Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг
Қарори
ЯНГИ АЛИФБОНИ ТАЙЁРЛАШГА ДОИР ИШЛАРНИНГ ТАШКИЛ ЭТИЛИШИ ТЎҒРИСИДАГИ АХБОРОТ ҲАҚИДА
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши қарор қилади:
1. Олий Кенгаш Маданият ва маданий меросни асраш масалалари қўмитаси раиси П. Қодировнинг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Олий Кенгаш Маданият ва маданий меросни асраш масалалари қўмитасига ва Вазирлар Маҳкамасининг давлат тилини жорий этиш комиссиясига:
а) «Ўзбек тили» жамияти ва Ўзбекистон Фанлар академияси Тилшунослик институти билан ҳамкорликда ўзбек ёзуви истиқболига бағишланган илмий-амалий конференциялар ўтказиш, унга барча вилоятлардан мутахассисларни, Ўзбекистон халқ депутатларини, ишчилар, деҳқонлар, зиёлилар вакилларини жалб этиш;
б) кенг жамоатчилик фикр-мулоҳазалари ўрганилиб, ҳисобга олингандан сўнг ўзбек ёзувини лотин алифбоси асосига ўтказиш ҳақидаги Қонун лойиҳасини Олий Кенгашнинг навбатдаги сессияларидан бирига киритиш;
в) лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбосини қайта тиклаш билан бирга бой маънавий қадриятларимиз битилган араб алифбосини ўрганиш ҳамда ундан фойдаланиш учун зарур имкониятлар сақлаб қолинишини назарда тутиш топширилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раиси Ш. ЙЎЛДОШЕВ
Тошкент ш.,
1993 йил 7 май,
877-XII-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 6-сон, 261-модда)