Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОЖХОНА КОМИТЕТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Ушбу Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 10 августдаги ПФ-451-сон «Ўзбекистон Республикасининг Давлат божхона қўмитасини ташкил этиш тўғрисида»ги Фармони билан ўз кучини йўқотди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 118-4-моддасининг 2, 4-бандларига ва «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида» ги Қонунга, иқтисодий ҳамжамият тўғрисида 1991 йил 18 октябрдаги шартномага мувофиқ, шунингдек республикаларнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, божхона хизмати фаолияти ҳамда ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида:
1. Республика ҳудудида фаолият кўрсатаётган божхона муассасалари негизида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасига бўйсунадиган Ўзбекистон Республикаси Божхона комитети ташкил этилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси ўн кун муддат ичида республикада божхона хизматини ташкил этиш ва унинг фаолияти бўйича тегишли қарор тайёрласин ва қабул қилсин.
Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикасининг Божхона тўғрисидаги Қонуни қабул қилгунгача СССР қонунининг Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид бўлмаган қисмига амал қилинади.
3. Белгилаб қўйилсинки, божхона божи ва божхона фаолиятидан олинадиган бошқа даромадлар Ўзбекистон Республикаси бюджети даромадига тушади.
4. Ушбу Фармон имзоланган вақтдан бошлаб кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1991 йил 25 октябрь,
ПФ-284-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1991 й., 12-сон, 287-модда)