Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий антитеррор тузилмаси ижроия қўмитаси фаолиятини таъминлаш чоралари тўғриси
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий антитеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси (ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси) фаолиятини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. ШҲТ МАТТ фаолиятини ташкил этиш комиссиясининг ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитасини Тошкент шаҳри, Мирзо-Улуғбек тумани, Ходжаев кўчаси, 24-уй (собиқ 113-сонли мактаб биноси) манзилидаги бинога жойлаштириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси жойлашган бино ва биноларни реконструкция қилиш бўйича буюртмачи Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати ҳисобланиши маълумот учун қабул қилинсин.
Иқтисодиёт вазирлиги (Р.С. Азимов) Молия вазирлиги (М.Б. Нурмуратов) билан биргаликда 2003 йилда Миллий хавфсизлик хизматига ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси биносини реконструкция қилиш учун капитал қўйилмалар лимитини республиканинг 2003 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш учун назарда тутилган бюджет маблағлари доирасида тақдим этсин.
3. Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Р.М. Шоабдурахмонов):
уч ой муддатда ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси жойлашган бино, хоналар ва унинг атрофидаги ҳудудларни реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини якунласин;
ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси билан кўрсатилган бинони 5 йил муддатга текин ижарага бериш, кейинчалик зарурат туғилганда ижара муддатини узайтириш тўғрисида шартнома ўрнатилган тартибда тузилишини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (М.Б. Нурмуратов):
ШҲТ Котибияти ва МАТТ Ижроия қўмитаси харажатларида Ўзбекистон Республикасининг улушини халқаро ташкилотларга аъзолик бадаллари тўлаш учун назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириш манбаси белгиласин;
республика бюджети харажатлари рўйхатига тегишли ўзгартиришлар киритсин;
2003 йил ноябр-декабр ойларида ШҲТ Котибияти ва МАТТ Ижроия қўмитаси харажатларидаги Ўзбекистон Республикасининг улушини 2003 йил учун республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар доирасида молиялаштиришни таъминласин;
2004 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетида Ўзбекистон Республикасининг ШҲТ тузилмаларига аъзолик бадаллари тўлаш учун бюджет маблағларини ўрнатилган тартибда назарда тутсин.
5. Миллий хавфсизлик хизмати (Р.Р. Иноятов) Ички ишлар вазирлиги (З.А. Алматов) билан биргаликда ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси ва унинг ходимлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқсин ва амалга оширсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Қ.Н. Тулаганов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгаши котибининг биринчи ўринбосари М.Х. Рахмонқуловга юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И.А. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2003 йил 3 сентябрь,
380-сон