Хоразм вилояти Гурлан тумани ҳокимининг
Қарори
Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тўғрисида
Мазкур қарор Хоразм вилояти Гурлан тумани ҳокимининг 2014 йил 27 сентябрдаги 1196-сонли «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунининг 17-моддасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги низомга асосланиб қарор қиламан:
1. Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қиладиган корхона ва ташкилотлар ҳамда муассасалар рўйхати 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
2. Корхона ва ташкилотлар ҳамда муассасаларда ходимларнинг рўйхат бўйича ўртача сонидан келиб чиққан ҳолда 226 та иш ўрни, шу жумладан:
ёлғиз ота, ёлғиз она ҳамда ўн тўрт ёшгача бўлган ногирон болалари бор кўп болали ота-оналар учун 31 фоиз (71 киши);
таълим муассасаларини тугатган ёшлар учун 38 фоиз (86 киши);
муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар учун 10 фоиз (22 киши);
ногиронлар учун 7 фоиз (15 киши);
Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш туман марказида иш қидирувчи сифатида ҳисобда турган пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахслар учун 7 фоиз (15 киши);
жазони ўташ муассасаларидан бўшатилган, жазони ўтаётган ёки суд қарорига кўра тиббий характердаги мажбурий чоралар кўрилган шахслар учун 4 фоиз (10 киши);
ижтимоий муҳофазага муҳтож шахсларнинг бошқа тоифалари учун 3 фоиз (7 киши) миқдорида иш ўринлари захираси белгилансин.
3. Ушбу тоифа шахслар учун иш ўринлари ходимлар томонидан ўзларининг меҳнат мажбуриятларини тўсиқларсиз бажаришини таъминлайдиган санитария ва гигиена нормалари ва меҳнат шароитларига мувофиқ бўлиши таъминлансин.
Шу жумладан:
ўн тўрт ёшгача болалари ва ногирон болалари бўлган ёлғиз ота ёлғиз она ва кўп болали ота-оналар учун болаларни тарбиялаш ва меҳнат мажбуриятлари бўйича вазифаларни уйғунлаштириш имконини берадиган, ўзгарувчан иш жадвалига эга бўлган иш ўринлари;
таълим муассасаларини тугатган ёшлар учун уларнинг касб бўйича тайёргарлигига мувофиқ бўлган иш ўринлари;
муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилганлар учун уларнинг касб бўйича тайёргарлигига мувофиқ бўлган иш ўринлари;
ногиронлар учун меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказилган ҳамда ходимга иш жараёнларини тўсқинликсиз бажариш имконини (соғлигининг аҳволи ва меҳнат фаолиятига нисбатан белгиланган зид кўрсаткичлар ҳисобга олган ҳолда) берадиган иш ўринлари;
бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказида иш қидирувчи сифатида рўйхатда турган пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахслар учун махсус малакани талаб қилинмайдиган иш ўринлари;
жазони ўташ муассасаларидан озод қилинган, жазони ўтаётган ёки суд қарорига кўра тиббий характердаги мажбурий чоралар кўрилган шахслар учун уларнинг касб бўйича тайёргарлиги ҳисобга олинган ҳолдаги иш ўринлари муайян касб-ҳунарга ва малакага эга бўлмаган шахслар учун эса махсус малакани талаб қилмайдиган иш ўринлари ташкил қилинсин.
4. Корхоналар ва ташкилотларда ҳамда муассасаларда ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун банд қилинган касб ва лавозимлар рўйхати 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1 ва 2-иловалар берилмайди.
5. Корхона ва ташкилотлар раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун кўрсатилган иш ўринлари ташкил қилинишини таъминласин.
6. Ушбу қарорнинг ижросини таъминламаган корхона ва ташкилотнинг мансабдор шахсларига «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 15-бандига мувофиқ жарима қўллансин.
7. Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш туман маркази (Ю. Эримметов) бир ҳафта муддатда ушбу қарорнинг 1-иловасида кўрсатилган ташкилот раҳбарлари эътиборига етказсин.
8. Ушбу қарор қабул қилиниши билан туман ҳокимининг 2012 йил 5 октябрдаги 761-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
9. Ушбу қарор «Гурлан ҳаёти» газетасида эълон қилинсин.
10. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари С. Юсупов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким Қ. МАДРАҲИМОВ
Гурлан ш.,
2013 йил 27 сентябрь,
711-сон