Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
«ЎЗБЕКИСТОН БЕЛГИСИ» КЎКРАК НИШОНИНИ ТАЪСИС ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Миллий маънавиятимиз, маданий меросимиз ва умуминсоний қадриятлар заминида юксак ватанпарварлик туйғусини ва меҳнатсеварлик фазилатларини ўзида мужассамлаштирган, Ватанимиз обрўсини, шон-шуҳрати ва шарафини юксалтириш йўлида хизмат қилаётган, Ўзбекистонда келажаги буюк давлат барпо этишда ҳамда мамлакатимиз ички ва ташқи ҳаётида фаол иштирок этаётган фуқароларни рағбатлантириш мақсадида:
1. «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони таъсис этилсин.
2. «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони тўғрисидаги Низом тасдиқлансин (илова қилинади).
3. «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони тавсифи тасдиқлансин (илова қилинади).
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 22 июль,
ПФ-1822-сон
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 22 июлдаги Фармони билан тасдиқланган
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 22 июлдаги Фармони билан тасдиқланган
«ЎЗБЕКИСТОН БЕЛГИСИ» КЎКРАК НИШОНИ ТЎҒРИСИДА
НИЗОМ
1. «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони миллий маънавиятимиз, маданий меросимиз ва умуминсоний қадриятлар заминида юксак ватанпарварлик туйғусини ва меҳнатсеварлик фазилатларини ўзида мужассамлаштирган, Ватанимиз обрўсини, шон-шуҳрати ва шарафини юксалтириш йўлида хизмат қилаётган, Ўзбекистонда келажаги буюк давлат барпо этишда ҳамда мамлакатимиз ички ва ташқи ҳаётида фаол иштирок этаётган фуқароларга берилади.
2. «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахсларга ушбу Низомнинг биринчи бандида кўрсатилган хизматлари учун берилиши мумкин.
3. «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишонига тақдим этиш ҳокимият, вазирлик ва идоралар ҳамда республика жамоат ташкилотлари томонидан амалга оширилади.
4. «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони асосида берилади.
5. «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони кўкракнинг чап томонига тақилади.
6. «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони такроран берилмайди.
7. «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони ва гувоҳномаси тантанали ва ошкоралик вазиятида Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки унинг номидан тегишли раҳбар ходимлар томонидан топширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 22 июлдаги Фармони билан тасдиқланган
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 22 июлдаги Фармони билан тасдиқланган
«ЎЗБЕКИСТОН БЕЛГИСИ» КЎКРАК НИШОНИ
ТАВСИФИ
«Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони 1,0 микрон қалинликдаги олтин билан қопланган 925 пробали кумушдан тайёрланади ва диаметри 22 миллиметрни ташкил этадиган ҳалқадан иборат бўлади.
Нишоннинг марказида мустақиллик рамзи — кумуш тусдаги Ҳумо қуши тасвири акс эттирилади. Ҳумо қуши ортидаги рангли эмаль билан ишланган фон Ўзбекистоннинг гўзаллиги ва бойлигини ифодалайди.
Юқорида, Ҳумо қушининг тепасида Ўзбекистон Давлат гербининг рамзи — мусамман акс эттирилади. Унинг марказида диаметри 2,5 миллиметрли фианит кристали жойлаштирилади.
Ҳумо қушини дафна новдалари ўраб туради.
Белгининг остки қисмида, Ҳумо қушининг тагидаги оқ фонда «O'ZBEKISTON» ёзуви битилган Ўзбекистон Республикасининг байроғи акс эттирилади. Ҳарфларнинг баландлиги 0,8 миллиметр.
Нишоннинг орқа томони текис бўлиб, ўртасида бураб маҳкамланадиган мурвати бор.
Унинг пастки қисмида нишоннинг тартиб рақами 1,0 миллиметрли ҳарфлар билан битиб қўйилади.
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 8-сон, 195-модда; 2003 й., 8-сон, 111-модда; 2017 й., 37-сон, 982-модда)