Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ижтимоий суғурта жамғармасига ва «Ўздеҳқончилик-саноатбанк»ка кредит ресурслари ажратиш тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йил 16 июндаги Фармонига мувофиқ ҳамда иш ҳақи ва пенсияларнинг миллий валютада олдиндан тўланишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига:
Ижтимоий суғурта жамғармасига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг кафолати билан икки ой муддатга 304,2 млрд сўм-купон миқдорида фоизсиз кредит;
«Ўздеҳқончиликсаноатбанк»ка қишлоқ хўжалиги корхоналарида ишлаётганларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш учун 1994 йил 1 декабрдан бошлаб қайтариш муддати билан 220 млрд сўм-купон миқдорида имтиёзли (50 фоизлик йиллик фойдаси билан) кредит ресурслари ажратиш тавсия қилинсин.
2. «Ўздеҳқончиликсаноатбанк» ажратилган кредит ресурсларининг икки томонлама гаров шартномалари асосида қатъий мақсадлар учун берилишини таъминласин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 23 июнь,
312-сон