шаҳар, туман ҳокимларидан кафолат хатларини олиш;
уч кун муддатда ҳар бир шаҳар, туман ҳокимлари томонидан захирага жамғарилган маҳсулотларни 2014 йилнинг май ойига қадар ойма-ой етказиш бўйича тақсимот Режа-графикларини ишлаб чиқиб, тасдиқлатиш чораларини кўриш бўйича зарурий чора-тадбирларни белгилаш вазифалари юклатилсин.
12. Вилоят ҳокими ўринбосарлари (А. Абдуқодиров, С. Файзиева), «Тошвилбозорсавдо» уюшмаси (Т. Назиров), барча улгуржи базалар шаҳар ва туман ҳокимликлари билан биргаликда жорий йилнинг 20 декабрь кунидан 5 январь кунига қадар янги йил байрами арафасида барча шаҳар ва туман марказлари ва аҳоли гавжум жойларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг арзонлаштирилган «Савдо ярмаркалари»ни ташкил этсинлар.
Шунингдек, аҳоли томонидан келаётган байрамни кўтаринки руҳда ва аъло кайфиятда кутиб олишлари учун мазкур савдо ярмаркалари ташкил этиладиган жойларда таниқли санъаткорларни жалб қилган ҳолда маънавий ва маърифий тадбирларни кенг амалга оширишга алоҳида эътибор қаратсинлар.
13. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатларига:
жойларда асосий турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларини захирага жамғариш бўйича шаҳар ва туман ҳокимликлари, тайёрлов корхоналари ва ижтимоий таъминот ташкилотлари томонидан олиб борилаётган ишларни жойига чиқиб танқидий ўрганган ҳолда натижаси бўйича мунтазам равишда вилоят ҳокимлигига ахборот бериб бориш;
тасдиқланган графикларга асосан ҳудудий ҳокимликларда тайёрлов корхоналари ва ижтимоий соҳа ташкилотларини кенг жалб қилган ҳолда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини захирага жамғариш бўйича қилинаётган ишларни чуқур муҳокама қилиб бориш вазифалари юклатилсин.
14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш вилоят ҳокимининг ўринбосари А. Абдуқодиров зиммасига юклансин.
15. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Кенгаш раиси А. УСМАНОВ
Тошкент ш.,
2013 йил 23 ноябрь,
ХХX/I-сон
(«Тошкент хақиқати» газетаси, 23.11.2013 й., 95 (12627)-сон)