Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг «2013 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг бажарилиши давомида касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларини олган ихтисосликларига кўра ишга жойлаштириш ҳолати ва истиқболда бу ишнинг самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги ахбороти ҳақида
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 25-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг ташаббусига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг «2013 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг бажарилиши давомида касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларини олган ихтисосликларига кўра ишга жойлаштириш ҳолати ва истиқболда бу ишнинг самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги ахборотини эшитди.
Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, Ўзбекистонда касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича тизимли ва кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 2013 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини бажариш давомида жорий йил биринчи ярим йиллигининг ўзида 554,4 мингта иш ўрни яратилди, улардан 309,5 мингтаси ёки 55,8 фоизи — ёшлар учун, биринчи навбатда касб-ҳунар коллежларининг битирувчилари учун ташкил этилди.
Касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларини олган ихтисосликларига кўра ишга жойлаштириш самарадорлигини ошириш мақсадида 56 тадан ортиқ вазирлик, идора ва хўжалик бошқаруви органлари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда уларни ишга жойлаштириш бўйича масъуллар сифатида бириктирилди. Битирувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиётини ўташи ва кейинчалик ишга жойлашиши учун жорий йилда барча касб-ҳунар коллежлари 194 мингдан ортиқ корхона ва ташкилотга бириктириб қўйилди. Тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш учун 10 минг нафардан зиёд коллежлар битирувчиларига 50 млрд сўмдан ортиқ миқдорда имтиёзли кредитлар ажратилди.
Шу билан бирга, касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларини олган ихтисосликларига кўра ишга жойлаштиришни таъминлашда фойдаланилмаган захиралар мавжуд.
Айрим минтақаларда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан меҳнат бозорида талаб қилинаётган ихтисосликларни аниқлаш бўйича тегишли даражада иш олиб борилмаяпти. Масалан, битирувчиларни олган ихтисосликларига кўра ишга жойлаштириш даражаси айрим вилоятларда паст бўлиб қолмоқда. Чунончи, Сурхондарё вилоятида бу кўрсаткич 24,3 фоизни, Сирдарё вилоятида — 28,4 фоизни, Жиззах вилоятида — 34,2 фоизни ташкил этди.
Касб-ҳунар коллежлари томонидан тақдим этилаётган материаллар ва ҳисоботларда маълумотларни нохолис равишда акс эттириш, шунингдек коллежларнинг битирувчиларини ишга қабул қилиш тўғрисидаги уч томонлама шартномаларни расмиятчилик юзасидан тузиш ҳоллари мавжуд. Касб-ҳунар коллежларининг битирувчилари билан меҳнат шартномаларини иш берувчиларнинг ташаббусига кўра тугатиш тўғрисида маҳаллий меҳнат органларини хабардор қилиш механизми ишлаб чиқилмаган.
Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлашга доир чора-тадбирларни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг «2013 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг бажарилиши давомида касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларини олган ихтисосликларига кўра ишга жойлаштириш ҳолати ва истиқболда бу ишнинг самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларини олган ихтисосликларига кўра ишга жойлаштиришга тўсқинлик қилаётган сабабларни пухта таҳлил қилиш ҳамда 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури лойиҳасини ишлаб чиқишда буни ҳисобга олиш;
касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини олган ихтисосликларига кўра бандлигини таъминлаш борасида қолоқликка йўл қўяётган минтақаларга кўмак берган ҳолда 2013 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг амалга оширилиши устидан назоратни кучайтириш;
иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича кейинги йиллар учун қабул қилинадиган дастурларда корхоналар ва ташкилотларнинг тегишли коллежлар битирувчилари сонига боғлиқ ҳолда киритиладиган манзилли рўйхатларини аниқлаштириб, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш бўйича аниқ механизмлар ва миқдорий кўрсаткичларни акс эттириш;
касб-ҳунар коллежларининг ишга қабул қилинган битирувчилари билан меҳнат шартномаларини тугатиш тўғрисида корхоналар (иш берувчилар) томонидан маҳаллий меҳнат органларини хабардор қилиш механизмини ишлаб чиқиш;
ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиётини ўташи ва кейинчалик ишга жойлашиши самарадорлигини таъминлаш мақсадида корхона, таълим муассасаси ва ўқувчи ўртасида тузиладиган намунавий шартномани ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги:
Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг амалга оширилишини касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларини иш билан таъминлашда қолоқликка йўл қўйган минтақаларга кўмаклашган ҳолда ҳар ойда мониторинг ва таҳлил қилишни давом эттирсин;
иш билан таъминланмаган аҳолини, биринчи навбатда, касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларини ишга жойлаштириш, уларни касбга қайта тайёрлаш ва ижтимоий муҳофаза қилишга доир чора-тадбирларни амалга оширишга кўмаклашсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари жойларда тизимли асосда бўш иш ўринлари ярмаркаларини ўтказган ҳолда ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиётини ўташи ҳамда кейинчалик ишга жойлашиши бўйича корхоналар ва коллежлар ўртасида самарали ҳамда доимий амал қиладиган алоқаларни ташкил этиб, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг олган ихтисосликларига кўра ишга жойлашишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ушбу Қарор ижроси устидан назоратни таъминласин ҳамда 2013 йил якунларига кўра бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасини хабардор қилсин.
6. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д. ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2013 йил 25 сентябрь,
733-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2013 й., 9 (1450)-сон, 247-модда)