Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ХОРИЖИЙ САРМОЯЛАР ИШТИРОКИДАГИ КОРХОНАЛАРГА БАНК ХИЗМАТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ОИД ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИР ТЎҒРИСИДА
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 апрелдаги ПФ-6218-сонли «Миллий қонунчилик базасини комплекс тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Хорижий сармоялар иштирокидаги корхоналар фаолияти учун қулай шарт-шароитларни яратиш, уларга банк хизматини яхшилаш, Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётига хорижий сармоялар жалб этилишини рағбатлантириш мақсадида:
1. Қуйидагилар белгилаб қўйилсин:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий сармоялар иштирокида барпо этилган корхоналар ўз хоҳишларига кўра бир ёки бир қанча банк муассасаларида сўм ва хорижий валютада талаб қилиб олинадиган депозит ҳисобварақларига эга бўлишга ҳақлидирлар.
«Хўжалик юритувчи субъектларга банк хизматини тартибга солиш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 1997 йил 19 майдаги Фармоннинг 1-банди хорижий сармоялар иштирокидаги корхоналарга нисбатан амал қилмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Марказий банки бир ҳафта муддатда амалдаги норматив ҳужжатларга ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритсин.
3. Мазкур Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ў.Т. Султонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 17 июль,
ПФ-1819-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 7-сон, 185-модда; 1999 й., 3-сон, 66-модда)