Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ХОРИЖИЙ САРМОЯЛАРИ БЎЛГАН КОРХОНАЛАР ИШЛАБ ЧИҚАРАДИГАН МАҲСУЛОТ ЭКСПОРТИНИ РАҒБАТЛАНТИРИШГА ОИД ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Республиканинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш, хорижий сармоялари бўлган корхоналарнинг валюта билан ўзини ўзи қоплаш имкониятини ошириш, улар томонидан рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни ҳамда экспортга етказиб беришни кўпайтириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида:
1. 1997 йилнинг 1 сентябридан бошлаб ўзи ишлаб чиқарадиган маҳсулотни эркин алмаштириладиган валютага экспорт қилувчи хорижий сармоялари бўлган ишлаб чиқариш корхоналари учун қуйидаги қўшимча имтиёзлар ва афзалликлар белгилансин:
ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотга экспорт бож тўловлари бекор қилинсин;
харидорларга хизмат қилувчи вакил банкларнинг кафолатлари мавжуд бўлган ҳамда амалдаги қонунларда кўзда тутилган валюта даромади тушуми муддатларига риоя этилган тақдирда ўз маҳсулотини олдиндан ҳақ тўламасдан ва аккредитив очмасдан экспорт қилиш ҳуқуқи берилсин;
Кейинги таҳрирга қаранг.
чет элларда ташқи бозорларнинг маркетинг тадқиқотлари ҳамда ишлаб чиқараётган маҳсулотни реклама қилиш мақсадида савдо уйлари ҳамда ваколатхоналари очиб, уларга консигнация шартлари асосида товарлар етказиб беришга ижозат берилсин;
ўзи ишлаб чиқарадиган маҳсулотни етказиб бериш учун экспорт контрактларини (лицензияланадиган товарлар экспортидан ташқари) Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигида рўйхатдан ўтказиш бекор қилиниб, уларни вакил банкларда ва божхона органларида ҳисобга олишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинсин;
Кейинги таҳрирга қаранг.
корхоналар ўзи ишлаб чиқарадиган экспорт маҳсулотининг контракт нархларини шартнома асосида мустақил шакллантиришлари белгилаб қўйилсин. Экспорт ички бозордаги нархлардан пастроқ нархларда амалга оширилган тақдирда улар учун солиққа тортиладиган база экспорт маҳсулотини сотишнинг амалдаги нархидан келиб чиққан ҳолда ҳисоб-китоб қилинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. 1997 йилнинг 1 сентябридан бошлаб иловада кўрсатилган ҳамда хорижий сармоялари бўлган ишлаб чиқариш корхоналарининг расмий дилерлари ҳисобланмайдиган юридик ва жисмоний шахслар республикадан ташқарига олиб чиқиб кетадиган товарларга акциз солиғи жорий этилсин.
Тасдиқланган рўйхатга мувофиқ олиб чиқиб кетиладиган товарларга акциз солиғининг ставкаси товарлар харид қийматининг 50 фоизи миқдорида белгилансин.
Ушбу акциз солиғи ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни эркин алмаштириладиган валютага экспорт қилувчи хорижий сармоялари бўлган корхоналарга жорий қилинмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси республикада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг ноқонуний олиб чиқиб кетилиши устидан қаттиқ назорат ўрнатсин, амалдаги қонунларни бузувчиларга нисбатан маъмурий, шу жумладан жиноий жавобгарлик каби қатъий чораларни қўлласин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 26 август,
ПФ-1831-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 26 августдаги ПФ-1831-сон Фармонига
ИЛОВА
ИЛОВА
Юридик ва жисмоний шахслар томонидан олиб чиқиб кетилганда акциз солиғига тортиладиган товарлар
рўйхати
1. Алкоголли ва алкоголсиз ичимликлар
2. Ичимлик сувлар, жумладан минерал сувлар
3. Қурилиш материаллари
4. Сигареталар
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 8-сон, 204-модда; 2001 й.,5-сон, 105-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.04.2018 й., 06/18/5398/1004-сон; 09.07.2020 й., 06/20/6021/1047-сон)