Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
«ЎЗБЕКИСТОН БЕЛГИСИ» КЎКРАК НИШОНИНИ ТАЪСИС ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Миллий маънавиятимиз, маданий меросимиз ва умуминсоний қадриятлар заминида юксак ватанпарварлик туйғусини ва меҳнатсеварлик фазилатларини ўзида мужассамлаштирган, Ватанимиз обрўсини, шон-шуҳрати ва шарафини юксалтириш йўлида хизмат қилаётган, Ўзбекистонда келажаги буюк давлат барпо этишда ҳамда мамлакатимиз ички ва ташқи ҳаётида фаол иштирок этаётган фуқароларни рағбатлантириш мақсадида:
1. «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони таъсис этилсин.
2. «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони тўғрисидаги Низом тасдиқлансин (илова қилинади).
3. «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони тавсифи тасдиқлансин (илова қилинади).
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 22 июль,
ПФ-1822-сон
Олдинги таҳрирга қаранг.
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 22 июлдаги Фармони билан тасдиқланган
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 22 июлдаги Фармони билан тасдиқланган
«Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони тўғрисидаги
НИЗОМ
1. «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони билан миллий маънавият, маданий мерос ва умуминсоний қадриятлар негизида юксак ватанпарварлик, халқпарварлик, фидойилик туйғусини ва меҳнатсеварлик фазилатларини ўзида мужассамлаштирган, Ватанимиз обрўси, шон-шуҳрати ва шарафини юксалтиришга ҳамда унинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилаётган, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиб, намуна кўрсатаётган ёшлар тақдирланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишонига номзодлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг қуйи ташкилотлари ва жамоатчилик томонидан тақдим этилади.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 сентябрдаги ПФ-5191-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 37-сон, 982-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг қарори асосида берилади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 сентябрдаги ПФ-5191-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 37-сон, 982-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони билан тақдирлаш тартиби Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши томонидан белгиланади.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 сентябрдаги ПФ-5191-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 37-сон, 982-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони ҳамда унинг гувоҳномаси тақдирланганларга тантанали вазиятда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг раиси томонидан топширилади.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 сентябрдаги ПФ-5191-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 37-сон, 982-модда)
6. «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони такроран берилмайди.
7. «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони кўкракнинг чап томонига тақилади.
(1-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 4 августдаги ПФ-3290-сонли Фармонига асосан янги таҳрирда тасдиқланган — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2003 й., 8-сон, 111-модда)
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 22 июлдаги Фармони билан тасдиқланган
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 22 июлдаги Фармони билан тасдиқланган
«ЎЗБЕКИСТОН БЕЛГИСИ» КЎКРАК НИШОНИ
ТАВСИФИ
«Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони 1,0 микрон қалинликдаги олтин билан қопланган 925 пробали кумушдан тайёрланади ва диаметри 22 миллиметрни ташкил этадиган ҳалқадан иборат бўлади.
Нишоннинг марказида мустақиллик рамзи — кумуш тусдаги Ҳумо қуши тасвири акс эттирилади. Ҳумо қуши ортидаги рангли эмаль билан ишланган фон Ўзбекистоннинг гўзаллиги ва бойлигини ифодалайди.
Юқорида, Ҳумо қушининг тепасида Ўзбекистон Давлат гербининг рамзи — мусамман акс эттирилади. Унинг марказида диаметри 2,5 миллиметрли фианит кристали жойлаштирилади.
Ҳумо қушини дафна новдалари ўраб туради.
Белгининг остки қисмида, Ҳумо қушининг тагидаги оқ фонда «O'ZBEKISTON» ёзуви битилган Ўзбекистон Республикасининг байроғи акс эттирилади. Ҳарфларнинг баландлиги 0,8 миллиметр.
Нишоннинг орқа томони текис бўлиб, ўртасида бураб маҳкамланадиган мурвати бор.
Унинг пастки қисмида нишоннинг тартиб рақами 1,0 миллиметрли ҳарфлар билан битиб қўйилади.
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 8-сон, 195-модда; 2003 й., 8-сон, 111-модда; 2017 й., 37-сон, 982-модда)