Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбeкистон Рeспубликасининг халқаро Фуқаро авиацияси ташкилотининг очиқ калитлар дирeкториясига қўшилишига доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида
Хорижий мамлакатлар ваколатли органларининг Ўзбекистон Республикасининг биометрик ҳужжатларига бўлган ишонч даражасини ошириш, ушбу ҳужжатлар эгаларининг халқаро чегара назорати пунктларида паспорт назоратидан ўтиш тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳамда миллий ва хорижий биометрик ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини тасдиқловчи электрон сертификатларнинг тезкор алмашинувини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегараларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказининг (кейинги ўринларда ДПМ деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти Очиқ калитлар директориясига (кейинги ўринларда ИКАО ДОК деб аталади) қўшилиши тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Ўзбекистон Республикасининг ИКАО ДОК билан ҳамкорлик қилиш бўйича ваколатли органи этиб ДПМ белгилансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ДПМ томонидан қуйидагилар таъминлансин:
Ўзбекистон Республикаси ИКАО ДОКга қўшилиши бўйича зарур тартиб-таомилларни амалга ошириш;
Ўзбекистон Республикасининг биометрик ҳужжатлари сертификатларини ИКАО ДОКга юбориш;
ИКАО ДОКдан хорижий мамлакатларнинг биометрик ҳужжатлари сертификатларини олиш ва кейинчалик уларни Ўзбекистон Республикасининг тегишли ваколатли органларига юбориш.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2014 йилдан бошлаб, белгиланган тартибда ДПМга тасдиқланган бюджет маблағлари доирасида ИКАО ДОК бюджетига Ўзбекистон Республикасининг рўйхатдан ўтказиш ва ҳар йилги улуш бадалларини тўлаш учун маблағлар ажратилишини назарда тутсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси ДПМнинг ИКАО ДОК ахборот комплекси билан ўзаро ҳамкорлигини ташкил этиш учун белгиланган тартибда ҳимояланган алоқа канали тақдим этилишини таъминласин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С.Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2014 йил 7 январь,
4-сон