Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК Тошкент аэропортининг «Тошкент-2» аэровокзали тўғрисида
«А» ҳарфи билан белгиланган парвозларга ҳамда юқори даражадаги расмий давлат, ҳукумат, парламент ва бошқа хорижий делегацияларга «Тошкент-2» аэровокзалида кўрсатиладиган хизматларни такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Тошкент-2» аэровокзал терминалида қуйидагилар хизмат кўрсатилиши белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Молия-хўжалик департаменти талабномалари асосида Ўзбекистон Республикаси раҳбарларининг «А» тоифали парвозлари;
Бош вазир томонидан тасдиқланган ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати билан келишилган дастурларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг таклифига биноан мамлакатга ташриф буюрадиган қуйидагилар: давлат ва ҳукумат раҳбарлари, парламентлар ва уларнинг палаталари раҳбарлари, ташқи ишлар вазирлари бошчилигидаги хорижий делегациялар, айрим халқаро ташкилотлар раҳбарлари, хорижий давлатлар раҳбарларининг махсус вакиллари, таниқли хорижий давлат, сиёсий ва жамоат арбоблари;
Бошқа тоифалардаги чет эл фуқароларининг «Тошкент-2» аэровокзалида хизмат кўрсатишдан фойдаланишлари фақат Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Президент Администрацияси билан келишилган ҳолда амалга оширилиши мумкин.
2. Литер парвозларнинг хавфсизлигини таъминлаш, йўловчиларга хизмат кўрсатиш, шунингдек ҳаво кемаларини техник жиҳатдан тайёрлаш учун «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси Бош директори буйруғи билан белгиланган мутахассислар гуруҳи жалб этилсин.
3. «Тошкент-2» аэровокзали орқали ўтувчи йўловчиларга хизмат кўрсатиш маданиятини ошириш ва улар учун зарур қулайликлар яратиш мақсадида, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси Ташқи ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси, Миллий хавфсизлик хизмати ва Президент хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда махсус парвозларга хизмат кўрсатиш технологиясини ишлаб чиқиши ҳамда жалб этилган идоралар мутахассисларини зарур шарт-шароитлар билан таъминлаши лозим.
4. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда «Тошкент-2» аэровокзали терминалининг ишончли ҳимояси ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича режим чораларини қатъий амалга ошириши лозим.
5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири У.Т. Султонов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг Ишлар бошқарувчиси З.Х. Ҳайдаров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1999 йил 26 октябрь,
479-сон